ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35111
22 December, 2024, 01:24
Халқимиз томонидан қизғин муҳокама қилинаётган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасида турли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлишини таъминлаш, “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилини, хусусий мулк дахлсизлигини, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини, фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини мустаҳкамлаш каби масалалар алоҳида эътиборга олинмоқда. Бу эса халқимиз, айниқса, томорқа ер эгалари, ишбилармон доира вакиллари томонидан кенг қўллаб-қувватланаётир.
53-моддада қайд этилган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги ўзгаришларга кўра иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги, ҳеч бир шахс ўз мол-мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Қолаверса, мазкур моддага кўра, мулкни жамоат эҳтиёжлари учун мажбурий равишда бошқа шахсга ўтказиш қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда ҳамда тартибда унинг ўрнини олдиндан ва тенг қийматда қоплаш шарти билан амалга ошириш мумкин.
Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатга киришишида қонунчиликдаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинишининг Конституция даражасида белгиланиши энг аввало инсон қадрини улуғлаш бўйича улуғвор ғоянинг амалга татбиқ этилишига, ҳужжатларда ноаниқлик ва қарама-қаршилик пайдо бўлганда давлат манфаатлари эмас, инсон манфаатлари устунлигини таъминланишига олиб келади.
13-моддага “Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади” дея киритилиши фуқароларнинг давлат идоралари билан бўлаётган муносабатларида юзага келадиган қатор муаммо ва вазифаларни, инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш имкониятини кенгайтиради.
К. БАКИЕВ,
Наманган туманлараро маъмурий суди девонхона мудири.
Б. АБДУРАҲМОНОВ,
Наманган туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти