ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35103
22 December, 2024, 01:20
Мамлакатимизда Шарқ табобати усуллари, шу жумладан, халқ табобатининг тарихий анъана ва ўзига хос меросидан фойдаланган ҳолда касалликларни даволаш, тиббий хизматлар кўрсатишнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатобод туманидаги Ўрта Ғирвон маҳалласида барпо этилган 80 ўринга мўлжалланган «Namangan sof tabobat» соғломлаштириш маркази халқ табобатига асосланган касалликларни даволашда муҳим аҳамият касб этади.
Янги тиббий марказнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев, Давлатобод тумани ҳокими Анваржон Тожимирзаев, сектор раҳбарлари, шифокорлар, нуронийлар, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари жамул-жам бўлди. Унда таъкидлаб ўтилганидек, халқ саломатлиги ва соғлом миллат генофонди ҳар бир давлатнинг муҳим бойлиги ҳисобланади. Айни шу боисдан ҳам тизимда малакали тиббий кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётгани таҳсинга молик.
Бунинг мантиқий давоми бўлган саломатлик марказида қандли диабет, ревматизм, ошқозон-ичак, аллергик каби ўн бешдан ортиқ сурункали касалликлар Ўзбекистон Халқ табобати академияси аъзоси, йигирма йиллик иш тажрибасига эга ҳаким Алишер Усмонов бошчилигидаги табиблар томонидан доривор дамламалар кўмагида даволанади.
Умумий лойиҳа қиймати олти миллиард сўмни ташкил этган мазкур марказ йигирма етти хонадан иборат бўлиб, унда инсон танасини турли чиқинди ҳамда паразитлардан тозалаш, физиотерапевтик муолажалар ва зарарлантириш, мўътадил парҳез, суяк ва бўғимлар, умуртқа поғоналарни ўрнига солиш, анитерапия, гуруготерапия, шифобахш ванна ва массаж билан ишлаш шифохонанинг ўзида амалга оширилиши учун барча шароитлар яратилган. Қолаверса, ўзимизда униб-ўсиб чиққан турли гиёҳлардан етмишдан зиёд табиий дори воситалари соғломлаштириш марказида тайёрланмоқда.
Қувонарлиси шундаки, табобат марказининг фойдаланишга топширилиши натижасида йигирма иккита янги доимий иш ўрни яратилди.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти