Қисқа сатрларда

Ҳамюртимиз «Тарих эътирофи» миллий мукофоти соҳиби бўлди

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

23 December, 2024, 02:27

Жамият

Дарахт кесишни эмас, экишни ўйланг!

  • 05.Февраля.2022
  • 1102

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрда қабул қилинган  «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш ҳақида  2022 йил 15 январда вилоят ҳокимининг  30-6-0-Q/22-сонли қарори қабул қилинди. Мухбиримиз мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти, ижроси доирасида белгиланган чора-тадбирлар хусусида вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қобилжон МИРАҲМЕДОВ билан суҳбатлашди. 

– Дарахт, буталар ва яшил ҳудудларни муҳофаза қилиш, уларнинг майдонларини кенгайтириш, ушбу соҳада масъул ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасидаги давлат бошқарув тизимини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган ушбу фармонда бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Масалан, илмий ёндашувлар асосида ҳар бир ҳудуд тупроқ-иқлим ва бошқа хусусиятларини инобатга олган ҳолда  дарахтлар навини танлаш, бошқа юртлардан келтирилган манзарали дарахтларни маҳаллийлаштириш, ҳудудларда яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини ташкил этиш шулар жумласидандир. 

– Ҳисобот учунгина фалон туп  кўчат экиб, кейин ниҳолларни қаровсиз ташлаб қўйиш ҳолатлари ҳам учраб турибди... 

– Бундай  ачинарли ҳолларга чек қўйиш вақти келди. Фармонда айнан  дарахтларни суғориш тизими самарадорлигини таъминлаш ва дарахтларни шикастлантирганлиги,  нобуд қилганлиги учун жавобгарликни кучайтириш чора-тадбирлари қатъий белгиланди. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди. Мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарима миқдори беш бараварга, дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ва шикастлантириш билан ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун жарима икки бараварга оширилди. Бунда жарималар  кесилган ёки шикастлантирилган дарахтнинг нави, ёши ва танасининг диаметридан келиб чиқиб белгиланади.

– Мораторий талабларини бузганларга жарималаргина қўлланади холос, десак ўринлими?

– Йўқ! Мисол учун, мораторий талабларини бузган қурилиш-пудрат ташкилотларининг «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги даражаси бир поғона пасайтирилади ва бир йил мобайнида ушбу рейтинг баҳосини  кўтариш имконидан маҳрум бўлади. Шунингдек, рейтинг баҳосини бир поғонага пасайтириш имкони бўлмаган қурилиш-пудрат ташкилотлари бир йил муддатга қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингидан тўлиқ чиқариб ташланади.
Янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 25 фоизидан кам бўлишига йўл қўйилмайди. Эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ва эскирган бино ва иншоотларни реновация қилиш (мукаммал таъмирлаб, янгилаш) бундан мустасно.

– Масъул идоранинг расмий топшириғи бўйича дарахтларни кесиш мумкинми?

– Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларини кесиш ёки йўқ қилишни назарда тутувчи кўрсатмаларни ўз ичига олган ҳукумат фармойишлари, баённомалар, ёзма топшириқлар, идоравий ҳужжатлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг кўрсатмалари ва қарорларини қабул қилиш қатъиян тақиқланади. Шуниям алоҳида айтиб ўтиш жоизки, мораторий ҳамма дарахтларга ҳам тегишли эмас, балки давлат ўрмон фондидан ташқаридаги қимматбаҳо навли дарахт ва буталарга тегишли. Яъни, ўрмон фондидаги дарахт ва буталар бор, ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталар бор. Мораторий шуларнинг иккинчисига – ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарга оид.
Давлат ўрмон фонди – давлат ўрмон хўжалиги органлари тасарруфидаги, бошқа идоралар ва юридик шахслар фойдаланишидаги ўрмонлардан иборатдир. Булар қаторига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардаги экинзорларнинг ихота дарахтзорлари, темирйўлларнинг, автомобиль йўлларининг, табиий ва сунъий сув ҳавзаларининг ҳамда бошқа сув объектларининг ажратилган минтақаларидаги ихота дарахтзорлар киритилган. Шунингдек, шаҳарлардаги ҳамда бошқа аҳоли масканларидаги дарахтзор ва бутазорлар, кўкаламзорлаштириш учун экилган ўсимликлар ҳамда томорқалардаги, боғ участкаларидаги дарахтзор ва бутазорлар ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар,  буталардир. Лекин мораторий шуларга тегишли экан-да, деб хулоса чиқаришга шошилмаслик керак.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг рўйхати»га    жами 78 турдаги дарахтлар ва буталар киритилган. Шулардан 22 турдагиси  қимматбаҳо ёғочбоп навли дарахтлар, 42 хил турдагиси  қимматбаҳо манзарали дарахтлар ва  2 хили «Қизил китоб»га киритилган қимматбаҳо навли дарахтлар ҳамда 12 турдагиси  қимматбаҳо навли буталардир. 

– Қимматбаҳо дарахтларни асраб-авайлашда жамоатчилик назоратининг аҳамияти беқиёс эмасми?

– Албатта, бу жудаям муҳим омил. Аҳоли томонидан Ички ишлар вазирлиги ва Давлат экология қўмитасининг махсус ахборот тизимига юборилган, дарахтларни, ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, шикастлантириш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар акс этган фотосурат ҳамда видеоёзувларни юборган шахслар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Бунда ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан сўнг келиб тушган хабарлар бўйича рағбатлантириш амалга оширилмайди. Ҳуқуқбузарлик бўйича биринчи хабар берган шахсларгина рағбатлантирилади. Хабарларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди. Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги хабарлар «102» тезкор қисқа рақами ёки «Эконазорат» ахборот тизими орқали қабул қилинади.

– Вилоятимизда кўкаламзорлаштириш борасида амалга оширилган ишлар ва истиқболли лойиҳалар ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

– Юқоридаги фармон асосида 2022-2024 йилларда вилоятимиз бўйича 84,1 гектарда яшил боғлар ва  63,2 гектарда эса яшил жамоат парклари ташкил этилади. Маълумот учун  айтиш зарурки, вилоятимизда ёши 100 ва ундан ошган дарахтлар жами 58 туп бўлиб, шундан  54 туп чинор ва 4 туп тут дарахтини ташкил қилади. 2021 йил куз мавсумида янги экилган манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ва қаламчаларнинг иқлимга мослиги, уларга агротехник ишлов берилиши, суғориш тизимлари, касаллик ва зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш чора-тадбирларини бажарилишини мониторинг қилиб ўрганилганда, 6 млн. 927 минг 600 туп мевали,  манзарали ҳамда бута кўчати экилганлиги маълум бўлди. Шундан 5 996 900 туп дарахт ва бута кўчатини тури, сони, майдони, суғориш тизими, кўчатларнинг жойлашуви (геолокацияси) тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилиб, электрон базага киритилди.
2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумида жами 15 млн. 397 мингта мевали ҳамда манзарали кўчат экилиши режалаштирилган бўлиб, шундан ўтган куз мавсумида 6 млн. 927 минг туп 27 турдаги кўчат ва қаламча экилди.

– Экилган кўчатларни, дарахтларни назорат қилиш қай тартибда йўлга қўйилди?

– Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ички ишлар ҳамда миллий гвардия ходимлари билан биргаликда мунтазам равишда рейдлар ўтказилади.
2022 йил 1 мартдан бошлаб ҳар бир ҳудудда дарахтларни ҳисобини юритиш ва масъул шахсларга бириктириш бўйича дарахтлар реестри тизими жорий этилади. Шу билан бирга дарахт ва буталарни касаллик ва зараркунандалар билан зарарланишига қарши курашиш ишларига маҳаллий бюджет ҳисобидан 2 (икки) фоиз миқдорида  маблағ ажратилади. Куз ва баҳор ойларида кўчат экиш ва сақлаш ишларини кучайтириш мақсадида «Яшил ҳафталик» кунлари ўтказилади.
Дарахт ва буталарни атроф-муҳит, соғлиқ ва ҳатто иқтисодиёт учун аҳамиятини ҳисобга олиб, хулоса тарзида айтиш мумкинки, ўсимлик дунёсини асраб-авайлаб, парваришлашга барчамиз масъулмиз. Биз табиат ресурсларидан оқилона фойдаланмасак, уларни нобуд қилсак, экологик хавфсизликни етарли даражада таъминламасак, табиат биздан касалликларнинг кўпайиши ҳамда табиий офатлар билан ўч олишини унутмайлик. 

– Мазмунли  суҳбатингиз учун ташаккур.

Муҳиддин МАҒЗУМОВ суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь