ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35116
23 December, 2024, 03:13
– Детектив ва саргузашт асарларингиз орқали ўқувчиларга яхши танишсиз. Бошловчи ёзувчи сифатида болалар учун қисса ва ҳикоялар ҳам ёзгансиз. Назаримда, янги асарингиз тарихий мавзуда...
– Йўқ, буни тарихий асар деб бўлмайди. Бу ўзбек халқининг Камчиқ йўлини қуришдаги жасорати, ёшларимизнинг фидойилиги ҳақида ҳикоя қиладиган роман. Унда бадиий ва тўқима образлар мавжуд.
– Шундай бўлса-да асарни ўқиган китобхон кўплаб тарихий маълумотларга, тарихий шахсларнинг номига дуч келади. Келинг, Камчиқ довони ҳақида икки оғиз гаплашсак.
– Айтишларича, милоддан аввалги 104 йилда Хитой қўшинлари Даван давлатининг пойтахтини қамал қилганда Тошкентдан Қанғли қўшинлари довон орқали водийга ёрдамга келиб, душманни маҳв этишган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Тошкент ва Шоҳруҳияга шу йўл орқали қатнаган. Бобур мирзо Кандирлик сойи ёқалаб ўтган ва Камчиқ довони билан туташган Ғова, Чуст, Санг орқали Ахсига етиб борган.
– Буюк Ипак йўлининг олтин йўли йўналиши Кандир ва Сардоб довонлари орқали ўтган. Арчакент йўли Косонсойдан Чотқол тоғлари оралаб, тоғ ичидан Ғованинг орқа томонидан ўтиб, Камчиқ довонига туташган. Буни Косонсойни Тошкент билан боғловчи йўл ҳам дейишади.
– Ҳа, ҳозирги Патир бекатидан то Ангренгача бўлган масофа Камчиқ довони ҳисобланади. Қўқон хони ўз аскарлари билан қурол яроғларини отда судраб, Қизилча довонидан сой бўйлаб ўтган. Сой ҳозирги От номи билан машҳур бўлган довон этагигача оқиб келган ва Резаксойга қўшилиб кетган. Сел келганда йўлни сув босган. Йўловчилар тепаликларга тирмашиб жон сақлашган. Кўплаб савдогарларнинг буюмлари, пахта ортган аравалар селда оқиб кетган. У пайтлар қор қалин ёққан. Араванинг ғилдираклари тошдан тошга урилиб, баъзида синган. Қанчадан-қанча отлар харсанглар остида нобуд бўлган. Мен асарда бу воқеаларни кекса отахоннинг тилидан ҳикоя қилишга ҳаракат қилдим.
– Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги биринчи қотиби Нуриддин Муҳиддинов Камчиқ довонига илк бор тамал тошини қўйган дейишади. Бу қанчалик ҳақиқат?
– Ҳа, Нуриддин Акрамович водий билан пойтахтни бир-бирига боғлайдиган йўл очишга қарор қилган. 1948 йилнинг эрта баҳорида у мутахассислар ҳамроҳлигида Камчиқ тепаликларини кўздан кечиради. Йўл ўтадиган жойга қозиқ қоқади. Москвага, Сталинга қурилиш учун маблағ сўраб, кетма-кет хат юборади. Бироқ мактубларнинг ҳеч бирига жавоб бўлмайди. 1952 йилнинг 4 июнида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Аминжон Ниёзов Попга келади, халқ билан учрашади. Эл довон йўлини қуришга фотиҳа беради. Техника етишмасди. Бульдозерлар юқорига чиқолмасди. Халқ чўкич, ломлар билан тошларни майдалаб, йўлни кенгайтира бошлайди. Одамлар кўрпа-тўшакларини олиб келиб, тошлар устига чодир тикиб яшашади. Иссиқда, совуқда, ёмғир ва қор ёққанда ҳам ишни ташлаб кетишмайди. Андижон, Фарғона, Тошкентдан ҳам одамлар келишади. 1954 йилнинг 4 июлида санглик Маъмуржон исмли одам ўзининг «Полуторка» машинасида биринчи бор довон йўлидан ўтади. Ўша куни халқ Қизилча довонига кўчиб чиққан.
– Тошкентга Камчиқ довони орқали қатнаган кексалардан йўлнинг эни тўрт метрлигини, машиналар ёнма-ён ўтолмаслигини, йўл четлари ҳимояланмаганлигини, ҳар юз, икки юз метрда салобатли қоялар борлигини эшитганмиз. Қор, тупроқ кўчкилари ҳар дақиқада хавф солиб туришини, ёмғир ёқса, сел келса, юқоридан тошларни оқизиб тушишини, натижада йўл тўсилиб қолишини айтишарди. Наҳотки, олтмишинчи йиллардан кейин йўлни кенгайтиришга аҳамият берилмаган?
– Шароф Рашидов ўз халқи ва Ватанига фидойи фарзанд эди. Бутун умри давомида Ўзбекистон истиқлоли учун хизматда бўлди. Юрт манфаатларини ҳимоя қилди. Халқимизнинг эртаси ва келажагини кўпроқ ўйлади. Миллионлаб гектар қўриқ ерларда боғ-роғлар яратди. Суғориш каналлари, минглаб чақирим йўллар, юзлаб завод ва фабрикаларни қурдирди. Шароф ака Тошкент - Ўш йўлини кенгайтиришга жон куйдиргани ҳақиқат. Ҳатто бу масалани марказкомнинг биринчи котиби олдига қўя олган. Бироқ буларнинг бари маблағга келиб тақалган. Маблағни эса Москва ажратарди. Афсуски, москвалик раҳбарлар бунга тиш-тирноқлари билан қарши туришган.
– Демак, мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин довон йўлини кенгайтиришга эътибор қаратган экан-да.
– Мамлакатимиз мустақилликни эълон қилгач, иқтисодий бўҳронлар исканжасида қолдик. Техникалар эскириб, ишдан чиққанди. Тожикистонда фуқаролик уруши бошланди. Водий билан Тошкентни боғловчи темир ва автомобил йўли ёпилди. Камчиқ – Андижон йўлини кенгайтириш мақсадида ҳукуматнинг махсус қарори чиқди. Янги лойиҳа ишлаб чиқилди. Қурилиш участкалари ташкил топди. Наманган, Андижон ва Фарғона йўлсозлари қурилишда қатнашадиган бўлишди. Довоннинг бошланишидан то Ангренгача бўлган жойлардаги тоғларни кесишга, жарлик ва ўраларни текислашга, хавфли бурилишларни олиб ташлашга тўғри келди. Бу хайрли иш бошида Биринчи Президент Ислом Каримов турди.
– «Довон»нинг ёзилишига нима сабаб бўлди?
– Йўлнинг қадимги ҳолатини китобларда ўқиганман, тоғликлардан эшитганим бор. 1970 йилларда довондан илк бор ўтганман. «Пионерский йўл», деб аталадиган жой довоннинг тор ва хавфли жойи эди. Қучоғингга сиғмайдиган харсанглар тепангда осилиб турарди. Кўплаб автоавариялар шу ерда содир бўларди. Йўл четига тўсиқлар ўрнатилмагани боис машиналар жарга қулаб тушган ҳолатлар кўп бўлган. Ҳозир шу йўлдан ўтганимда болаликда кўрганларим ёдимга тушади, юрагим орқага тортиб кетади. Йўл қурилишида бутун мамлакатимиз одамлари қатнашди. Айниқса, юрагида ўти, қалбида қўри, билагида кучи бор ёшлар у ерда ишлашга ташаббус билан чиқишди. Улар курак билан қор курашди, лом билан муз кўчиришди, катта тошларни кўтариб йўлни очишди. Барча ишларни қўл кучи билан бажаришди. Йигитларимиз шилинган, тилинган қўлларидан олов чиқиб, совуқда қотиб, ёмғирда кийимлари шалаббо бўлса-да, саратон иссиғида асфальт ётқизишса-да, ишдан безиб кетишмади. Довонда бўлганимда, йўлсозлар билан учрашганимда, ёшларимизнинг Ватан ва тараққиёти йўлида амалга ошираётган жаҳоншумул ишларига гувоҳ бўлиб, шундай юртни ва элнинг фарзанди эканлигимдан фахрланиб, ғурурланиб кетганман. Халқимизнинг бирлиги, нималарга қодир эканлигини ҳис этиб, йўл ҳақида асар ёзишни ўзим учун шараф деб билганман.
– 2015 йилдан кейин довонга янги техникалар келтирилди, йўлсозларнинг яшаш шароитлари яхшиланди, иш ҳақлари кўтарилди.
– 2015 йилга келиб давлатимиз иқтисодий ривожланиш чўққисига кўтарила бошлади. Ўша пайтларда Вазирлар Маҳкамаси раиси Ш. Мирзиёев Камчиқ довонига тез-тез келиб, бу ерда амалга оширилаётган ишларни кўриб, ўзининг маслаҳатларини бериб турди. Бош вазир йўлни босқичма-босқич фойдаланишга топшириш билан бирга оғир технологик ва иқлим шароитида юкларни ташиш жараёнини ташкил этиш усулларини ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этди. Унинг ташаббуси билан ишчиларнинг иш ҳақи кўтарилди, ётоқхона, ошхона, дам олиш хоналари қурилди. Ўша пайтгача довонда атиги биттагина «Тез тиббий ёрдам» кўрсатиш маскани бўларди. Бош вазир ташаббуси билан ҳар йигирма чақиримга биттадан «Тез тиббий ёрдам» кўрсатиш масканлари қурилди ва замонавий автомашиналар билан таъминланди. «МАЗ» - «КРАЗ» ва «Магирус» сингари техникалар сотиб олинди.
– Романда Камчиқ ва Резак туннелларининг қурилиши ҳақида ҳам маълумотлар бергансиз...
– 1997 йилда Президентнинг фақат йўлни кенгайтириш, балки узунлиги 1160 метр бўлган Камчиқ ва узунлиги 480 метр бўлган Резак тунелларини қуриш тўғрисида махсус қарори чиқди. Бу ишда 4500 дан ортиқ ишчи ёшлар иштирок этишди. Қозоғистон ва қирғизистонлик мутахассис-қурувчилар ёрдамга келишди. Аслида бир неча чақиримли тоғ ичини тешиб ўтиш осон иш эмасди. Аммо ҳар қандай қийинчиликлар, машаққатлар бу ишга аҳд қилган ишчиларнинг иродасини бука олмасди. Уларнинг бари серғайрат йигитлар эди. Мен туннел қурилишини кузатганман. У ерда иш кеча-ю кундуз давом этарди. Бошларига ранг-баранг каска кийган монтажчиларнинг қўли-қўлига тегмасди. Улар улкан кран ёрдамида темир бетон конструкцияларини ўрнатиш билан банд бўлишарди. Баъзилар эса туннелнинг ён томонига цемент ётқизишар, яна бошқалар электр пайвандлагич ёрдамида кўзни олгудек учқунлар сачратиб, арматураларни пайвандлашарди. Олдинги сафдагилар улкан механизмлар ёрдамида тоғни тешишарди. Бульдозерлар сочилиб ётган тошларни тўплар, эксковаторлар эса уларни ковушларига солиб, навбатма-навбат келаётган машиналарга ортарди. Ишчилардан бирининг «Дунёни яхшилар ҳамда уларнинг Ватан, халқ олдидаги ҳалол меҳнатлари обод қилади», – деб айтган сўзи ҳозир ҳам қулоқларим остида.
– Фурсатдан фойдаланиб, мухлисларингизга айтадиган сўзингиз...
– Халқимиз Камчиқ довонида Машриқ билан Мағрибни ўзаро боғлаб келган қадимий, аммо қайта ёшараётган «Ҳаёт йўли»ни барпо этди. Бу йўл халқимизнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиб, йўловчиларнинг кўзини яйратиб, қалбларига қувонч улашмоқда. Халқ қаҳрамонларининг ҳаётига ўз асаримда акс эттириб, ўқувчиларимга етказиб бера олган бўлсам, ўз олдимга қўйган мақсадимга эришдим, деб ҳисоблайман...
«ДОВОН» романини ёзиш жараёнида Тошкент – Ўш йўлини бунёд этишда жонбозлик ва фидокорлик кўрсатган Н. Муҳиддинов. А. Ниёзов, Ш. Рашидов, И. Каримов, Ш. Мирзиёев сингари элимизнинг атоқли ва ардоқли фарзандларининг бу борадаги ишларини бугунги ва келгуси авлодларимиз онгу шуурига етказишга, улардаги ватанпарварлик, инсонпарварлик, меҳнатсеварлик фазилатларини рўй-рост очиб беришга ҳаракат қилдим. Китобни ўқиган ҳар бир ўқувчи она Ватан равнақи ва ободлиги йўлида фидойилик билан меҳнат қиладиган халқ эканимизга яна бир карра амин бўлади.
– Ушбу асар китобхонларнинг кўнгил мулкига айланади. Ишларингизга ривож, ижодий муваффақиятлар ёр бўлсин.
– Раҳмат.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА суҳбатлашди.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти