Қисқа сатрларда

Ҳамюртимиз «Тарих эътирофи» миллий мукофоти соҳиби бўлди

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

23 December, 2024, 03:14

Жамият

Фидойи партизан ёки дадам – менинг фахрим

  • 08.Мая.2022
  • 1008

Хотира ва қадрлаш куни олдидан Аломат опа Ҳошимова билан оталари – Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, фидойи, жонкуяр, мард ўғлон Отажон Ҳошимов ҳақида суҳбатлашдик. 
– Дадам 1919 йилда Поп тумани, Мирзаорол қишлоғида туғилган. 1940 йил 20 февралда йигитлик бурчини бажариш учун армия сафига қабул қилинган. 
1942 йилда Белоруссияда бўлган шиддатли жангларда иштирок этган. Қишнинг совуқ кунларида душманнинг мадад кучлари, ўқ-дори, озиқ-овқат ортилган поезд эшелонини портлатган. Немислар яшаб турган жойларни, озиқ-овқат ва ўқ-дори омборини яксон қилган. Дадам ва қуролдош дўстлари жасорат кўрсатган ишлари учун «Жасорат» медали билан тақдирланишган.
Дадам мени 1985 йилда Гомель областига саёҳатга олиб бордилар. Биз Регицкий районида, улар учун бошпана бўлган ўрмон ва қишлоқларда бўлдик. У ернинг аҳолиси дадамни таниб, ҳурмат-эҳтиром билан, қуролдош дўстлари, бир оиладек бўлиб кетган партизан аёллар эса ўз акасини кутиб олгандек йиғлаб қарши олишди. Улар жангларда ҳалок бўлган сафдошларни, душманга берган зарбаларини хотирлашди. Шунда бир аёл мени маҳкам қучиб:
– Сен, бахтли қизсан, сени шундай мард, қўрқмас, жасур, инсонпарвар даданг бор. Биз ҳар бир топшириқни бирга бажарардик. Отанг бизларни ҳар доим немислар нишонидан, дайди ўқдан ҳимоя қилар, берилган топшириқларни ўзи адо этса ҳам бирга бажардик, – дея рапорт берарди. Бизга командиргина эмас, ота ҳам бўлган, – деди кўзларида ёш билан.  «1941-1945 Великой Отечественной войны» номли китобда отам кўрсатган жасоратлари ёзилган. 
Вақтдан ютиш учун ўрмонзор оралаб юрар эканмиз, дадам бир аёлни шу йўл билан немислардан олиб қочиб, соғ-саломат қишлоғига олиб борганларини, кейин фарзандли бўлганини гапириб борардилар,  ҳайдовчи йигит бирдан, – ота, биз адашдик, шекилли. Назаримда, бир жойда айланяпмиз, – деди. Шунда дадам – йўқ мен ҳеч қачон адашмайман. Белоруссиянинг ҳар бир ўрмонини, ҳар бир йўлини, ҳар бир бурчак, ялангликларини эмак-лаб чиққанман, – дея йўл кўрсатишда давом этдилар. 
Дадам қишлоқдаги кекса отахон ва онахонлар билан суҳбатлашди, ўтганларни хотирлашди. Кечки пайт Гомель шаҳрига қайтдик. Дадам доимо мени онамнинг дуоси асраган, дер эдилар. 
Ҳозирги кунда Белоруссиянинг ҳар бир шаҳар, туманларидаги хотира майдонларида дадамнинг исм-фамилияси ёзиб қўйилган. 2010 йилда Ленинград вилоятига борган қишлоқдош аёллардан бирининг айтишича, у излаган манзилига бориш учун электр поездга чиққан ва урушда қатнашган кекса чолни учратиб қолган.
– Ўзбекмисан, қаердансан?– деб сўрабди отахон.
– Мен, Ўзбекистондан - Наманган вилоятиданман, – дея жавоб қайтарган аёл.  У инсон хурсанд бўлиб, дадам ҳақида гапириб, қилган ишлари ва кўрсатган жасоратлари ҳақида китоб ёзганини айтган. У инсон дадамнинг қуролдош дўсти – белоруссиялик Л. Дворник экан. 
Дадам урушдан соғ-омон, кўкси тўла орден-медаллар билан  Ватанига қайтди. Сўнг  Поп тумани, Поп сов-хозида агроном, бўлим бошлиғи вазифаларида ишлади. 1982 йили кексалик нафақасига чиққанларидан ке-йин ҳам толмадилар. Дадамиз волидаи-муҳтарамамиз билан биргаликда саккиз нафар фарзанд, тўрт ўғил ва тўрт қизни эл корига камарбаста қилиб тарбияладилар.

– Дунёнинг бир четида, олис бир юртда отамни тилга олганларидек, мард, қўрқмас, жасур ва ватанпарвар инсоннинг фарзандлари эканлигимиздан фахрланамиз, – дейдилар Аломатхон опа дадалари Отажон Ҳошимовни хотирларкан. 
Ана шундай фидойи, мард ота-боболаримиз, Ватаннинг  жасур ўғлонлари  ҳамиша барҳаёт, улар  дилимизда мангу яшайдилар. 

Иродахон НОСРАЛИЕВА,
Поп туманидаги 15-мактаб ижодий-маданий ишлар  бўйича тарғиботчиси.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь