ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35120
23 December, 2024, 12:21
Халқимиз азалдан сув келтирганни, йўл ва кўприк қурганни азиз санаган. Бу эзгу ишларнинг савобини эса ҳеч бир ўлчов билан баҳолаб бўлмайди.
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги Булоқбоши маҳалласи аҳли иккинчи гуруҳ ногирони Солижон Маматовни ҳудуддан оқиб ўтган сой устига мустаҳкам кўприк қуриб, кўпчиликка катта қулайлик яратганини оғизларидан бол томиб гапиришади. Қирқ икки ёшли бу фидойи инсонни алқаганларича бор. Гап шундаки, маҳалладан оқиб ўтган Булоқбоши сойи устидаги кўприкни сел ювиб кетганига йигирма йилдан ошганига қарамай, бу ердан қатнаш аҳоли учун жиддий муаммо бўлиб келди. Тўғри, орада вақтинчалик ўтиш мосламалари ўрнатилди, бироқ, улар омонат бўлганидан узоқ вақтга ярамаган. Заркент ва Гармов кўчаларини боғловчи кўприкнинг йўқлиги, айниқса, аёллар ва болаларга қийинчилик туғдирар эди. Масалан, 22-умумтаълим мактаби ўқувчилари 2-3 километр масофани айланган ҳолда ўқишга қатнашларига тўғри келган.
Аввал ҳарбий соҳада ишлаган, кейинчалик ногиронлиги сабаб нафақага чиққан Солижон Маматовнинг ташаббуси кўпчиликнинг дардига дармон бўлди.
— Анча-мунча маблағ орттиргандим, маҳалладошларимга замонавий кўприк қуриб беришга қарор қилдим. Аслида бу пулга машина сотиб олиш, уйимни таъмирлашни мўлжаллагандим, уларнинг ҳам вақти келиб қолар, — дилидаги тилига кўчди Солижоннинг. — Хайрли иш кўпчиликка маъқул тушди. Тегишли ташкилотлар йўл ўтказиш иншооти тарҳини чизиб беришди. Узунлиги 11, эни 7 метр бўлган мустаҳкам кўприкдан 100 тоннагача юкли транспорт воситалари ҳам бемалол ўта олади.
Етти ой ичида битган янги кўприк ишга туширилган кун булоқбошиликлар учун байрамга айланди. Каттаю кичик йўли яқинлашганидан хурсанд. Айниқса, оқсоқолларнинг боши осмонда, Солижоннинг икки дунёси обод, шундай жонфидо фарзандни тарбиялаган Неъматулла ота ва Ўктамхон аянинг умрлари узоқ бўлсин, дея узундан-узоқ дуо қилдилар.
— Баъзида ҳовлимиз ёнидаги кўприкчани созлаб қўйишга ҳафсала қилмаймиз, — дейди меҳнат фахрийси Мўминжон ота Ғафуров. — Солижон юрт ишига камарбасталик намунасини кўрсатди. Унинг 200 миллион сўмдан зиёд маблағи ҳисобига кўприк тиклагани кўпчиликка ибратдир.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти