ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35102
21 December, 2024, 10:37
Меҳр-оқибат, дардга дармонлик, мурувват – халқимизга хос бўлган бебаҳо фазилат. Айни қадриятларнинг давлат сиёсати билан чамбарчас уйғунлашгани ижтимоий муҳофаза масаласини устувор ўринга олиб чиқиб, аҳоли эҳтиёжманд қатлами турмуш даражасини кўтаришга хизмат қилаётгани кўплаб юртдошларимиз ҳаётида амалий исботини топмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг «Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши билан ушбу муҳим тизим фаолиятининг янги босқичига қадам қўйилди.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли орган бўлган агентлик, унинг жойлардаги бўғинлари ташкил этилиши негизидан биринчи навбатда фуқароларни давлат томонидан манзилли ҳимоялашнинг профессионал тизимини жорий қилиш, кўмакка муҳтож қатламнинг ижтимоийлашувини таъминлаш, фаолиятда маҳалла даражасигача кириб бориш, оғир аҳволга тушиб қолган инсонларга индивидуал ёндошиш, ижтимоий суғурта механизми қўлловини кенгайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт кечириши учун қулай муҳит яратиш сингари долзарб вазифалар ўрин олган.
– Янгича иш юритишга ўтиш юзасидан ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатларда жорий йилнинг 15 октябридан 2024 йил 1 январгача туман, шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини ташкил этиш ҳамда тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, келгуси йил бошидан барча бўғинларни тўла ишга тушириш мақсад қилинган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Иброҳим Ҳожиев. – Бунда дастлабки босқичда 26 турдаги хизматлар йўлга қўйилиб, янаги йил бошидан улар сони 49 тага етказилади.
Ушбу вазифалар ижросига жадал киришилиб, ўтган қисқа вақт ичида ижтимоий хизмат ва ёрдамларнинг паспортлари ишлаб чиқилди. Бир пайтнинг ўзида «Ижтимоий ходим тўғрисида»ги вақтинчалик Низом, вақтинчалик йўриқнома, ижтимоий ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ва «Маҳалланинг ижтимоий паспорти» сингари зарур хужжатлар тасдиқланди. Қайд этиш лозимки, вилоятда ижтимоий ҳимоя янги тизимини жорий этиш билан боғлиқ ташкилий, шунингдек, аҳолига юқори сифатли манзилли ижтимоий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш билан боғлиқ тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, бошқарма ҳамда шаҳар, туманлардаги марказлар босқичма-босқич ишга туширилиб, малакали ходимлар билан таъминланмоқда. Махсус ишчи гуруҳи томонидан агентлик тасарруфига кирувчи аҳоли тоифалари ажратиб олиниб, маҳалла бешлиги ва патронажлар томонидан хатловдан ўтказилди.
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда 2,6 миллиондан ортиқ нуфусга эга Наманган вилоятида 3761 нафар якка ёлғиз кексалар, 74473 нафар ногиронлиги бўлган шахслар, 254877 нафар «Ягона ижтимоий ҳимоя реестри»да турувчи фуқаролар, 621 нафар тазйиқ ва зўравонликка учраган шахслар, 679 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш мақсадида Президент қарори билан республикадаги 28 та туман ва шаҳарда тажриба тариқасида «Инсон» ижтимой хизматлар маркази ташкил этилиши белгиланган эди. Яқинда Наманганда биринчи бўлиб Косонсой туманида шундай марказ тўла иш бошлади. Замонавий бинода жойлашган муассасада маҳаллаларга мажмуавий хизмат кўрсатувчи 24 нафар малакали мутахассис фаолият олиб бораётир. Улардан бири – иккинчи гуруҳ ногирони Жавлон Абдуллаев мутахассис лавозимига ишга қабул қилинган.
– Бу ерда ишлашдан алоҳида қониқиш ҳосил қиламан, – дейди Ж. Абдуллаев. – Чунки, жисмоний жиҳатдан имконияти чекланган инсон сифатида бу тоифадаги шахсларнинг ички дунёси, дарду ташвишларини юракдан ҳис қиламан. Уларнинг ҳаётий масалалари ечимида жону дилим билан иштирок этаман.
Декабрь ойи бошида Чуст туманида ҳам шундай марказ ишга туширилиб, тўла таркибда аҳолига 26 турда ижтимоий хизматларни кўрсатишга киришади.
Ижтимоий хизмат ва ёрдам соҳасидаги ишларда мазкур тоифадаги шахсларга нафақат моддий ва бошқа турдаги амалий кўмак кўрсатиш, балки уларнинг маънавий эҳтиёжларини ҳам қамраб олиш кўзда тутилган. Шундан келиб чиқиб, ҳар ҳафтанинг жумасида йўлга қўйилган «Меҳр ва саховат куни» тадбирлари ўз самарасини бермоқда. Унда жойлардаги эҳтиёжманд оилалар, ногиронлар ва ёлғи кексалар ҳолидан хабар олиниб, хайрия юмушлари амалга оширилади. Ҳозирга қадар шу йўналишдаги 350 дан зиёд тадбир давомида 17 мингдан кўпроқ фуқаро совға-саломлар билан йўқланиб, уларнинг кўпчилигига махсус аравачалар, реабилитация воситалари, озиқ-овқатлар тўплами топширилди. Бу орада кекса авлод вакилларининг вилоятдаги тарихий ва манзарали жойларга саёҳатлари уюштириляпти. Кейинги пайтларда уч мингдан ортиқ нуроний ана шу имкониятдан фойдаланди.
– Уйда ўтириб қолган эканмиз, бугунги саёҳатдан кўнгилларимиз яйради, – дейди бир гуруҳ қариялар билан Чортоқ туманидаги «Султон Увайс Қароний» мажмуасига саёҳатга келган Башорат она Маҳмудова. – Вилоятимизда бу сингари обод зиёратгоҳларга биз сингари нуронийларнинг ташкилий равишда олиб келинаётгани жуда яхши иш бўляпти.
Бу сингари мазмунли саёҳатлар вилоятдаги «Ахсикент» тарихий ёдгорлиги, Исҳоқхон Ибрат мажмуаси, «Балиқликўл» зиёратгоҳи сингари манзилларга ҳам ташкил этилаётгани айниқса, маъқул тушяпти.
Кўриниб турибдики, ижтимоий ҳимоя тизимини янгилаш йўлида ташланаётган дадил қадамлар, бу борада яқин вақт ичида рўёбга чиқариладиган янада кўламли юмушлар Янги Ўзбекистонда инсон қадрини бундан ҳам улуғлаш йўлидаги олий мақсадлар рўёбига йўналтирилган. Масаланинг эътиборга молик жиҳати ҳам шунда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти