Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

22 December, 2024, 01:32

Жамият

«ДОК-1 МАКС» сиропи: Наманганда айни вазият қандай?

  • 04.Января.2023
  • 513

Сўнгги вақтларда мамлакатимизда ўткир респиратор касалликларга чалинган болаларда «Док-1 Макс» дори воситасини ичиш оқибатида ўлим ҳолатлари кузатилганлиги кенг жамоатчиликни жиддий хавотирга солмоқда. Ҳиндистоннинг «Marion Biotech Pvt. Ltd» компаниясига тегишли мазкур дори воситаcи республикамизга «Quramax Medical» МЧЖ томонидан импорт қилиниб, савдога чиқарилган. 2022 йилнинг 30 декабридан бошлаб ҳинд компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган барча турдаги дори воситалари савдоси вақтинча тўхтатилди.

Хўш, вилоятимизда мазкур дори воситаларини истеъмол қилган беморларда бирор ножўя таъсири, оғир асоратлари кузатилмадими? Шу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулходи ИМИНОВ мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Юртимизда охирги ўн кунликда юз берган нохуш вазиятга «Док-1 Макс» препаратини уй шароитида ота-оналар томонидан болаларга шифокор рецептисиз, дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилгани сабаб бўлди. Хайриятки, бугунги кунга қадар вилоятимизда ушбу сиропдан фойдаланиш оқибатида беморларда оғир ҳолатлар қайд этилмади. Бунинг олдини олиш мақсадида вилоятдаги барча тиббиёт муассасалари томонидан тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Куни кеча бўлиб ўтган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳайъат мажлисида ҳам бу муҳим масала атрофлича муҳокама қилинди.

Биринчи навбатда, республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида болалар реаниматологи, токсиколог ва нефролог врач-мутахассислардан иборат тезкор штаб гуруҳи тузилиб, шай ҳолга келтирилди. Мазкур шифо масканида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган дори воситаларидан шикоят қилиб, мурожаат этган фуқароларга зарурий тиббий ёрдам ва тавсиялар берилмоқда.

Вилоят, шаҳар ва туман тиббиёт муассасалари, яъни республика ихтисослаштирилган марказлари филиалларидан тортиб қишлоқ ҳудудларидаги оилавий шифокорлик поликлиникаларида аҳолининг хабардорлик даражасини ва ҳушёрлигини ошириш мақсадида «Шифокор тавсиясисиз дори истеъмол қилманг!», «Шифокор рецептисиз дори харид қилманг!» каби мазмундаги тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги вилоят бўлими, вилоят монополияга қарши курашиш бошқармаси мутахассислари томонидан вилоят ҳудудида жойлашган дорихоналарда савдоси тақиқланган Ҳиндистоннинг «Marion Biotech Pvt. Ltd» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва юртимизда рўйхатдан ўтказилган барча турдаги дори воситаларининг харидига чек қўйиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Наманган шаҳрининг қоқ марказида, Навоий ва Нодира кўчаларига туташ – «Ўзстандарт» биноси устида «Marion Biotech» компаниясига тегишли, савдоси тақиқланган «Цинепар» дориларининг реклама баннери олиб ташланди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ ёзиб олди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь