ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 36738
01 April, 2025, 07:56
Кейинги йилларда мамлакатимизда энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишга, иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун зарур бўлган энергиянинг ҳосил қилиниши ва сарфланишини барқарорлаштиришга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини аккредитация қилишни соддалаштиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бироқ, энергия ресурслари истеъмолчилари томонидан тўлов интизоми даражасининг пастлиги иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчиларнинг молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу муносабат билан иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар томонидан истеъмолчиларга энергия ресурслари барқарор етказиб берилишини ҳамда сифатли хизматлар кўрсатилишини таъминлаш учун етказиб берилган энергия учун тўлов бўйича қарзларни ўз вақтида ундириш зарурияти юзага келмоқда.
Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида чет эл тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини аккредитация қилганлик учун давлат божи тўланиши назарда тутилмоқда. Шу билан бирга аккредитациянинг қайси даври учун давлат божи тўланиши аниқлаштирилмоқда.
Ушбу Қонун билан «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига тегишинча иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш юзасидан хизматлар учун тўловлар бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан фуқаролик ишлари бўйича ва иқтисодий судларга мурожаат қилинганда иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар давлат божини тўлашдан озод этилишини, шунингдек уларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда мазкур давлат божини ушбу етказиб берувчилардан ундириш имкониятини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Чет эл тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитация қилишда давлат божини тўлаш ҳар бир йил учун амалга оширилишини аниқлаштирувчи ўзгартириш киритилди.
Мазкур Қонун истеъмолчилар томонидан қарзларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлашга, аҳолининг сифатли иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш бўйича хизматлар билан таъминланганлик даражасини оширишга, шунингдек чет эл тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитация қилганлик учун давлат божи тўлаш тартибини аниқлаштиришга хизмат қилади.
Мазкур қонунга қуйидаги ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, Қонуннинг 8-моддасига иссиқлик ва электр энергиясини етказиб берувчилар — тегишинча иссиқлик ва электр энергиясини етказиб бериш юзасидан хизматлар учун тўловлар бўйича қарзларни ундириш тўғрисидаги даъволар, аризалар ва шикоятлар билан судга мурожаат қилганда фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинишини белгиланди.
Шунингдек, мазкур тартиб иқтисодий судларга тадбиқ этилиб, Қонуннинг 9-моддаси 29-банд билан тўлдирилди.
Ф. МАДРАҲИМОВ,
Наманган туманлараро маъмурий суди раиси.
Р. ҲОШИМХОЖАЕВ,
Наманган туманлараро маъмурий суди судьяси.
Copyright © 2025 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти