Қисқа сатрларда

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

Ахсикент – Марказий Осиё тарихи тамаддуни

Хусусий ажримлар низоларнинг олдини олади

Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев вилоятдаги сайловга тайёргарлик ишлари билан танишди

05 October, 2024, 06:28

Жамият

Чоркесарда саломатлик боғлари

  • 20.Июня.2024
  • 476

Ўтган йили Поп туманида доривор ўсимликлар плантациясининг навбатдаги туркумини ташкил этишга киришиш билан Наманган вилоятида тиббиёт туризмини ривожлантириш борасидаги йирик лойиҳага қўл урилди. Бунинг учун тоғлар этагидаги Чоркесар маҳалласи ҳудудидан 500 гектар майдон лойиҳа ташаббускори «Меҳригиё» масъулияти чекланган жамиятига ажратиб берилган. Қисқа вақт ичида ўзлаштирилган дастлабки 150 гектар ерга экилган шифобахш ўсимликлар ҳозирга келиб баравж ривожланмоқда.

«Меҳригиё»нинг халқ табобати, бир пайтнинг ўзида замонавий тиббиётда ҳам кенг қўлланиладиган дардга дармон гиёҳларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича ўттиз йилдан ортиқ тажрибаси бор. Шундан келиб чиқиб, Попдаги ерларга ўн бешдан ортиқ турда доривор  экинлар жойлаштирилди. Уларнинг ҳар бири инсон саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган унсурларга бой. Масалан, 100 гектарли плантацияда парваришланаётган лаванда гули таркибида 1,2-2,3 фоиз миқдорида эфир мойи бўлиб, у тинчлантирувчи, мигрен, асаб, юрак ва бошқа бир қатор хасталикларни даволашда кенг фойдаланиладиган тиббий препаратларни тайёрлашда қўлланилади. Гули жаҳон бозорида 8-9 минг долларга баҳоланадиган ўсимликнинг гектаридан 70-80 литргача мой олиш мумкин. Деҳқончиликка қулай жиҳати лаванда кўп сув ва парвариш талаб қилмайди. Бир марта экиб, ўттиз йилгача ҳосил олса бўлади. Попдаги далалардан ўрин олган чаканда, розмарин, эхинация, годжи, мушмула каби экинлар ҳам фармацевтика, шунингдек, парфюмерия саноати учун қимматли хом ашё вазифасини ўтайди.

– «Меҳригиё»нинг  «Гиёҳларни қадоқлаш, шоколад ишлаб чиқариш заводи ва тиббиёт туризми маскани ташкил этиш» бўйича мазкур  лойиҳаси ҳудуднинг янги имкониятларини ҳаракатга келтирди, – дейди Поп туман ҳокимининг инвестициялар ва савдо масалалари бўйича ўринбосари Умиджон Мирзаев. – Унинг қиймати 35 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, тиббий сайёҳлик хизматини йўлга қўйиш, табиий шифобахш ўсимликларни парваришлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш сингари истиқболли йўналишларни ўз ичига олган.Айни пайтда бу ерга экилган ўсимликларнинг кўпчилигидан ҳосил йиғиб олишга киришилган. Уларни яқин вақт ичида шу жойнинг ўзида саралаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш йўлга қўйилади. Бундан ташқари ҳудудда сайёҳлик иншоотлари барпо этиш ҳам бошланди. Энг аввало, 40 та меҳмон уйлари қурилиши ниҳоясига етказилади. Натижада бирйўла кўп сонли сайёҳларни қабул қилиш имконияти юзага келади. Умуман олганда, узоғи билан икки йил орасида лойиҳа тўла ижросини топиши билан туманимизнинг сайёҳлик салоҳияти тиббиёт туризми ҳисобига сезиларли даражада ортади.  

Эзгу иш ташаббускорларининг таъкидлашига қараганда, катта кўламдаги лойиҳа тўрт босқичда амалга оширилиб, бунда даставвал ерларни ўзлаштириш ва экинлар парваришини йўлга қўйиш орқали ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашё базасини яратиш кўзда тутилган. Ўтган қисқа вақт ичида айни йўналишда 7 миллион АҚШ долларига тенг ҳажмдаги ишлар рўёбга чиқарилди. Кейинги босқич учун мўлжалланган йилига 1300 тонна шоколад тайёрлаш цехини бунёд этиш юмушлари ҳам бошлаб юборилди. Бир пайтнинг ўзида йилига 300 тонна шифобахш чойни қадоқлай оладиган қувватлар ҳам тез орада яратилади. Сўнгги босқичда эса кунлик 1000 нафар сайёҳлик сиғимига эга марказ қуриб ишга туширилади. Буларнинг барчаси пировардида Чоркесарда яхлит бир туристик мажмуа шакллантириши билан лойиҳанинг қимматини яққол намоён қилади.

Яна бир эътиборли жиҳати, МЧЖда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг барчаси экологик софлик талабларига тўла жавоб бериб, йилига 12 миллион АҚШ доллари миқдорида Саудия Арабистони, БАА, АҚШ, Германия, Хитой, Жанубий Корея ва бошқа бир қатор давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

Шу ўринда Чоркесарда яратилаётган доривор ўсимлик плантациялари ҳудуд манзарасини ўзгартириб, бепоён яшил майдонларга айлантираётганини таъкидлаш ўринлидир. Айниқса, ранг-баранг тусдаги лавандазорлар кўрган кишининг кўзини яшнатади. Ўтган ҳафта  вилоятда ўтказилаётган 63-халқаро гуллар фестивали доирасида тоғ этаклари бағрида лаванда сайли ҳам ташкил этилди. Мингдан зиёд гўзаллик ошуфталари ташриф буюрган тадбир куни бу жой чинакам селфи майдонига айланди, махсус ҳозирланган муваққат саҳнада куй-қўшиқ, дилрабо рақсларга тўла бадиий дастур кўнгилларга ўзига ҳос шукуҳ бағишлади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь