Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 07:39

Жамият

Энди ернинг ҳар қаричи аэрокосмик назоратда бўлади

  • 24.Февраля.2024
  • 334

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 сентябрдаги «Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  Фармони ижроси доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Бош прокуратура ҳамда Ўзбеккосмос агентлиги ҳамкорлигида «E-yer nazorati» ААТ дастури ишлаб чиқилди. Кадастр агентлигида ушбу агентлик директорининг ўринбосари Мирсаид Мирмақсудов «Zoom» платформаси орқали мазкур дастур  тақдимотини ўтказди. Тадбирда агентликнинг вилоят бошқармаси мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ер одамларнинг ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси ҳамда умуммиллий бойликдир. Ана шундай ажойиб неъмат – заминдан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишимиз шарт! Бинобарин, ерни  муҳофаза қилиш давлатнинг энг муҳим ва долзарб  вазифалари сирасидан эканлиги  ҳам кундай равшан. Айниқса,  ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймаслик айни муддао.

Бу борада давлат кадастрларини юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилиши таъминланмоқда. Ер тури, контури, чегараси ва ҳуқуқ эгалари ҳақидаги барча маълумотлар Кадастр агентлигининг онлайн геопорталига киритилди. Кўчмас мулкка ва ер участкасига бўлган  эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижарага олиш ҳуқуқининг вужудга келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши  ҳамда  бекор бўлиши фақат давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин кучга киради. Яъни, Кадастр ва кўчмас мулкни  интеграцион ахборот тизимида (UZKAD) давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт. Бунинг учун   ўз вақтида мурожаат этмаган  айбдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади.  

Агентликнинг ҳудудий бўлимлари, Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармалари ва туман, шаҳар филиалларининг қонуний фаолиятига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аралашиш ёки таъсир ўтказиши қатъий тақиқланди. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани Ички ишлар вазирлигининг «E-ma’muriy ish» тизими билан тўлиқ интеграция қилинган махсус мобил дастур орқали электрон ҳужжат шаклида тузилади.

Хуллас, ер баланси ва унинг ҳисоботи фақат Миллий геоахборот тизимида юритилмоқдаки, бундан асосий мақсад – соҳани рақамлаштириш орқали очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда  ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳолатини аниқлашдан иборат. Муайян муддатда аэрокосмик суратга олиш орқали картографик мониторинг ишлари олиб борилиши ердан фойдаланиш ва қурилишларга оид ҳуқуқбузарликларни тезкор аниқлаш имконини беради. Аввалги фазовий  сурат билан кейингиси солиштирилганда содир этилган ўзгаришлар мониторда акс этади. Назорат тадбирлари самарадорлигини янада ошириш учун инспектор-ходимлар планшет билан таъминланади.

Мулоқот сўнгида журналистларнинг саволларига Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарруҳбек Мирзабоев батафсил жавоб қайтарди.

Муҳиддин МАҒЗУМОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь