Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

22 December, 2024, 02:30

Жамият

Гендер тенглик сиёсати - амалда

  • 15.Мая.2023
  • 478

“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида«ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни гендер тенгликни таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг исботидир. Парламент юқори палатасида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат-кенгашлари, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 28 майдаги қарори билан 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди.

Жорий йилда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 

Ушбу қонун билан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид бир қатор муҳим нормалар киритилди, турли хилдаги зўравонлик кўринишларига, шу жумладан, оиладаги зўравонликка қарши маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди. 

Қонун билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар хотин-қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлик ҳамда зўравонликнинг олдини олишга, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрни яхшиланишига хизмат қилади.

Хорижий мамлакатлар қонунчилиги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, зўравонликнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик “оилавий зўравонлик” алоҳида ҳамда умумий фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига қарши қаратилган ҳуқуқбузарликлар сифатида тартибга солинган. Жумладан, кўплаб МДҲ ва хорижий давлатларнинг шу мазмундаги қонунлари ҳам оилавий зўравонликни қамраб олганлигини кузатиш мумкин.

Қонунда шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги ва Васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги ва бошқа қонун ҳужжатларига хотин-қизлар ва болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминловчи қатор ўзгартиришлар киритилди. 

Ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан ваколатли давлат органлари ҳамда ташкилотларнинг, хусусан Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) комиссиялари фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси белгилаб берилди. 

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, инсон қадри ва манфаатлари йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мустаҳкам ҳуқуқий асослар билан таъминланар экан, жамиятда “Инсон-жамият-давлат” тамойили мустаҳкамланиб, фуқароларимизни ҳуқуқий маданияти юксалишига эришилади.

С. РАҲИМОВ,
Наманган туманлараро маъмурий суди судьяси. 
Ш. ИСМОИЛОВ,
Наманган туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь