Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

22 December, 2024, 07:01

Жамият

Ҳиссиёт ва ақлий қобилият номутаносиблиги

  • 07.Апреля.2023
  • 843

Шу ўринда таълим-тарбия тизимининг мактаб амалий фаолияти болаларни нафақат ўқитиш, балки уларни тарбиялашни ҳам назарда тутади. Лекин ҳозирги кундаги хусусий боғчалар, мактаблар, олий даргоҳларнинг асосий мақсади фақат ўқитишга қаратилган. Болалар билан олиб бориладиган таълим-тарбия жараёнининг асосий иштирокчилари - ота-оналар, ўқитувчилар, тарбиячилар бўлиб, айни вақтда улар етук тарбиячилар деб ҳисобланади. Аммо миллий қадриятларимиздаги «Бир болага етти маҳалла ота» каби ёндошувлар негадир унутилмоқда.

Мактаб дастурларида логика, психология ва социология фанларига тааллуқли бўлган, ҳар қандай кишига кундалик турмушда асқотадиган айрим муҳим тушунча, эътироф, таърифлар етарли даражада акс этмаяпти.  Шу боис ҳам ўқувчиларда фикрлаш ва мантиқ қонунлари, категориялари, қоидалари ҳақида тушунчалар йўқ ёки бўлса ҳам жуда юзаки. Кўп ҳолларда болалар оилада ҳам етарли даражада ижтимоий тарбия олишмайди. Аниқроғи, ота ойлаб, йиллаб тирикчилик важидан сафарда юради. Боладаги меҳр инстинктлари қондирилмайди. Оқибатда, уларда шахсиятпарастлик, манфаатпарастлик хусусиятлари ривожланиши табиий. 
Телевидениедаги «Ақлвой», «Болажон» каналларида  кўрсатувлар узлуксиз намойиш этилади. Мультфильмлардаги шафқатсиз эпизодлар, ҳаракатларнинг тезлиги, фантазияларнинг ҳаётдан узоқлиги бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатмайди,  деб ким кафолат бера олади?

Бир соат телевизор томоша қилиш болада диққат  қилиш муаммоларининг пайдо бўлиш эҳтимолини ўн фоизга оширади. Кунига уч соат телевизор томоша қиладиган болакайда умуман телевизор кўрмайдиган тенгдошига нисбатан диққатни жамлаш қийинчилигининг  пайдо бўлиш эҳтимоли  ўттиз фоизга кўпроқдир.

Телефон касаллиги немофобия  ҳар бир ёш босқичида устун. Айниқса, ота-оналар болаларини телефон касаллигига боғлаб қўйишмоқда. Бугунги кунда айрим ишбилармонлар пул деб компьютер ўйинларини ташкил қилиб, ёш авлодни руҳий изтироб-ларига, катта-кичик жиноятларга йўл очиб беришмоқда. Оилавий низоларга ҳам пинҳона сабабчи бўлишмоқда. 

Тадқиқотчиларнинг берган маълумотларига қўра, инсон бош мияси бир вақтнинг ўзида бир нарсага эътибор беришга мўлжалланган.  Бош мия ортиқча  маълумот билан тўп ўқларига тутилса - бош мия ишини секинлаштиради. Кўплаб вазифа юклаш стресс гормони бўлмиш кортизол ишлаб чиқаришни кучайтиради ва ақлан  чарчашга олиб келади. Пировардида, ақлий заҳарланиш таъсирига тушиш - хотирамизга ва эслаб қолиш қобилиятимизга ёмон таъсир қилади.

Билишимизча, синфларида телефон ишлатиш тақиқланган ўқувчилар телефон ишлатиш эркин бўлган мактаблардагилардан ўзлаштириш кўрсаткичи юқори турар экан.  Яна энг қизиғи юқори технология асосчилари Google, Apple ва Yahoo компанияси ходимлари ўзларининг болаларини Силикон водийсида жойлашган Валдорф мактабига беришар экан. Чунки, у ерда Американинг рақамли дунё марказида жойлашганига қарамай,  iPad, смартфон ёки бирорта экран топилмас экан. 

Бизнинг хўжалик ҳисобидаги  психологик хизмат маркази НамДУ қошида 2015 йилдан  ўз фаолиятини олиб боради. Дастлаб корхона, ташкилотлардаги психологик иқлимни ўрганиш ва ходимларнинг индвидуал психологик ҳолатлари ташхиси ва таҳлили ўрганилди. Кейинги йилларда  аста-секинлик билан вилоятимиздаги юридик  ва жисмоний шахсларга психологик ёрдам ва маслаҳатлар бериш кенг кўламда олиб борилмоқда.

Вилоят ички ишлар бошқармаси, жиноят ишлари бўйича вилоят, туман судларига, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига, вилоят мажбурий ижро бошқармалари билан  шартнома асосида психологик хизмат кўрсатилмоқда.

Фуқароларга (мижозларга) турмушида, ишида, шахсий ҳаётида муаммолар пайдо бўлса  якка тартибда психологик маслаҳат, тавсия ва коррекцион машғулотлар олиб бориш йўлга қўйилган. 2022 йилда юздан ортиқ мижозга шундай кўрсатма, тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Шарқ мутафаккирларининг ноёб ўгит ва қарашларида шахс камолотида оилавий тарбиянинг ўрни юқори баҳоланган. Ота-она ва яқин кишиларнинг бурч ва вазифаларига алоҳида эътибор берилган. Айнан оилада ҳалоллик, поклик, мардлик, меҳрибонлик, ростгўйлик каби юксак инсоний фазилатлар тараққий этиши ҳақидаги  қимматли фикрларни ўзларининг фалсафий-ахлоқий, ижтимоий-психологик қарашларида ифодалаб берганлар.

Масалан, зардуштийликнинг қадимий китоби  «Авесто»да оила муқаддас даргоҳлиги,  унинг барқарорлигида эр ва хотиннинг тенг масъуллиги, фарзанд тарбияси хусусидаги фикрлар баён этилган. Хонадонда  ота етакчи бўлгани маъқул, деб кўрсатилган. Унда эр-хотиннинг ўзаро содиқ, ғамхўр, меҳрибон бўлишлари зарурлиги айтиб ўтилган. Ҳақиқатан ҳам тотувлик,  мўътадил иқлим ҳукмрон бўлган  масканда, шу тариқа бутун жамиятда жуда кўп муаммолар ҳал этилган бўлар эди.

Шунинг учун ҳам ХI асрнинг буюк мутафаккири  Юсуф Хос Ҳожиб ўзининг «Қутадғу билиг» – «Саодатга бошловчи билим» – асарида  «Агар боланинг хулқи ёмон бўлса, бунда боланинг айби йўқ, ҳамма айб - отасида» деб ёзмаган бўлар эди. 
Шу  ўринда улуғ шоиримиз Алишер Навоийнинг «Яхши хотин — оиланинг давлати ва бахти, уйнинг озодалиги, уй эгасининг хотиржам ва осойишталиги ундан. Ҳуснли бўлса – кўнгил ёзиғи, хушмуомала бўлса – жон озиғидир», – деган сўзларини эсламасак бўлмас. 

Ёқубжон ЖУМАНАЗАРОВ,
НамДУ қошидаги психологик марказ раҳбари.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь