ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35122
23 December, 2024, 02:11
Қилмиш бор экан, унга қонун бор. Бировнинг ҳақ-ҳуқуқи бузилибдими, ҳимояловчи суд бор. Қанийди, судга ишингиз тушмаса! Қўшиқда куйланганидек, бешик олдидан қабр тўригача бир йўлдирки, суд ҳам ана шу нотекис йўлдаги бир манзил ва иши бор одам шу бекатда тўхтаб ўтади. Тасаввур қилинг: қўшнингизнинг соч-соқолидан бирорта қораси қолмаган, кампири оламдан аллақачон ўтиб кетган, чол ўзи танҳо, «ҳа» дейдиган кишига зор, доимо кўзи остонада - маҳалла оқсоқоли ва қўшнилар бамаслаҳат қарорга келадилар: шўрликни ё ғарибхонага обориш, ё ўғлидан алимент ундириш! Шу иш биз ўзбекларга хосми? Тасаввур қилиб бўлмайди, ахир! Ваҳоланки, бунақанги ҳазин ҳолатларнинг неча-нечаси Шакарбек Жўраевнинг кўз олдида бўлиб ўтган. Ундан ҳам баттар, ақл бовар қилмайдиган воқеаларни кўрган. Негаки, Ш. Жўраев суд ижрочиси, юрист сифатида қарийб ўттиз йиллик фаолиятини шу соҳага бағишлади.
– Кредит олмоқчи бўлган ҳар бир фуқарога банкларнинг эшиги очиқ турган шу замонда одамлар қизиқ, – дейди Шакарбек. – Уйини гаровга қўйиб, бировдан қарз кўтаради, пул берганнинг шартлари бор, қарздорнинг тилхати қўлида, гувоҳлар тайёр. Натижада ҳовли жойидан айирилиб, кўчада қолганлар нечта. Исм-фамилиясини айтиб, ярасини янгилаб бўладими?
Бошқа биттаси ҳақида айтаркан, суҳбатдоши жуда ҳайрат билан гапирди.
– Ўз боласидан тонди-я!
Ота-онадан, жон-жигардан, ўғил-қизлардан тониб бўладими? Демак, шундайлар ҳам бор. Воқеа шундоқ, бир қизнинг тақдири хусусида суднинг қарори бор. Ижрога ҳавола қилингач, ижро этилади, албатта. Қизнинг отасини чақирадилар.
– Бу қиз менинг қизиммас, – дебди ота.
– Дада! – ҳўнграйди қиз...
Шакарбек қишлоқда туғилиб ўсган, олий маълумотли юрист, ТошДУни (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. Юпунгина оилада ҳамма нарса бор эди: чорва узилмасдики, қатиқ-қаймоқ муҳайё, резавор тўла ҳовли, адирда қайроқипоя. Тўққиз боланинг бирортаси «иҳ» деса, Рислиқхон эна парвона бўлиб, беҳиданми, эрмон ё хулваданми туркона «рецепт»ни ишга солардики, ҳалиги бемор бир ухлаб турса бас, сен кўр-мен кўр-да. Раҳматли она 83 ёшида (2015) қазо қилди.
– Ўша даврни эсласам, – дейди Шакарбек, – бугунги қонунбузарликларнинг аксарияти ношукурликдан чиқаётганга ўхшайди. Бугун оилавий ажрашишлар камайгани ҳақида гаплар бўлиб қолади. Қанақасига кам бўлсин! Биттагина оиланинг бузилиши ўзи кўп-ку! Ўша эр-хотиннинг фарзандлари, ота-оналари, туғишганлари, қон-қариндошлари бор.
Никоҳнинг бузилиши эр-хотиннинг ўзигамас, эллик-юз кишига азоб беради-да. Мол-мулкни, башарти ягона ўғил ё қизни қандай бўласиз. Мана, ўзим иштирок этган воқеа: ажрашган аёл ва эри ёлғиз ўғилни талашяпти. Ваҳоланки, 12 яшар бола на отаси, на онаси билан кетмоқчи эмас. Чунки, икковидан ҳам безган, уйдаги жанжаллар жонидан тўйдирган, чол-кампир уни шу ёшга етказишган, ўша буви ва бобо бир бурчакда йиғлаб туришибди. Менимча, эр-хотин фарзанд берган Худога шукур қилиб, лоақал шу бола учун муросага келишлари зарур эди. Ана унда шунча изтироб, дилхиралик, маҳкамабозлик йўқ эди, кўз ёшлари ҳам тўкилмасди...
– Савол туғилиб қолди, Шакарбек, эрига алимент тўлайдиган аёл борми?
– Бор, биттамас.
– Номини, манзилини айтсак...
– Ҳожати йўқ, – бош чайқайди у. – Онасига алимент тўлайдиганлар ҳам учраб туради...
Шакарбек Жўраевни Чортоқ туманида ҳамма танийди, вилоятда ҳам обрўси етарли. Вилоят адлия бошқармасида, Наманган шаҳрида, Янгиқўрғон ва Уйчида ишлаб ўзидан яхши ном қолдирди. Шакарбекнинг «ярми» тошкентлик, Дилорахон Бўстонлиқ туманидан, атоқли шоир Сидқий Хондайлиқийга ҳамқишлоқ. Уларнинг тўнғичи Баҳодир ота изидан бориб, ҳуқуқшуносликка ўқиди. Ш. Жўраев вилоят адвокатлар палатаси «Солидарити» адвокатлар ҳайъатида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Рустамжон УММАТОВ
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти