ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35110
22 December, 2024, 08:57
Сир эмаски, бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси органларига келаётган мурожаатларнинг аксарияти алимент билан боғлиқ ҳужжатларни ташкил этмоқда. Айнан бу долзарб масалага ечим топиш, фарзандлар моддий таъминоти учун белгиланган қарздорликларни ундириб беришда Бюронинг Косонсой туман бўлимида кунлик ишлар олиб борилмоқда.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда иш юритувдаги жами 6 243 та ҳужжатнинг 1608 таси алимент билан боғлиқ. Секторлар кесимида кунлик ундирувлар таҳлил этилиши йўлга қўйилгани кутилган самара бермоқда.
Жумладан, 2 секторга қарашли 14 та маҳалла фуқаролар йиғинида 351 нафар алимент тўловчи мавжуд. Ҳудудга бириктирилган давлат ижрочиси ва тегишли ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида жорий йилнинг ўтган даврида олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида салкам 360 миллион сўм қарздорлик ундириб берилди. Иш билан банд бўлмаган 35 нафар алимент тўловчи бандлигини таъминлаш ҳамда тарғибот тадбирлари натижасида 15 та оилани яраштиришга эришилди.
Яна бир муҳим масала: айрим ҳолларда масъулиятини унутган оталар ҳали-ҳануз фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлаб келмоқда. Ана шундай шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланмоқда. Яъни, жиноят ишлари бўйича туман суди билан ҳамкорликда бевосита маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда бўлим биносида сайёр судлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, навбатдаги ўтказилган суд давомида бир неча бор огоҳлантиришга қарамай алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган 7 нафар фуқарога нисбатан 15 суткалик маъмурий чоралар қўлланилди.
Бўлим томонидан вояга етмаганларнинг ҳуқуқ манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Жобирхон Ҳусанов,
МИБ Косонсой туман бўлими бошлиғи
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти