ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34903
04 December, 2024, 01:40
Янгиқўрғон туманидаги 71 та маҳаллада салкам 209 минг киши яшайди. Уларнинг турмуш даражасини яхшилаш, фаровонлигини ошириш, кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, уй-жой билан таъминлаш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Истиқлолимизнинг 28 йиллигини янада кўтаринкилик билан қаршилаш мақсадида Президентимиз Ш.М.Мирзиёев олға сурган «Обод марказ» ғояси асосида Водий, Юксалиш, Бешбулоқ, Обод, Тошкент, Қорасув, Қўриқ ва Қутлуқтол маҳаллаларида, шунингдек, туман маданият, мудофаа ишлари бўлими, 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, «Енгил саноат коллежи», 1-сонли мактабгача таълим муассасаси ва 10-мактаб каби бир қатор масканларида замонавий лойиҳа асосида тубдан жорий таъмирлаш ишлари 78 -90 фоизга бажарилди.
Хусусий тадбиркор Саидвали Муҳаммадвалиев ўз маблағи ҳисобидан «Диагностика маркази» қуришни бошлаб юборган бўлса, бошқа бир тадбиркор 100 ўринли хусусий болалар боғчасидаги бунёдкорлик ишларини 86 фоизга адо этди.
Туман марказидаги Наманган, Чортоқ, А.Темур ва Навкент кўчаларида фуқароларнинг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида 6,2 км. масофага ичимлик суви тармоғи тортилди. Янги тик қудуқ қуриш ишлари учун 2 млрд. тўрт юз млн. сўм маблағ ўзлаштирилди. 120 та хонадонда яшаш шароитлари яхшиланди.
Наманган ва Чортоқ кўчаларини боғловчи 1100 метр йўлнинг икки томонига замонавий лойиҳа асосида дорихона, умумий овқатланиш шохобчаси, тикувчилик цехи, ҳаммом, нон ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ёшлар меҳнат гузари, табобат маркази, меҳмонхона ҳамда бир қатор савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриш учун фаол тадбиркорлар ҳаракатни бошлаб юбордилар. Мазкур объектлар ишга туширилгач, яна 350 нафар фуқаро муқим иш ўринига эга бўлади. Бундан ташқари, 142 та хизмат кўрсатиш объектларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари банк кредитлари ва тадбиркорлар ўз маблағи ҳисобидан амалга оширилаётир. Шунингдек, мазкур кўчаларга мўлжалланган 2,5 млрд. сўмлик 260 та тунги ёритиш чироқларнинг 148 таси ўрнатилди.
Бугун Янгиқўрғон марказига қайси тарафдан келманг, меъморчиликнинг замонавий лойиҳалари асосида бунёд этилаётган 159 дан зиёд маиший хизмат шохобчалари, таъмирланаётган ва янги қурилаётган пиёдалар йўлкаси, гулзорлар ва кўкаламзорлаштириш ишларини кўриб кўнглингиз шодланиб, кўзингиз қувнайди.
Қамбар ҲАЙДАР,
Янгиқўрғон тумани.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти