Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

21 December, 2024, 10:24

Жамият

Китоб, газета-журнал инсон маънавий эҳтиёжи учун энг зарур неъматлардир

  • 18.Ноября.2023
  • 408

Умрида кутубхонага кирмаганлар бор. Қадим ўтмишда эмас, айнан бугун, сизу бизга замондошлар орасида ҳам ҳатто мактаб кутубхонасини бирров айланиб чиқмаганлар борки, бирорта китоб ўқимаган бўлсаям китоб ўқиган ва ўқиётганлардан «зўр яшаётганликлари»ни рўкач қилиб, ўзидан мамнуният туядилар. Бу оғриқ кутубхоначиларга менсимай муносабат қилувчилар феъли билан ҳам туташ.

Лекин ҳозир бу ҳақида эмас, кўзлари ожиз бўлса-да, олам ва одам, тарих ва келажак, яқин ва олис маконлар ҳақида тиниқ тасаввурга эга, жамиятимиздаги жараёнларни китоб, газета ва журналлар мутолааси орқали юраги билан ҳис қила олувчи, дунёга кўнгил кўзи билан назар ташловчи – тафаккур қилишга қодир замондошларимиз ҳақида тўхталмоқчимиз.

Чортоқ тумани Маданият маркази давлат дастури асосидаги мукаммал таъмирдан ўзгача кўрк билан яшнаб чиқди. Миллий ҳунармандчиликнинг қадимий кўриниши ила сайқалланган, ўймакорлик нақшинлари билан зийнатланган қўш табоқли эшик зулфинларида ҳам китоб тафти бордай. Бундоқ дейишимизнинг сабаби марказга кираверишда Кўзи ожизлар кутубхонасининг туман бўлими жойлашган. Маданият масканига кирганки кишининг эътиборини кўзлари ожиз бўлса-да, чоғроққина ўқув залида столга мук тушганича китоб ўқиётганлар ўзига тортади.

Раҳимжон Азибаев – 1960 йилда туғилган. Орттирилган кўз касаллиги бўйича I-гуруҳ ногирони. Икки йилдан буён китоб ўқиш учун марказга қатнайди. У билан суҳбатлашсангиз, «Агата Кристининг «Ўғирланган миллион доллар», «Лорд Ежуорнинг ўлими», «Ўнта негр боласи», Саид Аҳмаднинг «Жимжитлик», Нуриддин Исмоиловнинг «Ўлимга маҳкум этилганлар», «Тансоқчи», Менглибой Муродовнинг «Гуноҳ», Ҳабиб Темировнинг «Қўш узук» асарлари ҳақида тўлиб-тошиб гапиради. Жаҳон адабиёти дурдоналаридан тортиб, миллий адабиётимизнинг бугунги вакилларигача таништиради. Асарларнинг мазмунини, қаҳрамонларини жонлантира олади.

Орттирилган кўз касаллиги бўйича II-гуруҳ ногирони Носиржон Шохолдоров эса брайл алифбоси асосидаги бўртма ёзувли китоблардан кўра гапирувчи ва аудио китоблар ҳақида мамнуниятини айтиб, ўз таассуротларини ўртоқлашади. Носиржон Аҳмад Лутфий Қозончининг «Саодат асри қиссалари»дан олган таассуротларини завқ билан гапираркан, алоҳида таъкидлайди:

– Биласизми, мен каби орттирилган кўзи ожизлар, болаликдан ёки туғма кўзи ожизларга нисбатан китобхонликда, умуман ўқиш ва ёзишда қийналамиз. Бу жиҳатдан бизга кутубхона директори Раҳимахон Жўрабоева ҳамда кутубхоначи Абдулҳамид Нишоновлар жуда эътиборли. Улар ёрдамида брайл ёзувидаги ҳарфларни ўқиш ва ёзишни осон ўзлаштирамиз...

Айтишларича, Чортоқ тумани кўзи ожизлар кутубхонасининг умумий китоб фонди 2710 нусхани ташкил этади. Шундан 279 нусхаси аудио гапирувчи китоблар, 1320 нусхаси ясси босмали, 338 таси эса рулон кассетали гапирувчи адабиётлар, бўртма нуқтали китоблар 773 нусхадан иборат. 300 нафар мунтазам фойдаланувчи китобхоннинг аксариятига китоб етказиб берилади. Кўзи хиралашган, ўқишга қийналадиган 50 нафар киши ҳам 250 нафар кўзи ожиз қатори айнан шу китоб фондидан фойдаланади.
Кутубонада барча қулайликлар бор. Компьютер, нусха кўчириш аппарати, улар учун MVD махсус дастурлар билан таъминланган.

– Бунинг учун Маданият вазирлигига, вилоят, туман раҳбариятига, вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси директори Абдуғаффор Жўраевга ташаккур билдирамиз, – дейди коросконлик фаол китобхон Носиржон Шохолдоров.

Вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси тасарруфида Наманган шаҳар ихтисослашган кутубхонасини ҳам ҳисобга олсак 13 та махсус кутубхона мавжуд. Уларда жами 66 минг 290 нусха китоб бор. Шу йилнинг ўтган даврида яна 431 та янги, энг сара китоблар қабул қилинган. Кутубхона учун «Дамас» автомашинаси ажратиб берилган. Туманларда эса кутубхонага қатнаш имконига эга бўлмаган китобхонлар учун велосипед ёрдамида китоблар тарқатилади.

– Мен бир фикрни алоҳида таъкидламоқчиман, – дейди вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси директори ўринбосари Муродулла Нарзуллаев. – Ҳозирда аҳолининг кўпчилик қисми, айниқса, ёшлар ахборот технологияларига қизиқиб, ахборот ва маълумотларни интернетдаги ижтимоий тармоқлардан олишга берилиб кетишди. Бу нечоғли қулай бўлса ҳам, асло истиқболли ва яхшилик аломати эмас. Газета ва журналлар хонадонларга кириб бориши шарт. Китобхонликнинг сусайиб кетишига газета-журналларнинг ўқилмаётгани биринчи ва асосли сабабдир. Фарзандларимиз дарслик асосида ўқитиляптими, дарс жараёнларида қўшимча адабиётларнинг босма нашрдаги нусхалари талаб этиляптими, демак, газета-журналлар мактабларимизда ҳам, хонадонларимизда ҳам бўлишига эришиш барчамизнинг бурчимиздир.

Мен кутубхоначи мутахассис сифатида асосли кузатишларимга таяниб, иккиланмай айта оламанки, босма нашрдаги китобларсиз, газета ва журналларсиз маънавий эҳтиёжларимизни тўлақонли қондиролмаймиз. Бу менинг шахсий фикримгина эмас, балки кўпсонли китобхонларимизнинг ҳам талаб даражасидаги хулосаларидир.

Маълумот ўрнида, вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси жамоаси келгуси йил учун газета-журналларга ҳозиргача 32 миллион сўмлик обуна бўлишди. Шундан 13 нусхаси «Наманган ҳақиқати»га.

Носир АББОС.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь