ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34707
21 November, 2024, 05:46
Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади инсон, халқ, миллат ва жамият фаровонлигига қаратилганлиги билан муҳим ҳисобланади.
Одамларни рози қилиш, эртанги кун бугунгидан яхшироқ бўлишига ишонтириш учун фуқаролар раҳбарларнинг фаолиятидан рози бўлиши, мутасадди ташкилотлар ходимлари халқ дардига қулоқ солиши, муаммоларини ҳал қилиши керак. Шундагина фуқароларнинг давлатга, келажакка ишончи ортади, жамиятимизда ўзгариш, ривожланиш бўлади.
Ушбу талаблар ижросини ўз фаолияти давомида қўллаб келаётган давлатимиз раҳбарининг навбатдаги ташрифи Бухоро вилоятига бўлди.
Бухоро вилоятига келгач, Президент Шавкат Мирзиёев Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, халққа тинчлик-фаровонлик тилаб дуо ўқилди. Зиёрат чоғида «обод қилинган, тарихий аслият тикланган» мажмуадаги ишлар кўздан кечирилди.
Мажмуадаги Тоқи миёна дарвозасидан борувчи тарихий йўлак тиклангани қайд этилди.
“Юз йил вайрон бўлиб ётган бу дарвозани тиклаганимиз – ўзликни англаш, тарихга ҳурматимиз ифодаси. Энди бу ердаги ҳар бир обидага, хонлар даҳмаларига битиклар ёзиб қўйиш керак. Зиёратга келганлар қадамма-қадам тарихни ўрганиб, маънавий руҳ олиб ўтсин», – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент олимлар билан суҳбатда Баҳоуддин Нақшбанд меросини чуқур ўрганиш ҳақида фикр билдирди. Чет давлатлардан манбаларни олиб келиш, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, музейни Имом Бухорий мажмуасидагидек мазмунан бойитиш зарурлигини таъкидлади. Бухоролик ҳунармандлар маҳсулотларини кўздан кечирди Шунингдек, зиёратчилар, жумладан, хорижий туристлар учун қулайликларни кенгайтириш, қишга ҳам, ёзга ҳам мос шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Мутасаддиларга шуларни қамраб олган ҳолда, олимларнинг таклифлари асосида қарор ишлаб чиқиш топширилди.
Юртбошимиз “Қоракўл” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидаги металл қувур ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий “Enpipe” корхонаси фаолияти ҳамда Бухоро вилоятида ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Инвесторлар ва тармоқ раҳбарларининг янги истиқболли лойиҳалар тақдимотини тинглади.
Қоракўл туманида жамоатчилик вакиллари билан самимий суҳбатлашди, бухоролик нуронийлар ва меҳнат фахрийлари билан самимий учрашув ўтказди. “Маҳаллада еттилик ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлса, ишсизлик, жиноят бўлмайди” – деди Президент улар билан суҳбатда.
Шу билан бирга Қоракўл туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўрди, автомобиль йўллари қурилишини такомиллаштиришга оид лойиҳа билан танишди.
Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида кластерлар раҳбарлари билан мулоқот қиларкан, уларни халқпарвар, бой бўлишини тилаб, фақат ҳаёт билан бирга, халқ билан бирга бўлишга чорлади.
Барча ислоҳотларимиздан пировард мақсад – халқимизнинг даромадини ошириш. Камбағалликни йўқ қилиб, аҳолининг харид қобилиятини оширсак, тадбиркорларнинг иши ҳам ривожланади. Беш йил олдин Бухоро қандай эди, ҳозир қандай? Шу суръатда давом этса, яна беш йилдан кейин натижалар бундан-да яхши бўлади. Чунки шундай буюк, меҳнаткаш халқимиз бор, – деди Президент.
Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи арафасида янги корхона ишга туширилди
“Бухорога келишимиздан мақсад 2 миллиондан зиёд аҳолининг турмушини яхшилаш, даромад манбаи яратиш, камбағалликни қисқартириш”, – деди Президент.
Бухорода 2024 йили 1,3 млрд долларлик 607 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Президент Бухоро вилоятининг саноат кўргазмаси ва янги инвестиция лойиҳалари билан танишди ва учта йирик иншоот – газ-кимё мажмуаси, қуёш электр станцияси ва халқаро аэропорт қурилишига старт берди.
Таъкидланишича, ушбу лойиҳалар ишга туширилиши натижасида Бухорода нафақат туризм, балки саноат ҳам ҳақиқий драйверга айланади.
Бухоро туманида хусусий шериклик шартлари асосида халқаро аэропорт қуриш кўзда тутилган. 226 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида жаҳон стандартларига мос аэропорт инфратузилмаси ташкил этилади. Соатига 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Йўловчи ва ҳаво кемаларига сервис сифатини ошириш орқали янги халқаро авиакомпаниялар жалб қилинади.
Қоракўлда барпо этиладиган MTO газ-кимё заводида эса 2 минг киши иш билан таъминланади. Шунингдек, у қурилиш, тўқимачилик, чарм-пойабзал, автомобилсозлик, электротехника ва бошқа турдош соҳаларда ўнлаб корхоналар, яна 4 мингта иш ўрни очилишига туртки бўлади.
Олот туманида Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси томонидан 250 мегаваттли қуёш электр станцияси ҳам қурилади. Бу лойиҳа учун Олот туманидан 648 гектар ер ажратилган. Станция 2025 йил декабрда ягона электр тармоғига уланиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Бухоро вилоятида Саудия Арабистонининг «ACWA Power», Хитойнинг «Gezhouba» компаниялари томонидан ҳам муқобил энергия мажмуалари барпо этилмоқда. 2030 йилга бориб вилоятдаги қувватлар 9 карра ортиб, йилига 12,5 миллиард киловатт соат «яшил» энергия ишлаб чиқарилиши мумкин.
Лойиҳа доирасида қарийб 5 миллиард доллар инвестиция жалб этилиб, АҚШ, Германия, Дания, Австрия, Италия ва Хитойнинг энг илғор технологиялари ўрнатилади. Ягона мажмуа доирасида йилига 1,3 миллиард метр куб табиий газ ва 430 минг тонна нафта қайта ишланиб, юртимиз ва жаҳон бозорида талаб юқори бўлган 1,1 миллион тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ҳисоб-китобларга кўра, бундай маҳсулотлар газ нархига нисбатан 5 баробар кўп қўшилган қиймат беради.
Ташриф давомида мамлакат тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилиши лозим бўлган ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолгани йўқ.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи жадал ўсиб бораётган иқтисодиётимизга янада катта туртки бериши, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлидаги ишларни самарали амалга ошишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Мусохон АППАҚОВ.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилояти бўлими раҳбари
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти