Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

21 December, 2024, 09:36

Жамият

Ички ишлар ходими бўлганимдан фахрланаман – Маҳлиё Убайдуллаева

  • 24.Октября.2023
  • 565

Қиз бола – отанинг меҳри ардоғида яшнаётган гул каби. Қизлар ота учун жонидан кечгувчи вафодор дўст, садоқатли ҳамроҳ, дуогўй ва меҳр-муҳаббати билан ҳаётини нурга тўлдирган қалбдошдирлар. Мақоламиз қаҳрамони ички ишлар ходимаси, подполковник Маҳлиё Убайдуллаеванинг камолотида раҳматли падари бузруквори Музаффар аканинг ҳиссаси катта бўлди. Маҳлиёнинг ота сиймоси билан боғлиқ хотиралари ёрқин, қиз боланинг ҳаётда ўз ўрнини топишида, иқтидорини юзага чиқаришда ишонч муҳим эканини тасдиқлайди.

– Отам ўқитувчи бўлганлари учунми ўқиш ва қизиқишларимизга алоҳида аҳамият қаратган. Қўлимдан етаклаб, мусиқа мактабига дуторчи қизлар тўгарагига, спорт ва тил ўрганиш курсларига олиб бориб, яхши ўқишим учун барча шароитларни яратиб берган. Ҳар гал Тошкентга борса, сумка тўла китоблар билан қайтар, эртаклар, ҳикояларни иштиёқ билан ўқиганим учунми мутолаа қилган асарларим ҳақида мулоҳазаларимни сўрашдан эринмасди. Бу суҳбатлар теран фикрлашга, дунёқарашимни оширишга хизмат қилганини йиллар ўтгач, англаб етмоқдаман. Оилада қиз болага ҳурмат ва ишонч билан муносабатда бўлиш нақадар муҳимлигини афсуски, ҳамма ҳам тушуниб етавермайди.

Ҳуқуқшунос бўламан деганим учун отам    мени тарих ва ҳуқуқ фанлари чуқур ўргатиладиган Чуст туманидаги 7-ДИМИга олиб борди. Лицей-интернатда ўқиб юрган пайтимда акам Шерзодбек Ички ишлар вазирлиги Академиясига талабаликка қабул қилинди. Қасамёд қабул қилиш маросимига оилавий борганмиз. Форма кийган қизларни кўриб, роса ҳавасим келди ва мен ҳам Академияга ўқишга киришимни айтдим. Отам менга: «Ички ишлар ходимаси бўлиш аёллардан катта масъулият, жасорат ва қаттиққўллик талаб қилади. Айрим вақтларда оилангга ҳам вақт ажрата олмаслигинг мумкин», – дедилар. Ҳатто кўпчилик қариндошларимиз ҳам бунга қаршилик билдиришди.

Отамга қарорим қатъийлигини, менга бу касб армон бўлиб қолмаслигини айтганимда, доимгидек интилишимни кўриб, агар чин кўнгилдан хоҳласанг, мен буни қўллаб-қувватлайман, дедилар. Мақсадимга етишиш учун тинимсиз ўқиб, изландим.

Интилишларим якунида ИИВ Академияси тингловчиси бўлдим. Ўзим хоҳлаб кирганим учун курсантликнинг қатъий тартиб-қоидаларига амал қилиш менга қийинчилик туғдирмади, балки,  орзу-интилишларим йўлида менга  куч бағишлар эди.  Тергов йўналишига қизиққаним учун шу йўналишда ўқишни тамомладим. 2011 йилда Чуст туман ички ишлар бўлими тергов бўлимида терговчи, катта суриштирувчи лавозимларида фаолият олиб бордим.

Халқимизда отаси ардоқлаган қиз бахтли бўлади, деб бежиз айтишмаган. Маҳлиёнинг оилада, жамиятда ўз ўрнини топишини аввало унга ота томонидан билдирилган ишонч билан боғласак тўғрироқ бўлади. Қиз боланинг орзулари амалга ошиши учун унинг фикрларини эшитиш, қалбига қулоқ солиш керак. Маҳлиёдаги эпчиллик, орасталик, мулойимлик фарзандларига бор меҳрини бериб тарбиялаган онаси Малоҳат аядан ўтган бўлса, аҳдига содиқлик, билимдонлик, ҳозиржавоблик, қатъиятлилик борасида отасига тортган. Маҳлиёнинг тақдир йўллари ички ишлар ходими, ҳозирда Косонсой тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими бўлинма бошлиғи бўлиб ишлаётган Қаҳрамон Акрамов билан боғланди. Бахтли оила соҳиблари ҳозирда Сардорбек ва Жасурбекларни тарбиялашмоқда.

Мана ўн икки йилдирки, Маҳлиё Убайдуллаева соҳада намунали фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг ишчанлиги, масъулиятни ҳис этиши бошқарма раҳбарияти эътиборига тушиб, у 2021 йил август ойида вилоят ИИБ маънавий-маърифий ишлар бўлими ва кадр-лар билан таъминлаш хизмати маънавий-маърифий ишлар бўйича бош инспектори бўлиб ишлади. 2022 йил май ойида эса вилоят ИИБнинг маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига ишга таклиф этилди. Мана ўшандан буён тизимда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар ўртасида турли маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиб келмоқда.

– Ички ишлар ходими бўлганимдан фахрланаман, тизимдаги опа-сингилларимиз йигитлар билан бир сафда жиноятларни фош этиш, ажримларнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида самарали фаолият олиб бормоқдалар. Жамият тинчлиги, осойишталиги учун она қалби, аёл жасорати керак деб ўйлайман, – дейди қаҳрамонимиз.

Маҳлиё бир неча бор Ички ишлар вазирлигининг фахрий ёрлиқлари, пул мукофотлари билан тақдирланган. Унинг ҳаётдаги шиори «Интилганга толе ёр».

Юртимизда аёлларнинг мавқеи ва обрўси мустаҳкамланиб бориши, орзулари амалга ошиши барчаси оқилона сиёсат, хотин-қизларга яратилаётган шарт-шароитлар туфайли. Маҳлиё Убайдуллаева каби лидер аёлларимиз эса олдинги сафда бошқаларга ҳам ибрат бўлмоқда.

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь