ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35111
22 December, 2024, 01:51
Янгиқўрғон туманидаги 17-умумий ўрта таълим мактаби «қизил» рўйхатга тушиб қолди. «Нега? Бу ерда қандай камчиликларга йўл қўйилди?» – деган савол туғилади.
Жавоб битта: ҳозирги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсатига панжа орасидан қараш, янгиликлардан чўчиш таълим даргоҳини шундай аҳволга солиб қўйди. Раҳбарнинг эътиборсизлиги, жамоанинг бепарволиги оқибатида 2020 йилги мактаб битирувчиларидан бирортаси ҳам олий ўқув юртига ўқишга кира олмади. Бу ҳол ота-оналар ўртасида ҳам ёмон кайфият уйғотди. Аҳвол чуқур ўрганилиб, 2021 йили раҳбар лавозимидан олинди.
Таълим муассасасига ёш, талабчан деган ўй билан Акрамжон Умаров директор этиб тайинланди. Бу орада педагогик жамоада янги бошлиққа нисбатан айрим эътирозлар ҳам бўлиб ўтди. Аммо у буларга қулоқ солмай, қатъий мақсад йўлида педагог-мураббийларни бирлаштиришга ҳаракат қилди.
Вақт – саракни саракка, пучакни пучакка чиқараверди. 2021 йилнинг баҳорида иш бошлаган Акрамжон Умаров энг аввало, ишни мактаб скважинасини таъмирлатиб, тоза ичимлик суви чиқаришдан бошлади. Ўқув-тарбия ишлари сифатини яхшилашга асосий диққатни қаратди. Ўқитувчиларнинг дарсдан ташқари ўтадиган тўгарак машғулотларини назоратга олди. Дарс самарадорлигини ошириш йўлида айрим ўқитувчилар билан ҳатто сан-манга ҳам бориб қолди.
Аммо ғалвирни сувдан кўтарадиган пайт келганда... Натижадан кўпчиликнинг боши осмонга етди. Қирқ икки нафар битирувчидан саккиз нафари олий ўқув юртларига кириб, жамоанинг юзи ёруғ бўлди. Раҳбарга бўлган ишонч ортди.
2022 йилда кўрсаткич янада ошди. Бу сафар йигирма нафар битирувчидан ярми – эллик фоизи олий таълим даргоҳларининг талабасига айланди. Мактаб «қизил» рўйхатдан чиқарилди.
Шу тариқа бу ерда бошқа муҳим вазифалар ҳам аста ўз маромига туша бошлади. Мактабда иссиқлик тизими яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Ўқувчи-ю ўқитувчилар қиш ойлари совуқдан азият чекишарди. Буни ўнглаш учун катта маблағ керак эди. Директор жамоа билан маслаҳатлашиб, «Очиқ бюджет» лойиҳасида иштирок этишга келишиб олишди. Бирдамлик ғалаба қозонди.
Тумандаги мактаблар орасида биринчи бўлиб, иссиқлик тизимини янгилаш учун 850 миллион сўм пул ютиб олинди. Айни пайтда иссиқлик тизими ишга тушиш арафасида. Шу билан бирга имкониятдан фойдаланиб, мактаб деразалари «Акфа» ромларига алмаштирилди.
Ушбу эътирофларни баён этиш билан мактаб директори фаолиятини мақтамоқчи эмасмиз. Аммо кўп нарса раҳбар истеъдодига, ташаббускорлигига боғлиқ эканини эслатмоқчимиз, холос.
Яна бир хушхабар: мактабнинг уч нафар ўқувчиси фан олимпиадаларининг туман босқичида ғолибликни қўлга киритиб, вилоят босқичига йўлланма олди. 11-синф ўқувчиси Фазлиддин Алижонов эса ютуқлари учун 500 минг сўм пул мукофотига эга бўлди. Булар ҳам катта мақсад йўлида чиройли натижаларнинг биттаси.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти