Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

22 December, 2024, 02:58

Жамият

Газетага – йўқ «червон», мегабайтга – ма миллион?!

  • 08.Мая.2023
  • 953

«Си Цзиньпин «Российская газета»да Москва ва Пекин муносабатларига баҳо берган мақоласини чоп этди». Биз ижтимоий тармоқ орқали тарқатилган ушбу хабарни ўқиб ҳайрону лол бўлдик. Боз устига бу икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тафсилотини Хитойда чоп этилган етакчи босма нашрлар (газеталар)-нинг биринчи саҳифасида фотолари билан кенг таҳлилий мақола тарзида ёритилганини айтинг. Шуни интернет нашрларда – ижтимоий тармоқларда  тезкор  эълон қилаверса бўлмайдими?! 

Мазкур кесатиқдан муддаойимиз шуки, босма нашрлар билан интернет нашрини чоғиштириб-солиштириб, буниси кераксиз, буниси эса зарур, дейиш калтафаҳмликдан бошқа нарса эмас. Бу ҳали ҳаммаси эмас, ке-йинги вақтда тараққий этган Европа мамлакатлари ва Америкада чиқадиган газеталарда босилган турли ижтимоий-сиёсий мазмундаги  мақолалардан  иқтибослар келтирилиб, мавзу юзасидан мулоҳазалар баён қилинмоқда. Яъни, ушбу ўлкаларда газеталар юз минглаб, балки  миллионлаб нусхада  гуриллатиб чоп этилмоқда. Айтмоқчимизки,  ХХI  асрнинг 2023 йилида – интернет даврида наҳотки, кимсан дунёдаги етакчи мамлакатларда ҳали-ҳануз газета аталмиш ахборот воситасидан буткул воз кечилмаган?! Билъакс, АҚШда газеталарни қўллаб-қувватлаш юзасидан Вашингтон, Орегон ва Аризонадан сайланган уч нафар сенатор «Ҳудудий журналистикани қўллаб-қувватлаш» тўғрисида»ги  қонун лойиҳасини тақдим этишди.  «News Media Alliance ижрочи директори Дэвид Чаверннинг фикрича, ҳудудий нашрлар жуда муҳим, чунки, одамлар доим текширилган, ишончли маълумотга муҳтож бўлишган ва бу демократиянинг ҳам асоси ҳисобланади... Америкаликларда газета ўқиш маданият даражасига кўтарилган, улар ҳудудий газеталар обунаси учун мустақил тарзда пул тўлашади». 

Юқоридаги тафсилотларни келтириб, айтмоқчи бўлганимиз шуки, бизда бирон бир соҳадаги ислоҳот ёки кўрилаётган чоралар борасида гап кетса: «Бу борада ривожланган мамлакатлар тажрибасидан  келиб чиқиб» мулоҳазалар баён қилиш одатимиз бор. Шундай   «қоида» томонида туриб, фикр билдирадиган бўлсак, Америка – интернетнинг ватани ва ушбу глобал тармоқ ўта ривожланган бўлишига қарамай, ҳали-ҳануз газета буткул барҳам топмагангина эмас, балки босма нашрларни қўллаб-қувватлаш масаласи  долзарб аҳамият касб этганидан кун тартибига олиб чиқиляпти. Ва яна уларда газета ўқиш маданият даражасига кўтарилгани-чи?! 

Бизда-чи?.. 

Йўл-йўлакай бир почтальон билан суҳбатлашиш насиб этди. 

– Ҳорманг, одамларга нималарни етказяпсиз, маҳалладагилар қандай газета ва журналларни ўқишяпти? – сўрадик хабарчидан. У бир хўрсинди-да:

– Қоидабузарлик бўйича йўлланган жарималарни, чақирув қоғозларини тарқатяпмиз, газеталар жуда оз..., – деди. 

– Ҳа-а, бу ёғи энди, ижтимоий тармоқлардаги каби тезкор ва ўқишли хабарлар экан-да а, – кесатдик  ўзаро гурунглашиб.

Шу «мажбурий обуна» дейилганда «мажбурий» жумласи билан боғлиқ шахсий фикрларимиз жўшиб кетади-да баъзида. Инсон ошхонага бориши учун уни мажбурлаш  шарт эмас. Чунки бу наф-соний моддий эҳтиёж! Овқат емаса ҳолдан тойиб, қувватсизланади. Зеро, тириклик  мажбурияти-ю талабидан у озиқланиши шарт. Табибга  боришгаям  уни ҳеч ким мажбурлаётгани йўқ. Лекин негадир ҳатто, пул сарфлаб бўлса-да шифо излайди. Сабабли даволанмаса қандай оқибатлар келиб чиқишини англайди. Ҳар икки жиҳатда  одам ихтиёрий-мажбурийлик қоидасига буткул бўйсунмоқда ва бу йўлда миқдоридан қатъий назар  бажонудил пул ҳам сарфламоқда. Гап шундаки, у кутубхонага ҳам  худди ошхона-ю дорихоналарга боргани каби  мунтазам  ёки ўз вақтида бормоқдами?! Биз бугун  ҳаётда ошхона ва дорихоналардаги гавжумликка гувоҳ бўляпмиз. Жамоат жойларида  бамайлихотир кавшаниб юрганларни, музқаймоқ еяётганларни ва писта чақаётганларни, хулласи калом яна ўша қорин ғамини тўла-тўкислатиш сари  жиддий қайғураётганларни деярли ҳар қадамда кўрамиз. Хўш, хиёбонларда ёки  шаҳар марказидаги ўриндиқларда  ёхуд  автобусларда  газета, китоб ўқиётганларни ким қачон ва қаерда учратди?! Бундай  шахслар чамаси, аллақачон «Қизил китоб»га кириб улгургандек туюлмаяптими?! Ҳолбуки, ғарбу шарқдаги ҳар қандай ривожланган мамлакатларда газетхонлигу китобхонлик аллақачон урфга, юқорида таъкидланганидек, маданиятга айланиб бўлган. Бошқача айтганда, Франция, Англия, Россия, Хитой  ва АҚШ, Германия каби  дунёнинг  яна бошқа кўплаб энг илғор мамлакатларида  интернет тезлиги «5G»  (Хитойда  ҳатто «6G» ) бўлишига қарамай, бу пешқадамлар китобу газетадан воз кечгани йўқ?!!! Таажжуб-а?!!!

Дарвоқе, яна мажбурийлик масаласида  сўз юритадиган бўлсак,  гоҳида: «Бизда умумий ўрта  таълим ҳам мажбурий,   шуниям  ихтиёрий қилинса-чи, ахир болани  билимга мажбурлаб, унинг ҳуқуқларини поймол қилинмаяптимикин-а?!» - деган мазмундаги «илғор» фикрлар  хаёлда ғужғон ўйнайди. Бундай кесатиқдан муддаойимиз шуки, масалан, Японияда мактабларда фаррош умуман йўқ экан, синфхоналарини ўқувчилар ўзи тозалаб, меҳнатга, ҳалолликка  кўникма болаликдан шакллантирилар экан. Билганимиз - биздаги  мактабларнинг бирида  ўқитувчи ўқувчига  мактаб ҳовлисига ташланган қоғозу  музқаймоқ  қолдиқларини  олиб қўйишни айтади. Шуларни териб юрган  ўқувчини яқин атрофдаги кимдир видеога олиб,  ижтимоий тармоқда тарқатиб, «ўқувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани» ҳақида бонг уради. Натижада масъулларга чора кўрилибди. Биз эшитганимиз бундай ҳолат енгил қилиб айтганда, жуда ғалати-да. Қадриятларимиздан бири бўлган,  жамиятда аҳил-иноқлик ва ўзаро мулоқот, бирдамлик ҳамда  меҳр-оқибат ришталарини метиндек мустаҳкамлайдиган  ҳашаргаям сал бўлмаса «мажбурий меҳнат»  кўланкаси соя солгандай бўлди.

Ахборот ва албатта, эзгу, инсоний ҳамда бунёдкор ғояларни шакллантирувчи  ғоявий тарбия воситаси ҳисобланган газеталар мажбурий обуна тамғаси остида пароканда бўлаётгани ҳолда, интернетдаги хабарлар жамиятни узуқ-юлуқ, аниқ-ноаниқ, рост-ёлғон маълумотлар билан обдон тўйинтираётгани кундай равшан. «Энди буни тўхтатиб қолишнинг иложи йўқ, глобал масала эмиш?!»

Наҳотки ҳаммасига «оқ йўл» ва «зангори чироқ»ми?! Ва ҳамма  мамлакатларда шунақами? Ҳолбуки,  «Uzbekistan» расмий  телеграмм каналининг 9 март куни  хабар беришича, «Оқ уй АҚШда TikTok блокланишини қўллаб-қувватлади!» Бу сўз ва мутбуот эркинлиги тамойилларига зид эмасми?! Келтирилишича, «АҚШ президенти маъмурияти Конгрессни ҳукуматга Хитойнинг TikTok ва бошқа хорижий платформаларини тақиқлаш ваколатини берувчи RESTRICT қонун лойиҳасини тезда қабул қилишга чақирди». Бунга сабаб қилиб эса: «АҚШда TikTokдан америкаликларга жосуслик қилиш, шахсий маълумотларни ўғирлаш ва жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш учун ишлатилиши мумкинлиги айтилди». Қолаверса, «Уларни (газеталарни – М.М.) сақлаб қолиш – дезинформациядан ҳимояланиш учун муҳим, деган баёнот шунчаки баландпарвоз гап эмас. Ғарбда ишончли манбаларнинг қадри жуда баланд. Ўшалар ёзмаса хабарларга ишонишмайди. «Бинобарин, Британия парламентидаям TikTokка дохил шунга ўхшаш чекловлар жорий қилиш юзасидан тавсиялар берилган.  Аввалроқ, биздаям баъзи  ижтимоий тармоқларни блоклаш масаласи кўтарилганида, «илғор фикрли» айрим «либераллар» хавотирга тушиб, «чеклашлар билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигига» жамоатчиликни ишонтирмоқчи бўлишдики, ортидан яна ўша маҳоват – «эркинликни» рўкач қилинди ва иқтисодий  зарарлар ҳам тезликда ҳисоб-китоб қилиниб, блоклашга фаол эътирозлар янгради?! 

Қачон илғор мамлакатлар тажрибасидан сабоқ оламиз?! Уларда миллий манфаатларга нисбатан ҳар қандай таҳдидлар ўрнида бартараф этилиб, узил-кесил чоралар қўлланилади. Ёки бизда барча интернет тармоқлари нуқул жамиятнинг ҳар жиҳатдан тараққий этиши йўлида хизмат қилмоқдами?! Эътибор беринг: АҚШдек қудратли ва демократик  мамлакат  иқтибосда келтирилганидек: «...жамоатчилик фикрини манипуляция қилиниши мумкинлигидан» хавотир изҳор қилмоқда. Изоҳли луғатда «манипуляция» сўзининг маъноси:  1. Махинация, алдов, қаллоблик орқали ғаразли мақсадга эришиш. 2. Психологик таъсир турларидан бири бўлиб,  бундан кишини маълум  хатти-ҳаракатларни амалга оширишга билвосита ундаш орқали бир томонлама ютуққа эришиш мақсадида фойдаланилади. Манипуляциянинг хатарли жиҳати шундаки, у ички парокандаликка, шахс яхлитлигининг бузилиши, унинг ташқи  таъсирга берилиб кетишига сабаб бўлади.

Демак, тарқатилаётган  ҳар қандай манипуляцион  ахбороту маълумот,  миш-мишлар ва видео-ю  кинотасвирлардан  халқона айтганда, тескари ташвиқот  воситаси сифатида  бемалол фойдаланиш мумкин экан. Бунинг учун интернетда  имкониятлар бисёр. Токи,  авраб-алдаш (манипуляция)нинг миси чиққунча  бундай ҳийладан «баҳраманд» бўлган шахснинг руҳияти, ишончи пароканда бўлиб улгуради, манипуляторнинг макрига лаққа тушади. АҚШ ҳукуматининг  бу борада қаттиқ хавотири нечоғли ўринли эканлигини энди англадик.

Ҳа, жамиятда маънавий-маърифий ишлар ва  бунёдкор ғоялар сари  тарғиб-ташвиқ қилиш самарадорлигини оширишда газеталар  ҳаётий заруриятдир. Ошхонага  кунда канда қилмай ихтиёрий боряпмиз, дорихонагаям заруриятга қараб истисносиз  бораётганимизнинг сабаби тирикчилигу саломатлик эканлиги аён. Китобу газета мутолааси-чи – кераксиз даҳмазами?! Маълумки, ҳаётда бўшлиқ бўлмайди. «Қорин тўқу мия оч - бўш» қабилидаги ҳолатга тушиб қолсак,  аҳволимиз нима кечади?! Мутолаа, илм-маърифатдек тафаккур тамойиллари  билан тўлмаган онг бошқа нималар билан банд бўларкин?! Савия-чи?! Даъвойимиз мусулмончилик бўлгач,  нозил бўлган энг-энг биринчи оят – «Иқро» – «Ўқи» деган амрга, буйруқ (фарз)гаям беписандгина ёндошаверамизми?! Ахир бугунги бутун илғор мамлакатларнинг етакчилиги-ю юксак тараққиёти фақатгина ана шу илоҳий амрга риоя қилинганлигидан эканлигини ва бунга риоясиз ёки беписандларнинг  оқибати қарамликдан бошқа  натижани бермаганини, бермаслигини узоғу яқин тарихдан хулоса чиқариб, англашимиз ҳам шартми  ёки...?!!! Дарвоқе, обунага, китобга, мактабга «пул йўқ?!!!». Мегабайтга (аниқроғи TikTokка, ютубга ва инс-таграмга ҳамда албатта фейсбукка) эса – «мана миллион?!!!». Таассуф, таассуф!!! Ҳай майли, яхши бўп кетар?!!

Муҳиддин МАҒЗУМОВ,
«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь