Қисқа сатрларда

Поп туманига янги ҳоким тайинланди

Ёшлар учун янги тарихий босқич: "Навбаҳор" ПФК академияси очилди

Қон бити — мевали дарахтлар кушандаси!

Диёра: мактабдан от фермасигача бўлган муваффақият йўли

Учқўрғонда ҳаво шари кўкка парвоз қилмоқда

01 June, 2025, 09:38

Жамият

Халқимиз ўз қаҳрамонларини унутмайди

  • 09.Мая.2025
  • 420

Юртимизда ўтганларнинг эзгу ишларини ёдлаш, кекса фидойи инсонларни эъзозлаш хайрли анъанага айланди. Бинобарин, уруш майдонларидан қайтмаган ҳамюртларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳ покларига ҳурмат бажо келтирамиз. Жанг майдонларида мардлик, жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган ва бугун орамизда соғу саломат юрган фахрийлар доимий эҳтиромда.

Бугунги кунда Наманганда бир нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, бир нафар уруш қатнашчисига тенглаштирилган нуроний ва 289 нафар меҳнат фронти бугун орамизда умргузаронлик қилишмоқда.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов бошчилигида ҳарбий-маъмурий сектор ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг ҳолидан хабар олишди.

Дастлабки манзил Янги Наманган тумани Мингчинор маҳалласининг фахрийси, уруш концлагерида асирликда бўлган Галина Болоченкова хонадонига амалга оширилди. Тадбир байрамона руҳда, ҳарбий оркестр ва кенг жамоатчилик иштирокида ўтди.

Россия Федерациясининг Брянская вилоятида туғилган Галина Алексеевнанинг болалик кезлари айни қонли уруш йилларига тўғри келди. У жанггоҳлардаги очарчиликлар, оғир суронли кунлар, 1943-1944 йиллардаги немис концлагеридаги машаққатли дамларни эслаб, бугунги фаровон кунларга шукроналик келтиради. Урушдан сўнг Ўзбекистонга юборилган Галина опа шу муқаддас юртни ўз Ватани деб билди, танлаган муҳосиблик соҳаси бўйича қурилиш ташкилотларида самарали меҳнат қилди.

Вилоят ҳокими Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг уруш қатнашчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик медали ҳамда 25 миллион сўм пул мукофоти ва байрам совғаларини тантанали суратда тақдим қилинди.

Дарҳақиқат, бугунги тинч ва фаровон кунлар учун жонини фидо қилган Иккинчи жахон уруши қатнашчиларига қанча ҳурмат ва эътибор кўрсатсак арзийди. Янгиқўрғон туманининг тоғу адирликларга туташ Поромон қишлоғи Оқтепа маҳалласида истиқомат қилаётган 103 ёшли уруш фахрийси Муҳаммадиброҳим ота Иномовнинг файзли хонадонига уюштирилган йўқлов ҳам ғоят самимий руҳда кечди.

Муҳаммадиброҳим Иномов айни кучга тўлган навқирон 19 ёшга етганда тенгдошлари қатори юрт сарҳадларини душман чангалидан ҳимоя қилиш учун урушга отланди. У учун урушга йўл 1941 йил декабрида Чортоқ туманидан бошланди. Шу ерда таркиб топа бошлаган ўзбек отлиқ аскарлар дивизиясига қўшилди. Россиянинг Сталинград ва Қрим, шунингдек, Украина ва Польша мамлакатларидаги бир қатор шаҳарларни озод қилиш йўлидаги жангларда жасорат кўрсатди.

Оловли йиллардан омон қайтган навқирон педагог 1947 йилдан ўз қишлоғидаги 38-мактабда (ҳозирги 49-мактаб) ўқитувчиликни давом эттирди. Устоз муаллим қирқ йил давомида ёш авлод таълим-тарбияси йўлида фаолият юритди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида “Жасорат” медали билан мукофотланди.

1941-1945 йилларда фашистларга қарши кечган қонли урушнинг даҳшати-ю жабру ситамларини ўз бошидан ўтказган Муҳаммадиброҳим ота самимий суҳбат давомида суронли йилларни эсга олиб, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик нақадар муҳим эканлиги шукроналик билан айтиб, ҳозирда нуронийларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва имкониятлардан ғоят миннатдорлигини алоҳида таъкидлади.

– Тинчлик, осойишталик, хотиржамлик шундай сўзки, бунинг қадрини, қимматини биз жуда яхши англаймиз. Бугунги тўкин, тинч, фаровон турмушни кўриб, кўнглим яйрайди. Шундай осуда ва фаровон турмушимизга шукроналар келтиришимиз керак, – дейди Иккинчи жахон уруши қатнашчиси Муҳаммадиброҳим Иномов. – Биз кўрган оғир ва машаққатли уруш даҳшатларини фарзанду набираларимиз, келажак авлодларимиз кўрмасин. Болажонларимиз тинчликни қадрига етиб, илм ва ҳунар олиш пайида бўлишсин.

Вилоят ва туман жамоатчилиги вакиллари, мудофаа ишлари бошқармаси, ҳарбий-ҳуқуқий органлар мутасаддилари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар етакчилари иштирокидаги тантанали тадбирда вилоятимиз ҳокими Шавкат Абдураззоқов Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Муҳаммадиброҳим ота Иномовга давлатимиз раҳбарининг байрам табригини ўқиб бериб, “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик медали ва 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотини топширди. Шунингдек, уруш қатнашчисининг хонадонига байрам совғалари ҳамда “Нуроний” жамғармасининг пул мукофотлари тақдим этилди.

Айни пайтда вилоятнинг барча шаҳар, туманларида Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган табирлар давом этмоқда. Зеро, бугунги дориломон кунлар учун жонини аямаган, меҳнати билан фаровон ҳаётимизга катта ҳисса қўшган фахрийларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Зеро, халқимиз ва ватанимиз учун фидойилик кўрсатган инсонларни борида қадрлаш, ўтганларни ёд этиш, ҳаётимизни эзгулик нури билан ёритиб, бугунги кунда қадрига етишга чорлайди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

"Наманган ҳақиқати" мухбири

Энг кўп ўқилганлар

Календарь