ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35111
22 December, 2024, 01:57
Водий вилоятларини пойтахтимиз Тошкент билан боғловчи катта магистрал йўл – Камчиқ довонининг асосий қисми Наманган ҳудудида жойлашган бўлиб, умумий узунлиги 100 километрни ташкил этади.
Кунига ўртача 30 мингдан ошиқ транспорт воситаси ҳаракатланадиган довонда доимий қатновни таъминлаш, кучли қор ва совуқ вақтларида эълон қилинадиган вақтинчалик чекловларда тоғли ҳудудларда яшовчи аҳоли ҳамда йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида вилоят ҳокими – фуқаро муҳофазаси раҳбари Шавкат Абдураззоқов бошчилигида махсус штаб қизғин ишламоқда.
Вилоят ҳокимлиги, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, «Ҳудудий электр тармоқлари» акционерлик жамияти Наманган ҳудудий филиали ҳамкорлигида уюштирилган пресс-турда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар довонда амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизнинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида Камчиқда 2022 йил ноябрь ойидан бошлаб, фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш бўйича юқори тайёргарлик асосида ишга киришилган. Жумладан, юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш ҳамда кўнгилсиз ҳодисалар рўй берганда уларни бартараф этиш бўйича довондаги 26 та ижтимоий объектда барча шароитлар яратилиб, 15 тасида механизациялашган назорат гуруҳлари тузилган. Уларда, йўловчиларнинг хавфсиз ва узлуксиз ҳаракатини таъминлаш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги «Камчиқ» махсус-қидирув ёнғин-қутқарув бошқармаси, вилоят фавқулодда вазиятлар ва ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ҳамда «Камчиқавтойўл» ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси масъул ходимларидан иборат тезкор навбатчилик (навбатчи-диспетчер) йўлга қўйилган.
– Аҳолини қабул қилиш пунктида кутиш палаткалари, она ва болалар, исиниш, тиббиёт ва овқатланиш хоналари мавжуд, йўловчи ва ҳайдовчилар учун озиқ-овқат захиралари ҳам ғамланган, – дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Қосимали Аҳмедов. – Поп туманидаги асосий назорат гуруҳи довоннинг 254 километрида жойлашган «Собир ота» чойхонасида ташкил этилган. Шунингдек, Камчиқнинг 262 километрида иккита исиниш пункти, тиббиёт, бириктирилган психологнинг руҳий кўмак ҳамда она-бола хоналари фаолияти йўлга қўйилиб, керакли жиҳоз ва етарли миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган.
Эътиборлиси, барча иситиш пунктлари ҳамда умумий овқатланиш шохобчаларида етарлича иссиқ жой, озиқ-овқат маҳсулотлари, кўмир ва ўтин захиралари яратилган. Қолаверса, довон бўйлаб йўл бўйларида «Камчиқавтойўл» ИЙФУК томонидан йўловчиларни тўхтаб, иссиқ чой ва кофе ичишлари, енгил тамадди қилиши учун овқатланиш шохобчалари ҳам йўлга қўйилган. Истиш пунктларида кунига 1300 кишига сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.
– Шу йилнинг 3 январидан 4 январига ўтар кечаси довонда кузатилган фавқулодда ҳолат сабабли йўлни беркитишга тўғри келди, – дейди ФВВ ҳузуридаги «Камчиқ» МҚЁҚ бошқармаси бошлиғи, полковник Ҳасан Бобонов. – Ушбу вазиятда тегишли хизматлар томонидан зарур чоралар кўрилиб, йўлларда қолган 1200 кишига амалий ёрдам берилди. 400 нафар йўловчи темирйўллар орқали поездга кузатилди. Бунда Наманган вилояти махсус штаби фаолияти тизимли ташкиллангани ўз самарасини берганлигини қайд этиш жоиз.
Таъкидлаш жоизки, Камчиқ довонида ҳаракатланиш барқарорлигида ва давомийлигини таъминлашда иккита асосий туннелда электр энергиясининг узвийлиги муҳим аҳамият касб этади. Журналистлар бу борада олиб борилаётган амалий ишларни «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Наманган ҳудудий филиали тасарруфидаги «Резак» нимстанцияси фаолияти мисолида яқиндан танишди.
– Бундан 23 йил аввал барпо қилинган, денгиз сатҳидан 2153 метр баландликда жойлашган 35/6 кВ.ли нимстанция асосан довондаги иккита туннелга бир маромда электр энергиясини етказиб беради, – дейди Поп тумани электр таъминоти корхонасининг Камчиқ бўлими раҳбари Зикруллоҳ Ҳабибуллаев. – Бундан ташқари, фавқулодда вазиятлар, мудофаа, чегара қўшинлари, гидрометерология ва «Камчиқавтойўл» корхонасига хизмат кўрсатамиз. Мазкур нимстанцияда иккита трансформатор бўлиб, умумий қуввати 6500 кв.А.га тенг. Ноқулай об-ҳаво ҳарорати, тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган аварияли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, нимстанцияда доимий назорат қилувчи уч нафар ишчи бириктирилган. Уларга ўз иш фаолия-тини тўлақонли олиб боришлари учун барча зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинган.
Довонга туташ жойларда истиқомат қилаётган қатор аҳоли яшаш пунктларини энергия манбалари билан узлуксиз таъминлаш вилоят махсус штабининг доимий эътибор марказида бўлиб келади.
Жумладан, Қўшминор маҳалласида 189 нафар суюлтирилган газ истеъмолчиси бўлиб, улардаги маиший газ баллонлар сони 380 та, шундан 214 таси «Поп газ» туман газ таъминоти бўлими томонидан вақтинча фойдаланиб туриш учун шартнома асосида берилган. Маиший газ баллон билан таъминланганлик даражаси 201 фоизни ташкил қилади. Биргина, ўтган дам олиш куни тоғли ҳудуддаги 250 та хонадонга 2,4 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.
– Довонда яшашнинг ўзига яраша машаққати, шу билан бирга, эстетик завқи ҳам бор. Хонадонимизда аёлим, ўғлим ва келиним, тўрт киши истиқомат қиламиз, – дейди Рустамали Эгамбердиев. – Шукрким, чорвачиликнинг орқасидан рўзғоримиз бут. Суюқ газ таъминотида муаммолар йўқ. Чунки, бизнинг уйга 35 кунда «газ»чилар келиб, суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб туришади. Вилоят штаби аъзолари, туман ҳокимлиги мутасаддилари ҳам ҳолимиздан хабар олишяпти.
Эслатиб ўтамиз, Камчиқ довонида вилоят махсус штаби ҳамда механизациялашган назорат гуруҳлари фаолияти қиш тугагунига қадар давом этади.
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
«Наманган ҳақиқати» мухбири.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти