ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35103
22 December, 2024, 01:37
Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Гендер тенгликни таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, парламент юқори палатасида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат-кенгашлари, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 28 майдаги қарори билан 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди. Стратегияда жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, маданият, таълим, илм-фан, спорт муносабатларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларининг тенглиги борасидаги бугунги ҳолат ва мавжуд муаммолар белгилаб ўтилган.
Жорий йил 11 апрель куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунининг қабул қилиниши яна бир муҳим қадам бўлди.
Киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар хотин-қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлик ҳамда зўравонликнинг олдини олишга, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрни яхшиланишига хизмат қилади.
Хорижий мамлакатлар қонунчилиги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, зўравонликнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик “оилавий зўравонлик” алоҳида ҳамда умумий фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига қарши қаратилган ҳуқуқбузарликлар сифатида тартибга солинган. Жумладан, кўплаб МДҲ ва хорижий давлатларнинг шу мазмундаги қонунлари ҳам оилавий зўравонликни қамраб олганлигини кузатиш мумкин.
Қонунда шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги, Васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига хотин-қизлар, болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминловчи қатор ўзгартиришлар киритилди. Ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан ваколатли давлат органлари ҳамда ташкилотларнинг, хусусан Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) комиссиялари фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси белгилаб берилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, инсон қадри ва манфаатлари йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мустаҳкам ҳуқуқий асослар билан таъминланар экан, жамиятда иллатларга қарши муросасизлик маданияти шаклланади.
Б. АКБАРОВА,
Наманган туманлараро маъмурий суди судьяси.
Б. АБДУРАХМАНОВ,
Наманган туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти