Қисқа сатрларда

Ҳамюртимиз «Тарих эътирофи» миллий мукофоти соҳиби бўлди

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

24 December, 2024, 11:07

Жамият

ҚИШДАН ОМОН ЧИҚМАГАН ЙЎЛЛАР... КЎПРИК ҚУРИЛИШИ НЕГА ЧЎЗИЛЯПТИ?

  • 09.Апреля.2021
  • 958

Ҳар баҳорда шу бўлар такрор. Йил оралаб апил-тапил таъмирдан чиқариб туриладиган айрим автомобиль йўллари қишдаги ёғингарчиликларга тоб беролмай транспорт ҳаракатига ноқулайлик туғдирадиган ўйдим-чуқурлар билан безанишига кўникиб қолгандаймиз. Ҳайдовчиларни бездирган бундай «яма»га тўла йўллар Мингбулоқ туманида ҳам учрайди. Масалан, транспортлар оқими сира тўхтамайдиган "Жомашўй — Гулбоғ" — 4Р126-автомобиль йўлининг манзил сўнггидаги 15 километрлик қисми ўта абгор ҳолатга тушиб қолган. Ҳар замонда бир юрган одаму бу йўлдан бир иложини қилиб ўтиб олар. Бироқ ҳар куни қатнайдиганлар, айниқса, автобус ҳайдовчиларига азоб.

— Туманнинг чеккасида жойлашган қишлоғимиз аҳлининг катта қисми кўзлаган манзилига етиб олиш учун асосан жамоат транспортидан фойдаланади, — дейди шудгормисол йўлдан амал-тақал ҳаракатланаётган 50 299 АВА рақамли “Isuzu” автобусида келаётган Наргиза Мамадаминова. — "Автодарётранс"нинг Косонсой унитар корхонасига қарашли 6 та автобус доимий хизматда. Бироқ, йўлимизнинг Тегирмон, Қозоқовул, Қорашаҳар маҳаллаларидан ўтган қисмидаги нобопликдан дилимиз зада.

— Вилоят марказидан Гулбоғгача 80 километрга яқин масофани босиб ўтишга тўғри келади. Тегирмон қишлоғи чегарасига кириб келишимиз билан йўл азоби бошланади. Машинамизнинг юриш қисми ҳафта ўтмай таъмирталаб ҳолга тушаётганини-ку айтмайлик, бу ердан ўтаётганда йўловчилар хавфсизлигини ўйлаб жонимиз халак, — дейди ҳайдовчи Илҳомжон Исоқов. — Боиси, ўта эҳтиёт бўлмасангиз чуқурликлардан қочиб, йўл ёқасидаги заканга сурилиб кетиш ҳеч гапмас.

Айтишларига қараганда, бу йўлнинг чуқурларига ямоқ солиниб, икки йил аввал «таъмирдан», агар шундай деб аташ мумкин бўлса, чиқарилган экан. Кўриниб турибдики, у жорий йил ёғингарчилик мавсумидан ҳам омон чиқа олмабди. Ҳосил бўлган сон-саноқсиз чуқурларга яна қачон ямоқ солинадию, қачон қатнаш учун эпақага келтирилади?

Абгор йўлдан қайтар чоғи, туман марказидан унча олис бўлмаган Меҳнатобод маҳалласида бир гуруҳ оқсоқолларнинг гурунги устидан чиқдик. Рўпарада ҳудуддан оқиб ўтадиган Охунбобоев канали устига кўприк қурилаётгани шундоққина кўзга ташланиб турибди.

— Ҳорманглар, кўпригинглар ҳам янгиланиб қоладиган бўлибди-да, — отахонларга юзланди ҳамроҳим Анвар Убайдуллаев.

— Шунга умид қилгандик, бироқ, суюнишга эрта чоғи, — жавобга тутинишди чоллар.

Мўйсафидларнинг ичи тўлиб турган эканми, кўприк қурилиши аччиқ ичакдай чўзилаётганидан ҳасратга тушишди. Бундан қарийб олтмиш йил аввал қурилган иншоот кейинги йилларда яроқсиз ҳолатга тушиб, анча хавфли бўлиб қолгани боис уни янгилашга қарор қилишгани кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлибди. Аммо...

— Ўтган йилнинг сўнгги чорагида эски кўприк бузиб ташланиб янгисини тиклаш ҳаракати бошланди. Аввалига анча тез ишлашди. Икки қирғоққа мосламалар ўрнатилди. Каналнинг оқим қисмига устунлар ўрнатишга киришилди. Бироқ, орадан кўп ўтмай нима сабабдандир қурувчилар ҳам, техника воситалари ҳам кўринмай қолди. «2021 йилнинг баҳоридан янги, замонавий кўприкдан қатнайсизлар», деб бизни ишонтиришганди, — дейди меҳнатободликлар фикрини ифодалаган меҳнат фахрийси Икромжон Эгамбердиев.

Маълумотларга қараганда, Наманган автомобиль йўллари бош бошқармаси буюртмачилигида амалга оширилаётган иншоот қурилишининг пудратчиси Наманган кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси бўлиб, лойиҳа ижроси учун дастлабки босқичда 1 миллиард 533 миллион сўм маблағ ажратилган экан. Ноябрь, декабрь ойларида 978 млн. сўми ўзлаштирилибди. Режага кўра, ишлар жорий йилнинг апрелида якунланиши белгиланган. Мана, апрель кун санай бошлаганига ҳам бир ҳафтадан ошди. Бу ерда бирор нафар қурувчи кўринмайди, техника ҳам йўқ. Биз қурилиши чўзилаётган иншоотда 6 апрель куни бўлгандик. Орадан бир кун ўтказиб яна бордик. Аҳвол ўша-ўша. Фақатгина икки томонга ўрнатилган бетон плиталар қирғоққа олиб тахлаб қўйилибди. Нега бундай қилишган, изоҳлайдиган одам топилмади. Бу ёқда Меҳнатободнинг ночор бўлсада эски кўприкдан амал-тақал қатнаб турган 420 хўжалигида яшаб турган аҳоли ўз уйларига бир-икки километр қўшимча йўл босиб, қатнашда давом этяпти. Айниқса, айланма йўлдан ўқишга бориб келаётган мактаб ўқувчиларига қийин.

Кўприк қачон битади? Қишлоқ аҳлини қизиқтираётган бу савол ва мақолада тилга олинган аввалги сўровимиз ҳам Наманган автомобиль йўллари бош бошқармасига тааллуқли бўлиб чиқяпти. Демак, жавобини кутиб қоламиз.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.

Анвар УБАЙДУЛЛАЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь