ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35103
22 December, 2024, 01:02
2017 йил 29 май куни Президентимизнинг тегишли фармони билан ташкил этилган Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси томонидан бугунга келиб суд ва бошқа органлардан келаётган ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида етарли тажриба тўпланди. Бюро вилоят бошқармаси, туманлараро, шаҳар ва туманлар бўлимларида фаолият олиб бораётган ходимлар алимент, банк, солиқ, зарар ундириш ва бошқа йигирмадан ортиқ турдаги ҳужжатларни қонуний ҳал этиш борасида кунлик тадбирларни амалга ошириб келишмоқда.
Таҳлилларга эътибор қаратсак: вилоятда 2018-2022 йилларда бюро шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан қарийб 8,8 трлн. сўмлик 1,1 миллион дона ҳужжатлар ижроси тамомланди. Солиқ билан боғлиқ 3,3 трлн. сўмлик 141210 та, банк ундируви билан боғлиқ 114 мингта ҳужжат ижросига ечим топилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 17 млрд. сўмлик 45247 та ижро ҳужжати амалда тамомланди. Асосийси, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигининг олдини олган ҳолда тўловларни қарздор фуқароларга бўлим томонидан юборилган хабарномада кўрсатилган ID рақамларига «Электрон тўлов тизимлари орқали» масофадан тўловларни амалга ошириш имкониятлари яратилган.
Шу ўринда алоҳида айтиш мумкинки, 2020 йилнинг 1 декабридан бошлаб 6 турдаги ижро ҳужжатлари бўйича давлат фойдасига ундириладиган маблағлар «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун пропорционал тартибда йўналтирилиши белгиланган эди. Биргина 2022 йил давомида давлат фойдасига ундирилган 97,3 млрд. сўм маблағларнинг тенг ярми пропорционал тартибда дафтарларга киритилган фуқароларни қўллашга йўналтирилди.
Бугунги кунда бўлимлар иш юритувида алимент билан боғлиқ 24 мингдан ортиқ ҳужжатлар мавжуд. Жойларда ўтказилаётган тадбирларда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлик касб этган. Бу борадаги ишларни рақамларда кўрадиган бўлсак, бюро органлари ташкил этилгандан бери вилоятда шу кунга қадар 10336 та оила яраштирилди. Иш билан банд бўлмаган қарздорларнинг 5138 нафарини ишга жойлаштиришга кўмаклашилди. Асосийси, авваллари алимент олувчилар қарздорлардан ундирилган маблағларни почта ёки бошқа шаклда олган бўлишса, эндиликда тўлиқ махсус пластик карталар орқали олишмоқда.
Бошқарма суриштирув ва маъмурий амалиёт шўъбаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаган 428 нафар алиментдан қарздорлиги бўлган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси, 1-қисмида назарда тутилган маъмурий чоралар кўрилган бўлса, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилиб, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармай алимент қарздорлигини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган 47 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Қайд этиш жоиз, Мажбурий ижро бюроси масъуллари томонидан жойларда амалга оширилаётган тарғибот, шунингдек, суд қарорларини ижро этиш жараёнлари билан боғлиқ тадбирларда қонун устуворлигини таъминлашга эришилмоқда.
Бекзод МИРЗААҲМЕДОВ,
МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти