ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35138
25 December, 2024, 12:06
Ёхуд изсиз йўқолиб кетган мурожаатлар, оғзига талқон солиб олган раҳбарлар ҳақида
Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёев 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида ҳудуддаги Бунёдкор маҳалласини бориб кўрди.
Қарс икки қўлдан...
«Халқ сўзи» газетасида бундан бир неча йиллар аввал мухбиримиз Қудратилла Нажмиддиновнинг Наманган вилоятидаги «Бўстон-Чаманзор» маҳалла фуқаролар йиғинидаги муаммолар, фуқароларни қийнаб келаётган масалаларга оид «Аросатдаги маҳалла» сарлавҳали танқидий-таҳлилий мақоласи чоп этилган эди. Ўша вақтда вилоят мутасаддиларининг таҳририятга мавжуд муаммоларнинг ҳал этилиши бўйича берган жавоби фақат қоғозларда қолиб кетганини бугун ушбу ҳудуддаги ачинарли аҳвол яққол кўрсатиб турибди.
Тўғри, маҳалла номи Бунёдкорга айлантирилди. Аммо ўтган йилларда бу жойнинг фақатгина номи ўзгарди, холос. Муаммолар, аҳолининг яшаш тарзи эса ўзгаришсиз қолаверди.
Аслида, бундай ҳолатларнинг ҳамон мавжуд эканлигида жамият ҳаётининг кўзгуси сифатида ўз муносабатини такрор ва такрор билдириши, мутасаддиларни масъулиятли бўлишга ундаши лозим бўлган биз, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳам айби бордек. Боиси баъзи раҳбарларнинг гапига ишондик, зарур чоралар кўрилибди, деб хотиржамликка берилдик.
Президентимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлови, жамиятимизда ҳукм сураётган очиқлик, ошкоралик муҳити бугунги кунда журналистларга қанот ва таянч бўлаётир. Бироқ, афсуски, айрим мутасаддиларнинг ҳали ҳам эскича иш услубидан воз кечмаганини, мудроқ кайфиятдалигини, ҳаётимиздаги, жамиятдаги ўзгаришларни теран илғамаётганини матбуотга бўлган беписанд муносабатлари ошкор этиб қўймоқда.
Мисол учун газетамизнинг ўтган сонларида Поп туманидаги Санг қишлоғи муаммоларига бағишланган «Тириклик... тирикчиликми? Ёки бугун қишлоқ ёшларининг бўш вақти қандай ўтмоқда?», Андижон вилоятидан «Балиқчида «ҳамма ишлар жойида, ҳеч бир муаммо йўқ»ми?», Бухоро вилоятидан «Бухоронинг тарихий қиёфаси сақлаб қолинадими?», Жиззах вилоятидан «Қаровсиз йўллар қачон равон бўлади?» ва бошқа сарлавҳалар остида ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатни акс эттирган танқидий-таҳлилий руҳдаги қатор материаллар чоп этилди. Бироқ шу кунгача мутасаддилар оғзига талқон солгандек жим, улардан бир энлик бўлсада жавоб хати олганимиз йўқ.
Давлат раҳбарининг олиб бораётган сиёсатига камарбаста бўлаётган, ўзгаришларнинг ҳаётга кўчиши учун муаммоларга кенг жамоатчилик эътиборини қаратаётган оммавий ахборот воситаларига муносабат шундай бўлгач, уларнинг эл-юрт ғамида куйиб-ёнаётганига ким ҳам ишонади?! Ахир қарс икки қўлдан чиқади...
Журналист у қайси оммавий ахборот воситасида ишламасин, шу халқ дардини, уларни қийнаётган муаммоларни олиб чиқиш баробарида, тегишли раҳбарларнинг ўша мақолада кўтарилган муаммоларга эътиборини қаратиш, тезда бартараф этилишига умид билан қарайди.
Табиийки, аҳоли ҳам «Муаммоларимиз матбуотда эълон қилинса, раҳбарлар ҳам сал эътибор қаратишар, уйғонар», деган умид билан яшайди. Таассуфки, баъзан умидлар саробга айланиб қолмоқда.
«Биз ўзи қайси асрда яшаяпмиз?»
Журналистлар кўтарган муаммоларга эътиборсизлик оқибатларига Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифи давомида Бунёдкор маҳалласидаги аҳвол билан танишганида яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Мазкур манзилдаги бир вақтлар мақолага тортилган муаммолар йиллар давомида янада «газак отибди». Камчиликларга мансабдорлару мутасаддилар кўз юмиб келганини маҳалладаги бугунги ҳақиқий ҳолат, давлатимиз раҳбарининг аҳоли билан юзма-юз мулоқоти ойнадай кўрсатди-қўйди. Ҳудудда одамлар ичимлик сувини машинада олиб келиб, пулга сотаётганлардан харид қилиб ичяпти. Газ етиб бормагани туфайли аёллар ўчоқда овқат пиширмоқда, аҳоли ўйдим-чуқур йўллардан қатнаб ишлаяпти, ўқувчилар таълим муассасаларига бориб келаётир. Ободликдан йироқ кўчалар, нураган деворларни кўриб, «Биз ўзи қайси асрда яшаяпмиз?», дея ёзғираётган инсонларнинг дарду ҳасратидан чанг чиқади, гўё... Маҳалла идорасининг ўзи ҳам хароб, бино орқасида чиқиндилар ётибди. Шаҳар таркибига кирувчи ва унга унчалик узоқ бўлмаган бир маҳалладаги вазият шу даражада ачинарли бўлса, олис-чекка қишлоқлару манзиллар ҳақида нима дейиш мумкин?!
Ҳақли савол туғилади. Давлатимиз раҳбари халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дардига қулоқ тутиш, муаммоларига ечим топиш, кабинетда туриб эмас, балки маҳаллабай, хонадонма-хонадон юриб ишлаш керак, деган ғояни такрор-такрор илгари суриб, халқни рози қилиш йўлида ўзи намуна кўрсатиб ишлаётган бир пайтда, наҳотки вилоят, шаҳар ва туман раҳбарларининг, тегишли вазирлик ҳамда идоралар раҳбарларининг оёғи ана шу ҳудудларга етиб бормади?!
Бу Бунёдкорда ҳали-ҳамон баландпарвоз гаплару, қоғоздаги жимжимадор ҳисоботлар ҳукм сураётганидан, амалда эса ҳудудда яшовчилар оддий қулайликлардан ҳам бенасиб қолаётганидан, мутасаддиларнинг халқ дардига беэътибор, лоқайд эканидан дарак эмасми?!
«Ҳамон зилол сувга зормиз»
— Бунёдкор кечаги маҳалла эмас, дастлабки оилалар бу ерга ўтган асрнинг 80 йилларида кўчиб кела бошлаган, — дейди 68 ёшли Низомиддин ота Зиёвиддинов. — Ер участкаси бериш кун тартибида бўлмаган ўша кезларда «Бошпана бўлса кифоя», деган илинж билан ўнқир-чўнқир майдонларга рози бўлаверган эканмиз. Машмашаси эса кейин чиқди. Пешонамизга сувни ташиб ичиш, овқатни алмисоқдан қолган ўчоқда пишириш битилган экан. Бу масалада бормаган идорамиз, юзланмаган раҳбаримиз қолмади ҳисоб.
Шахсан ўзим 2003 — 2008 йилларда шу маҳаллага оқсоқол эдим. Ўша пайтлари 50 дан ортиқ мутасаддиларга мурожаат қилганман — пойтахтгача бордим, натижаси бўлмади. Мендан кейинги маҳалла раисларининг ҳам уринишлари зое кетди. 2 116 та хонадон ҳали-ҳамон зилол сувга зормиз. Бир машина сув 70 — 100 минг сўмдан сотиб олинаётир ва шу билан кун кечиряпмиз. Уни, асосан, чой ҳамда таом ҳозирлаш учун томчи-томчисигача тежаб ишлатамиз.
Ишонасизми, юз-қўлни ювишда фойдаланган сувни идишларга тўплаймиз ва паррандаларга берамиз. Ҳовлимизга экилган саноқли кўчатлар эса қачонки ёмғир ёққанида намланади, бўлмаса йўқ.
Шунақа, бизни узоқ йиллардан буён инсон учун ҳаётий зарурат бўлган обиҳаётдан бенасиб қилиб келишди. Маҳалладошларимизнинг қай бирини суҳбатга тортманг сўзини «Бизга тоза ичимлик суви беришсин», деган ҳақли талаб билан бошлайди. Кўпчилик «Наҳотки, аҳвол ўзгармай қолаверса-я», деган фикрга келганди. Хайриятки, бизнинг дарду ҳасратларимизни Юртбошимизнинг дилига солдими, кутилмаганда маҳалламизга келиб, дардимизни тинглади...
Изсиз йўқолиб кетаверган мурожаатлар
Шаҳар марказидан бу ерга қатнайдиган таксилар ўйланиб йўлга чиқади. Нега десангиз, йўллар носоз. Маҳаллага олиб келадиган яқин 10 километрдан ортиқ масофадаги асфальт қачон абгор ҳолатга тушгани кўпчиликнинг ёдидан ҳам кўтарилган. Унинг охирги бор қачон дурустроқ таъмирланганини эса ҳеч ким айта олмайди. Ҳар куни ўйдим-чуқур йўлдан қатнаш ҳайдовчиларнинг жонига теккан.
— Йўллар нотекис. Устига-устак, улар атрофида пиёдалар йўлаклари йўқ, — дейди фуқаро Алишер Иброҳимов. — Йўлни жонимизни ҳовучлаб кесиб ўтамиз — айниқса, болалардан хавотирдамиз. Чунки машиналар серқатнов. 65-умумтаълим мактаби рўпарасида ўқувчилар билан боғлиқ бир неча ҳодиса ҳам рўй берди. Шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун пиёдалар йўлакчасини ажратиш, мактаб ёнига светофор ўрнатиш масаласидаги мурожаатларимиз изсиз йўқолиб кетаверади.
— Бундан бир неча йил аввал, Катта Наманган каналидан лоток ариқ тортиб, суғориш учун сув келтирилди, — дейди Обилжон Довидов. — Ҳарна, экинларимиз қуриб қолишдан сақланади, деб суюнгандик. Тармоқ маҳалламиздан унча узоқ бўлмаган марказий чиқиндихона ёнидан ўтиши ҳисобга олинмаган экан, бизгача сув жуда ифлосланган ҳолда етиб келадиган бўлди. Агар у тоза ҳолида оққанда, билмадим, зарур ҳолларда ичса ҳам бўлармиди?! Бугина эмас, бутун шаҳарнинг чиқиндиси ташланадиган жойдан теварак-атрофга тарқалаётган бадбўй ҳиддан, айниқса, ёз фаслида чидаб бўлмайди.
Айтишларича, уни бошқа ерга кўчириш бўйича тегишли идораларнинг қарори чиққан. Қарор ижроси мутасаддиларнинг ёдидан кўтарилган чоғи, ижроси узун ичакдай чўзилиб келяпти. Билмадик, бу масалага қачон навбат келаркин?..
Обилжон Довидов — маҳалла фаолларидан. Кўпчиликнинг ташвишини елкасига ортмоқлаб юрадиган бу инсон Президент билан юзма-юз учрашгани, саноқли дақиқалар бўлса ҳам ҳамсуҳбат бўлганини узоқ вақт эслаб юрадиган бўлди. Имкониятдан фойдаланиб, бунёдкорликларнинг муносиб турмуш кечириши учун зарур бўлган барча масала ўртага ташланганидан аҳоли мамнун.
Болалар қачон боғчага қатнайди?
12 минг 883 фуқаро истиқомат қилаётган маҳалла учун оз бўлсада зарур ижтимоий инфратузилма яратилгандир, дерсиз. Аммо жавобдан қониқиш ҳосил қилмаслигингиз тайин. Сабаби маҳаллада битта мактаб ва оилавий поликлиника филиали, тижорат асосида ишлайдиган минифутбол майдони бор, холос. Умумфойдаланишдаги кутубхона, клуб ёки маданият марказини ҳамда бошқа ижтимоий объектларни кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз.
Маҳаллада 6 ёшгача бўлган болалар 730 нафарни ташкил этади. Ота-оналарнинг аксарияти фарзандларининг боғча тарбиясини олишини истайди. Лекин истак бўлгани билан, мактабгача тарбия муассасаси бўлмаса...
Тўғри, бир неча йил аввал ҳудудда иккита боғча фаолият кўрсатиб келарди. Бири ўз-ўзидан ёпилди, бошқасини фуқаролар йиғини эгаллаб олди. Ҳайриятки, маҳалланинг пешонасига янги боғча битиш арафасида — энди-энди қурилиши тугалланяпти. Оналарнинг аксарияти эса дилбандини унга жойлаштириш умидида.
«Иссиқ жон иситмасиз бўлмайди», деганларидек, аҳолининг тиббий хизматга эҳтиёжи ҳамиша мавжуд. 6-оилавий поликлиниканинг Бўстон филиали айни мақсад учун сафарбар қилинган. Бироқ муассаса тўлақонли ишлаётгани йўқ. Бу, аввало, аҳолини атиги биттагина умумий амалиёт шифокори қабул қилаётгани билан боғлиқ. Ваҳолонки, штатлар жадвалида олий маълумотли шифокорлар учун 4,75 ставка миқдорда ўрин ажратилган. Улар нега банд қилинмаяпти, деган саволга мутасаддилар докторлар қўнимсизлигига йўлнинг узоқлиги сабаб бўлаётганини айтишади. Бу масалани мутахассисларга хизмат уйи қуриб бериш билан ечишнинг наҳотки имкони бўлмаса?!
— Катталар, ўспиринлар бир илож қилиб шаҳардаги шифохоналарга кўриниб келишяпти, болаларни ҳам имкон топиб даволатяпмиз. Бироқ ҳомиладор аёлларга қийин, — дейди ўзини Равзахон Бадалова дея таништирган онахон. — Чунки филиалда гинеколог шифокорнинг ўзи йўқ. «Оғироёқли» жувонлар шаҳар марказига бориб, маслаҳат олишга мажбур бўляпти. Учинчи келиним ўз вақтида гинеколог кўригидан ўтолмагани учун туғуруқхонага олиб кетаётган пайтда, йўлда кўзи ёриди.
Қаранг, минглаб одамга хизмат қилиши мўлжалланган поликлиника филиалида бугун беморлар биргина врачу, еттита ҳамширанинг ёрдамига кўз тикиб қолган. Ўз-ўзидан яна савол туғилади: бундай ҳолатда уларнинг маҳаллабай, хонадонбай тизимнинг уддасидан чиқишига ишониш мумкинми?
Кутилмаган ташриф таассуротлари
— Давлатимиз раҳбарининг Фарғонага ташрифи чоғида кутилмаганда йўналишни ўзгартириб кўзда тутилмаган маҳаллага кириб борганини кўриб, бизда ҳам шундай бўлармикин, деб ўйлагандим, — дейди «Бунёдкор» маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари Маҳмуда Ҳамрохўжаева. — Бироқ бу манзил узоқ йиллик муаммолар гирдобида қолган бизнинг маҳалламиз бўлиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди.
Биласизми, шу пайтга қадар маҳалламизга катта лавозимдаги мутасаддилар шахсан келмаган эди. Давлатимиз раҳбарини кўриб, тўғриси, бир оз ҳаяжонландим. Аммо мулоқот қисқа бўлса ҳам зарур гапларни айтишга улгурдим. Энг муҳими, Юртбошимиз айтганларимни тўғри тушуниб, ҳаммаси тез орада жой-жойига тушишини айтди.
Бугун биргина мен эмас, барча фуқароларимиз ўша кунги учрашув таассуротлари билан яшамоқдамиз. Бу ёқда эса ишлар юришиб кетди. Эртасига тонгданоқ электриклар машина-машина таянч устунлари, юқори қувватли трансформатор қурилмаси билан етиб келишди.
Йўлсозлар қайта асфальт босишга киришиб кетди. Ичимлик суви, газ тармоғи идоралари мутасаддилари ҳам маҳалламизда. Кўплаб вазирликлар вакиллари ўз йўналишлари бўйича амалга ошириладиган вазифаларни белгилаб олишяпти.
Хуллас, Бунёдкорда унинг номига муносиб катта кўламдаги ишлар, янги ҳаёт қурилиши бошланди.
Ғафлат уйқусидан уйғониш лозим
Мулоқотлардан маълум бўлдики, аввал Наманган туманида бўлган, кейинчалик Наманган шаҳри тасарруфига ўтказилган ҳудуд аҳлининг муносиб ҳаёт шароитини яратишни сўраб арз қилмаган идораси қолмаган ҳисоб. Аксарият мутасаддиларнинг юзаки жавобларидан бошқа натижани қўлга киритолмаган бунёдкорликларнинг арзу ҳолини ниҳоят, мамлакатимиз раҳбари тинглади. Одамлар очиқ-ойдин маҳалла оқсоқоли ва ҳоким фаолиятидан норози эканликларини ҳам айтди.
Қарангки, Бунёдкор маҳалласи «тупканинг тубида» эмас, балки вилоят марказидан жудаям узоқда бўлмаган ҳудудда жойлашган. Наҳотки, унга шу пайтга қадар бошқа маҳаллалар қатори эътибор қаратишнинг иложи бўлмаган? Қолаверса, бу ерда яшаётган аҳолининг талаб-истакларига нега қулоқ тутилмади?
Савол туғилади: муаммолар ечими нега давлат раҳбари келгунича ҳал этилмади? Халқнинг дардига дармон бўлишга масъул халқ вакиллари, вилоят, туман ва шаҳар раҳбарлари, тегишли идоралар мансабдорлари шу пайтгача қаерда эди?
Янада таажжубланарлиси, биз суҳбатга тортган фуқароларнинг аксарияти бу ҳудуддан ким депутат бўлиб сайланганини ҳам билмайди. Билганларнинг айтишича, ҳудуддан халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашига шаҳар ҳокими Олимжон Исаев сайланган экан. Маҳалла аҳолиси унга овоз бериш чоғида тарғибот материаллари орқали «учрашганини», кейин эса бирор марта ҳам кўрмаганликларини айтди.
Қисқаси, ушбу маҳаллага Президент келмаганида эди, билмадик, узоқ йиллардан бери «газак олиб» келаётган бундай аянчли аҳвол қачонгача давом этарди. Давлатимиз раҳбари маҳалладаги шарт-шароит билан танишиб, мутасаддиларга яхшигина танбеҳ берди, улар зиммасига қисқа вақт ичида ҳолатни ўнглаш юзасидан қатъий топшириқлар қўйилди.
Бу халқ дарди билан яшашга масъул ҳар бир раҳбарга сабоқ бўлиши, туртки бериши ва энг асосийси, мутасаддилар ғафлат уйқусидан уйғониши лозим. Уйғониш, ҳаётга теран қараш пайти келганини юракдан ҳис этмаганларни эса ислоҳотлар шамоли четга суриб қўйиши аниқ...
P.S: олинган сўнгги маълумотларга қараганда, Бунёдкор маҳалласида жиддий иш жараёнлари бошланган. Мутасадди ташкилотлар ўз йўналишларидан келиб чиқиб, бу ердаги камчилик ва муаммоларни бартараф этишга қатъий бел боғлашган. Энг муҳими, давлат раҳбари турткисидан сўнг ҳудуд аҳли ҳам, раҳбарлари ҳам ғафлат уйқусидан кўзини очди, уйғонди. Зеро, маҳалладаги аҳвол — уларнинг юзи.
«Халқ сўзи».
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти