ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34908
04 December, 2024, 09:25
Матбуотчилар, умуман оммавий ахборот воситалари вакилларида “Бугуннинг гапи” рукни остида тез-тез чиқишлар қилиш одатга айланган. Аммо короновирус ҳақида ёзганингда бугуннинг гапи эмас, бугуннинг ташвиши, кечиктириб бўлмас иши, амал қилиниши шарт бўлган вазифа дегинг келади. Бу вазифага биз қандай қараяпмиз?!
Мамлакатимизда бу инфекцияга - пандемияга нисбатан хабардорлик биринчи ўринга ўтди. Бош вазир иштирокидаги йиғилиш, Koronavirus info сайтининг ишга туширилиши, чет элда ишлаш ва ўқишга кетганларни олиб келиш, кузатув постлари орқали уларни қабул қилиб олиш, карантин даврида улар соғлигини текшириш, Президент раислигида ҳолатни таҳлил этиш, келгуси вазифалар тўғрисида аниқ топшириқлар... Айни бу ишлар ҳар бир вилоятда изчил йўлга қўйилган. Вилоятимиз ҳокими Хайрулло Бозоров раислигида вилоят штаби, ўринбосари раҳбарлигида эса ишчи гуруҳ куну тун фаолият олиб бормоқда.
Айнан шу ишчи гуруҳида дахлдор бошқармалар раҳбарлари қатори ҳамкасбимиз, журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Носиржон Деҳқонов ҳам бор. Биз штабни ўз фаолиятимиздан узлуксиз хабардор этиб бормоқдамиз. Штабнинг биринчи иш куни коронавирусга чалинмаслик борасида 662 марта тарғибот материаллари берилган эди. Ҳозиргача уларнинг миқдори 3865 тага етди. Мутахассислар берган тавсиялар ҳар биримизнинг қалбимизга муҳрланиши керак. Аввало зарурат бўлмаса, жамоат жойларига бормаслик, турмушимизга эса гигиеник талабларни жо қилишимиз ҳам зарур. Энг муҳими "Дилинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин!" деган таълимот бугун алоҳида аҳамият касб этмоқда. Етти ёшли боладан ҳизрсифат чолгача Яратганга илтижолар қилайлик. Тарихда дуо билан не-не офатлар бартараф этилмаган дейсиз?
"Кимгадир айтилмай қолган раҳмат, кимдандир сўралмай қолган узрлар!" учун ўзимизни айблайлик. Замонавий автомашинамизда пиёда кетаётган қўшнимизга чанг тўзитиб кетмадикми? Бир неча мулкларимиз бўлиб, ёнимиздаги биттагина уйи бор шахснинг мулкини тортиб олиш учун жанг қилмадикми? Узоқдаман, бандман деб муштипар онамиз, отамиз холидан ҳабар олмадикми? Бир неча юзлаб қорни тўқларни тўйга чақириб, бирор юпун шахс қорин тўйдириш учун қирмоқчи бўлса тўйхонадан ҳайдамадикми? Етим ҳаққини емадикми? Шаръан харом, қонунан тақиқланган ишларга бош қўшмадикми? Ҳалол ризқ, оила турганда харом луқма, зинога юрмадикми? Пора, коррупция балоси билан чангланмадикми? Халқимизнинг қадриятларини оёқ ости қилмадикми? Ўз пушти камаримиздан бўлган болаларни боқиш у ёқда турсин ҳалол хақи бўлган алиментини ҳам тўламай қочиб юрмадикми? Ёши улуғларга беписандлик билан қарамадикми? Инсон учун лозим бўлган Ҳудонинг ҳукми, Пайғамбар (С.А.В)нинг буйруқлари, Президентимиз топшириқларини бажармадикми? Ота – она, устоз ва ўз ичимиздан бўлган раҳбарлар буйруқларига терс қарамадикми?
Бизни Яратганнинг ўзи имтихон қилаётир. Бугун бир-биримизга ҳар қачонгидан меҳрибон ва ҳалим бўлайлик. Бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик. Ёппасига ҳалол яшашга ўтайлик. Ўз хизмат вазифамиз буюрган ишларни тўла-тўкис адо этайлик.
Гарчи Интернет тармоғида ўқиган бўлсангизда Италиялик доктор мактубини Сизга ҳавола этаман.
Италиялик доктор ёзмоқда:
"Мамлакатимизда даҳшатли фожиа рўй бермоқда. Қари беморлар кўзларида ёш билан вафот этмоқдалар. Чунки улар кетар чоғи ўз яқинлари билан видолаша олмайдилар. Улар ёлғиз жон беришни исташмайди, аммо уйидагилар учун сўнгги хайрлашув сўзларини камерага қараб айтишдан бошқа иложлари йўқ. Улар улуғ ёшга кирганларида нобуд бўлмоқдалар. Кўп ҳолларда, эр ва аёли бир кунда жон бермоқда. Улар набираларини ҳатто охирги маротаба ҳам кўра олишмайди. Бу хасталик гриппга қараганда анча хавфли. Ишонинг, бу касаллик гриппдан тубдан фарқ қилади. Сиздан илтимос бу иллатни "гриппнинг бир тури-да" дея кўрманг! Тана ҳарорати шундай кўтарилади-ки, иситмага чидаб бўлмайди. Беморга хаво етишмайди, у ҳудди чўкаётган кишидек қийналиб нафас олади. Беморлар шифохонага келишни хоҳлашмайди, лекин озроқ бўлсада нафас олиш илинжида барибир келишга мажбур бўлишади. Бу хасталикка қарши жуда кам дори воситалари мавжуд. Биз қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз, бироқ барчаси беморнинг аҳволига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ёши қари беморлар касалликка қарши кураша олишмаяпти. Биз ҳаммамиз йиғлаяпмиз. Ҳамшираларимиз йиғлашяпти. Қани энди ҳамманинг ҳаётини сақлаб қололсак! Мен кўз ўнгида ҳаёти тугаб бораётганларни кўряпман. Жуда кўп касаллар келмоқда. Ҳамманинг дарди бир. Умумий пневмония. Ўта кучли ўпка яллиғланиши. Менга айтинг-чи, қандай грипп шунчалик талофат келтиради? Бу умуман бошқача вирус. Баъзи одамлар учун бу, айниқса, хавфли. Бизнинг мамлакатда, ўртача 65 ёшдан ошганларда қанд касаллиги, қон босими кўтарилиши ва бошқа касалликлар кўп учрайди.
Баъзи ёш одамларда ҳам бу касаллик хавфли кечмоқда. Бу касаллик билан оғриган ёш беморларни кўрганда, ҳар қандай соппа-соғ ёш одам ҳам ўзини хотиржам ҳис қила олмайди. Бизнинг касалхонада жарроҳлик, туғруқ, кўз касалликлари, тери касалликлари қолмади. Жарроҳлик хоналари жонлантириш бўлимларига айлантирилган. Барча вирусга қарши курашмоқда. Беморлар сони соат сайин кўпайиб бормоқда. Анализ натижаларини кутамиз. Барчасида бир хил натижа - ижобий. Ижобий...ижобий...
Барча беморлар бир хил нарсадан азобланади:
Чидаб бўлмас иситма. Нафас олиш азоб. Йўтал. Чўкаётган каби ҳис қилиш. Деярли ҳамма жонлантириш бўлимида муолажа қилинмоқда. Баъзилар ҳатто кислород маскаси билан ҳам нафас ололмайди. Кислород аппарати олтиндан қиммат. Буларнинг барчаси қандай қилиб шу қадар тез рўй берганига ишонолмаяпман. Биз ҳаммамиз чарчадик. Лекин ҳеч ким чекинишни хоҳламаяпти. Ҳамма ярим тунгача ишлайди. Докторлар ҳамширалар каби тинимсиз ишлашда давом этади. Мен ҳар икки хафта ўтмагунча уйга бормайман. Уйдаги ёши катталардан хавотир оламан. Болалар билан камера орқали гаплашамиз. Баъзида аёлимнинг суратига қараб йиғлайман. Айб бизда эмас, бу касаллик унчалик хавфли эмас деганларда ҳамма айб. Улар буни одатий грипп дедилар. Ҳеч қандай чора кўрилмади. Энди эса кеч.
Сиздан илтимос, уйдан ташқарига чиқманг. Бизга қулоқ солинг. Фавқулотда ҳолатлардан бошқа пайтда уйдан чиқа кўрманг. Оддий маскадан фойдаланинг. Профессионал маскаларни бизга қолдиринг. Маска танқислиги сабаб бизларнинг ҳаётимиз ҳам хавф остида қолмоқда. Ҳозирда бир неча доктор юқтириб олди. Уларнинг оила аъзоларидан кўплари ҳаёт ва ўлим ўртасида.
Ёши катталарни уйдан ташқарига чиқишига йўл қўйманг. Биз касбимиз сабаб уйда қололмаймиз. Охирги лаҳзаларгача беморларимизнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиляпмиз. Мен яшаб кетишга умид йўқ беморларнинг таналаридаги азобни иложи борича камайтиришга уриняпман. Эртага ҳаммаси яхши бўлиб кетса, бизни ҳамма унутади. Докторлик касби ўзи шундай.
Бу касаллик Сизга етиб келмаган бўлса ҳам эҳтиёт бўлинг. Оммавий жойлардан узоқ туринг. Кинога, концертга, ўйингоҳларга бормай туринг. Илтимос, қарияларнинг қайғусини тушунишга ҳаракат қилинг. Уларнинг ҳаёти сизнинг қўлингизда. Сиз биздан ҳам кўра кўпроқ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга қодирсиз. Илтимос буни ҳаммага тарқатинг. Ушбу мактубни бутун Италия ўқисин. Ҳаммаси тугашидан аввал ўқишсин.
Италия. Бе Гавацени госпитали.
Доктор Даниеле Мачини".
Мана кўрдингизми, докторнинг сўзлари қалбининг қатидан чиқмоқда. Демакки, Италияда ҳеч қандай чора кўрилмаган. Уни оддий грипп дейишган. Бизда эса ҳар бир ҳолатга фавқулотда ҳодиса, деб қаралмоқда. Ва тўғри қилинмоқда.
Ўзини асраганни Худо асрайди!
Асраш ва асраниш тартибларига риоя қилайлик, азизлар!!!
Раҳимжон ИРИСОВ,
вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти