ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35114
22 December, 2024, 10:19
Ота-оналаримиз, бобо-ю бувиларимиз кўрмаган, ушалмас армон бўлган имкониятлар бизларга насиб этди. Ҳар бир мўмин мусулмоннинг улуғ орзуси, исломдаги беш фарзнинг охиргиси бўлган улуғ Ҳаж ва Умра зиёратини адо этиш учун тўсиқлар, чекловлар даф этилди. Бу – муқаддас Мустақилликнинг, шукронасини адо этиб бўлмайдиган неъматларининг дастлабкиси бўлди.
Большевизм инқилобидан бурун аждодларимиз йиллаб, ойлаб пиёда, от ёки туяларда, йўл азоб-уқубатларида бориб- келишган табаррук сафарлар ҳозир бир ой ичида энг сўнгги русумдаги «пўлат қушларда», шоҳона шароитларда, иззат-икромларда амалга оширилаётгани – ҳар бир ватандошимиз қалбини фахр-ифтихорга тўлдирмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, икки йилдан буён коронавирус пандемияси сабаб тўхтатиб қўйилган Ҳаж зиёрати бу йилдан давом эттирилади ва зиёратнинг йўлланма харажатлари суммаси ҳам белгилаб қўйилди: 62 миллион 900 минг сўм. Умрага бориш сафар нархи эса 18 миллион сўм экан.
Шунча маблағни йиғиб-териб, жамғариш осонмас. Лекин анча-мунча бой-бадавлат юртдошларимиз кўпаяётганини аҳоли орасидан тез-тез Умрага бориб-келаётганлар сони ортаётганидан ҳам билса бўлади. Зиёратлар, уларнинг нарх-навоси – ўз йўлига.
Аммо ундан ташқари оворагарчилик ва харажатлар-чи? Бу борада ҳам худди тўйларимиздагидек «Қилмаса бўлмайди!» ақидаси биринчи ўринга чиқиб қолди. Тўй-маъракалар-ку белгиланганган кунда ўтади-кетади. Аммо улуғ зиёратга бориб-келганлар хонадонларида бир неча кунлаб қозонлар қайнайди, дастурхонлар йиғилмайди, келди-кетди узилмайди. Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, сафарга амаллаб пул топган айримларнинг олдинги ва кейинги манзиратларга «ҳоли» етмаслиги ҳам табиий. Сафар олдидан уй-жойни чиройли таъмирлаш, қайтганда оёқ остига биққи қўчқорни бўғизлашга тахт қилиш, дастурхон солиш, катта қозонларда ош-овқатлар пишириш, ҳожи зиёратга келганларнинг даражасига қараб совға-саломлар билан жўнатиш ва ҳоказо.
«Ҳа, энди, 60-70 миллион топганга яна 5-10 миллион сарфлаш ҳеч нарса эмас!» – дейдиганлар ҳам учрайди. Эҳтимол, улар ҳам қисман ҳақдирлар. Лекин... Бу гаплар оғизнинг бир чеккасидан чиқиб кетаверади-ю емай-ичмай, бир сўмлаб пул йиғаётган орзумандалар ичидан ўтганини ўзлари билади.
Бу – анча нозик масала. Бироқ кўплаб кузатувларимиз боис бу ҳақда фикр-мулоҳазаларимизни билдириб, оммага, кенг жамоатчиликка ҳавола этишни лозим топдик. Яқинда Умра сафаридан қайтган эр-хотин танишларимизни йўқлаб бордик. Катта ҳовлининг бир томонидаги уйларга эркаклар, чап томонидагига аёллар жойланяпти. Темир ўчоқдаги катта қозонда янги сўйилган қўчқор гўшти солинган шўрва қайнаб турибди. Ёш-яланг, хотин-халаж уриниб юрганлар талайгина.
Бизни бошлашган уйдаги катта хонтахтанинг усти тўлдириб ташланган. Худди «чиллади-рукишон»нинг дастурхони дейсиз. Хонада икки аёл ўтиришган экан. Оппоқ либосдаги уй бекаси – зиёратдан қайтган аёл узундан узоқ, чиройли дуолар қилди. Ҳол-аҳволлар сўралди. Фотиҳадан сўнг тановулга манзират қилинди. Икки меҳмон аёл билан уй эгасининг суҳбати биз сабаб узилиб қолган экан шекилли, назаримизда уни келган жойидан давом эттиришарди.
– Қизингизга, келинларингизга тузукроқ у-бу нарса опкелолдингизми? – савол ташлайди ёшроқ жувон қизиқсиниб.
– Ҳа, бўлмасам-чи, қизим билан уч келинимга бир хил кўйлак опкелдим. Мадинадан олдим. Сал қимматроқ тушди-ю, лекин ҳаммаси хурсанд бўлди, – мамнуният билан жавоб қайтарди Умрачи.
– Қудаларингизга-чи, айниқса, янги қудангизга? Тишга босгудай тозароқ нарса беролдингизми? – савол навбати каттароқ аёлга келди. Афтидан, бу икки меҳмон қўшниларданмикан, деб турсак, ҳақиқатан ҳам она-бола ён қўшни эканлар.
– Сафардан олдин анча тараддудимни қилиб кетгандим. Тошкентга бориб тўртта қудамга беш юз долларга тўрт кийимлик қиммат материал, опа-сингил, қайнисингил, жиян-пиянларгаям ўзига яраша совға-саломни тахт қилиб қўювдим, келиб тарқатдим...
Мезбон билан икки меҳмоннинг суҳбати ҳали-вери тугамаслигини, хусусан, бу мавзу биз учун жуда зерикарли эканлигидан юрагимиз сиқилиб, бекадан рухсат сўрадик. Ташқарига чиқиб, тоза ҳаводан нафас олар эканмиз, миямизда фақат битта савол айланарди: «Бу каби аёллар Худонинг уйига гуноҳларининг кечирилиши учун ибодатда қоим бўлиб борадиларми ёки ҳажни ҳашаматга айлантириб, кўз-кўзлаш, совға-салом улашиш мақсадида дўконма-дўкон изғиш учунми?...»
Шу ўринда раҳматли ҳамюрт алломамиз, профессор Исматулла Абдуллаев домланинг анча йиллар аввал газетамизда чоп этилган Ҳажга важ учун борган айрим «ҳожи»ларни танқид қилган мақолалари ёдга тушди.
Энди эътиборингизни бошқа бир манзарага қаратамиз. Ўзига тўқ, бой-бадавлат опа Умрага кетиш олдидан ўтказган эҳсон тадбиридан сўнг ука ва сингилларини хонасига чақирди. Уларнинг ҳар бирига сафардан қайтгандан кейин келди-кетдига солинадиган дастурхон учун ноз-неъматлар рўйхатини тақдим этди.
Беш бармоқ баробар эмас. Туғишганлар етарлича бўлгани билан барчасининг маиший аҳволи тенг ва дуруст бўлмайди. Айниқса, кенжа сингилнинг ҳамиша «бари барига етмайди». Чунки, мусофирликдаги эрининг топиш-тутишида «шира» йўқ. Учта ёш боласи билан тирикчилигини амал-тақал қилиб, мардикорлик билан боқаётганди. «Ишқилиб, менгаям «заказ» бермасалар бўларди...» – дея бир чеккада мунғайиб турганди катта опанинг унга кўзи тушди.
– Майли, сенга қиммат нарса айтмайман. Ўзи қўлинг калта. Бир тоғорада пишириқ – ширинлик олиб келасан...
Кенжа қизнинг бошидан биров совуқ сув қуйиб юборгандай бўлди. Уят – ўлимдан қаттиқ: бир уй одам ичида «қўли калталиги» таъна қилиниши бир бўлди-ю, бир тоғора печенье юки бир бўлди.
Ўн-ўн беш кунлик Умра сафари ҳам бирпасда тугаб, зиёратчилар қайтадиган кун яқинлашди. Аммо кенжа сингил рўзғоридан икки юз минг сўм орттириб, бир тоғора ширинликни олиб боролмади. Тонг саҳарда қуруқ қўл билан опасининг ясатилган ҳовлисига бўйнидан боғлангандай кетаётганди йўлда бир девор қўшниси рўпарасидан чиқди.
– Ҳа, қўшни, зиёратчилар келишаётган экан, хурсандчилик билан кутиб турибсизларми? Илоҳим, ҳаммамизниям ўшанақа азиз жойларга бориш насиб этсин. Ия, манга қаранг-чи. Нимага хаёлингиз паришон? Тинчликми?
Кенжа сингилга шу саволгина етмай турувди. Кўнглидаги аламлари, изтироблари кўзларига ёш бўлиб отилди. Камхарж, имконсизлигидан ўкинди.
– Қўйинг, хафа бўлманг. Ҳали вақт бор. Ҳозир бизникига кирамиз. Музлаткичдаги бор маҳсулотлардан чиройли бир нарсалар ясаймиз. Тоғорангизни тўлдириб, йўқловингизга бораверасиз...
Туғишган опанинг талаби қўшни аёлнинг вақтида қилинган саховати, меҳр-оқибати билан адо этилди. Бироқ катта опа билан кенжа сингил қалблари, имконлари орасидаги жарлик янада чуқурлашган, меҳрлар қаттиқлашган бўлса, эҳтимол.
Ўйлаб – ўйингизга етолмайсиз. Миллионларга қодир жигар камбағал қондошига қайишмаса. Ҳолига айланиш ўрнига бошқа сайёрадан тушгандай кибру ҳаво қилса... Бу ерда руҳ ва жисм ғуборларидан, қалб чиркларидан тозаланиш ва покланиш учун Аллоҳнинг уйига боришдан не мақсад? Бунда ҳам кўр-кўроналик, риёкорлик содир бўлмаяптими?
Бизнинг ақли ожизимизча, улуғ сафарга отланган инсон бу ёруғ дунёнинг ўткинчи ва алдоқчи ҳавасларидан ўзини баланд тутиши лозим. Бутун вужуди жони билан Яратганга ялиниб-ёлвориб, ибодатда собит туриб, гуноҳлардан фориғ бўлади, руҳан покланади.
Қайтиб келгач эса умрининг охиригача ўша муқаддас тупроқда берган ваъдасида қатъий туриб, эзгу амалларга бош-қош бўлиши, яхшиликни ҳаётининг мазмунига айлантириши шарт.
Миллионлар қаторида биз ҳам ана шундай улуғ зиёратлардан умидвормиз. Аммо ўша қутлуғ кунга етганимизда Яратган Эгамиз эшигимиздан йўқлаб келаётганларга «Чорсу» ёки «Сардоба» бозорларидан аввалдан олиб қўйилган бир чимдимдан зира улашиш, латта-путталар тарқатиш машмашасига мубтало қилиб қўймасин.
Рислиқхон МАЖНУНОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти