ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35102
21 December, 2024, 10:23
Ҳой, ҳовли дарвозаси ёнига шағал, қум ёки тупроқ тўктирган, энди уни ишлатишга вақт ё маблағ жамғаролмай юрган ҳамюрт-замондош, сизни ҳушёр торттирармикин, деган фикрда сарлавҳага савол қўйдик.
Шаҳар ва туманларимиздаги ободончилик ишлари, айнан «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» давлат дастурлари ижросининг натижалари кўзга ташланиб турган бир даврда кўчаларга тўкиб қўйилган шағал, тупроқ ва қум уюмларини кўриб ҳар қандай кишининг кўнгли беҳузур бўлиши тайин.
Туманлар ва шаҳар ҳудудларидаги маҳаллаларда бўлганимизда кўчага қурилиш ашёлари – эски бетон бўлаклари, тош, ишлаб чиққан турли кўринишдаги темирлар тушириб, уни йиллаб ҳовлисига ташиб олмаётганларни учратдик.
Ҳаммасининг сабаб дейишга арзимайдиган баҳоналари бор.
Бизни аксарият аҳоли вакилларининг Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексидан бехабарликлари ташвишлантирди. Мазкур кодекснинг «Фуқароларнинг турар-жой ҳуқуқларига тааллуқли, коммунал хизмат ва ободонлаштириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик» деб номланган ХII-бобидаги 161-модда «Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш» деб номланади.
Мазкур ҳужжатда кўчага шағал, қум, тупроқ ва бошқа ашёлар тўктириб, ҳовли ичкарисига олмаётган фуқароларга маъмурий тартибда жазо чораси кўриш белгиланган.
Келинг, шу моддадан иқтибос келтирайлик:
«Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ҳудудларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш, шунингдек, тозалик ва санитария тартибини таъминлаш қоидаларига риоя қилмаслик — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».
Биз бу масалани бежизга маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари диққатига ёки сектор раҳбарлари эътиборига, — деб алоҳида урғу-чақириғи билан белгиламадик. Ахир жамоатчилик назорати ҳам бўлиши керак-ку!..
Қўшнисининг кўчага шағал-қум тўктиргани ва ойлаб, йиллаб ҳовлисига ташиб олмаганидан хафа бўлаётган девор-дармиёнлар кимга тиш ёрсин? Риоя-андиша, юз-хотирчилик, деган қадриятларимиз худди шу нуқталарда суиистеъмол қилинмаяптими?
Аксарият янги маҳалла кўчаларида дарвоза олдига қуббадор устунли айвон чиқариш, гулдор безакли темир панжаралар билан уй орқасини ўраш, терак, гул ва бошқа манзарали, мевали дарахт кўчатларини айнан кўча ҳисобидан чегирилган жойга ўтқазиб парваришлаш каби ҳолатлар мавжудки, қонуний тартибга кўра бу ҳам ҳуқуқбузарликдир.
Мавзу бўйича суриштирув олиб борганимизда маҳаллалардаги участка инспекторлари бундай ҳолат бўйича тушунтириш ишларини олиб боришмоқда. Ҳатто юзлаб кишиларга жарима жазоси қўлланилган. Аммо фуқаролик маърифати ва ҳуқуқий маданият савиясининг пастлиги сабаб кўпчилик ҳамюртларимиз «Бизга бўлаверади» тариқасидаги тутимсизлик билан ўз ҳовли-хонадонларига олиб кирувчи йўл ва йўлакларни бесар тутишади.
Маҳалла аҳли, қўни-қўшнилар бир-бирларига эътиборли бўлиб, саранжом-саришталик, айнан йўл тозалиги ризқу баракот асоси экани ҳақида ўйлашлари зарур. Акс ҳолда, жаримага тортилишлари тайин.
Носир АББОС.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти