ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 37841
01 June, 2025, 09:18
Ҳаётимизда ҳар бир фаннинг аҳамияти катта. Қай бир соҳа эгаси бўлмасин, она тили ва адабиётни чуқур ўрганмоғи, уни ўз ҳаётига татбиқ этмоғи шарт. Атрофдагилар билан муносабатларда ҳам, таниш-нотаниш давраларда ҳам мантиқли сўзлаш, фикрни фасоҳат ила баён эта олиш керакки, бу илмларнинг барчаси она тили ва адабиёти фанида мужассам.
Тараққиёт асрининг энг оғриқли муаммоларидан бири бу ёшларнинг тил ва адабиётдан узоқлашиб бораётганидир. Кўп кузатганим шуки, ёшларда китоб ўқишга хоҳиш кам, вақтини смартфонларга бўшатиб берди. Уларнинг аксарияти сўз маъносини тўғри қўллаш у ёқда турсин, ҳатто оддий саводхонлик даражаси ўта паст. Хато ёзади, жумлани тўғри туза олмайди. Масаланинг моҳиятига чуқурроқ назар солсак, бугунги билимсиз авлод эртага келажак авлодни тарбиялаши керак. Унинг қалби маънавиятимиз дурдоналаридан баҳра олмаган бўлса, у фарзандларига эртак, топишмоқлар айтмайди.
Бу муаммони шунчаки деб қабул қилмай, бутун бир миллатнинг фожиаси деб қарамоғимиз керак.
Она тили ўқитиш соҳасида ҳам грамматикани ўрганишга катта аҳамият қаратилгани ҳолда, сўз таълимига етарлича эътибор берилмаётгани катта муаммолардан биридир. Масалан, ўқувчи мумтоз адабиётни ўрганишда луғатлар билан ишлашни билмайди. Оқибатда эса шоир ижодини таҳлил этиш ва тушунишда қийинчиликларга дуч келади. Грамматикани яхши билмай туриб, нутқ мукамаллигига эришиб бўлмайди.
Иншо ва баён ёзишда ҳам оқсоқликлар кўзга ташланади. Аксарият ўқувчилар фикрини тўғри баён эта олмайди, режа тузишни билмайди. Бу муаммонинг ҳам асосий сабаби болани сўз билан ишлашга ўргатмаганимиздир. Олий ўқув юртларига қабул жараёнида тест топшириб ўқишга кириш оқибатида ёшларнинг иншо ёзишдек қобилиятини бой бердик.
Боланинг оилада тўғри тарбия олиши, виждонли, ҳалол, ростгўй, ғамхўр ва меҳрибон бўлиши замирида ҳам ота-онанинг она тили ва адабиёти фанига меҳри бошқача бўлганини пайқаш қийин эмас. Адабиёт, бадиий асарлар орқали олинган ҳаётий хулосалар инсонни ҳар томонлама камолотга етаклашини унутмаслигимиз керак.
Она тилини ўрганиш ва унга ҳурмат ва эътиборда бўлиш бутун бир миллатга тегишли мунтазам жараён. Фарзандимизнинг нутқи равонли, ҳусни хати, имло саводхонлиги жойидами?
Ҳавасхон ШОКИРОВА,
Наманган Давлат педагогика институти филология кафедраси в. б. профессори,
филология фанлари доктори.
Copyright © 2025 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти