ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35111
22 December, 2024, 01:51
Вилоят ҳокимлиги томонидан Матбуот уйи қайта таъмирланиб, журналистлар, интернет нашрлари муҳаррирлари, нашриёт ва республика ОАВ вакилларининг фаолият олиб боришлари учун замонавий шарт-шароитлар яратиб берилди.
Ана шу муносабат билан тантанали тадбир ташкил этилиб, унда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Вилоятимиз раҳбари Матбуот уйида фаолият олиб бораётган журналистлар, блогерлар, нашриёт ходимларини табриклар экан, келгусидаги режалари билан ўртоқлашди: “Бугун биз ушбу бинодаги имкониятларни янада кенгайтириш бўйича ҳам режалар тузмоқдамиз. Сабаби ҳаммамизга аён, энг замонавий ахборот технологиялари шу ерда бўлиши керак. Босма нашрлар билан бир вақтда блогерлик фаолиятини юритаётган интернет журналистикаси заҳматкашлари ҳам шу бинога жойлашадилар ва бино энг замонавий медиа марказ мақомини олиши зарур.
Келгусида бу даргоҳда бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни режалаб турибмиз. Бинода катта экранли реклама монитори бўлиши таҳририятларимизга даромад келтириши мумкин бўлади. Энг замонавий медиамарказга хос сўнгги русумдаги ахборот технологиялари ўрнатилади.
Бу ердаги шароитларга монанд янгича форматда ишлаш, Президентимиз раҳнамоликларида олиб борилаётган давлат сиёсати ва ислоҳотлар моҳиятини кенг оммалаштириш, аҳоли ўртасида ўз мухлисларини янада кўпроқ топиш, кенг жамоатчилик вакилларининг чин маънодаги очиқ ва эркин минбарига айлантириш йўлида журналистларимизга муваффақиятлар тилайман!”
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Матбуот уйини қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 2,6 миллиард маблағ йўналтирилиб, замонавий мебеллар ўрнатилди. Ижод қилиш учун барча керакли шароитлар яратилди. Бу эса таҳририятда бутун умрини, қалб қўри, меҳри, кўз нурини тўкиб, садоқат билан хизмат қилаётган ҳамкасбларимизнинг кўнглини тоғдек кўтариб юборди.
- Неча йиллик орзуларимиз, армонларимиз ушалди, десам муболаға эмас. Бу эътибор, ғамхўрлик вилоятимиз раҳбарининг маърифатни қадрлаши, ижод аҳлига ҳурмати деб биламан. Албатта, бундай шароитда янада куч-ғайратга тўлиб ишлагинг келади, - дейди фахр билан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, “Олтин қалам” халқаро миллий мукофоти соҳибаси Рислиқхон Мажнунова.
Глобал тармоқдаги тезкорлик, ахборотлар оқими шиддат билан ўқувчига воқеликни етказишда фаол. Матбуот эса бадиий, таъсирчан сўзни айтишда, ўқувчининг эстетик дидини ошириш, мулоҳазага чорлаши ва асосийси, ҳар бир кунимиздаги муҳим воқеликларни тарихга муҳрлаши билан жамият ҳаётида ўз ўрнига эга. Янги Матбуот уйи ҳақиқий маънода бирдамлик, ҳамжиҳатликка чорловчи маънавият маскани бўла олиши керакки, бу интернет журналистикаси, матбуотчилар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.
Медиа маконида ҳар кимнинг ўз ўрни, вазифаси бор. Биз эса бу майдонда шижоат билан қалам тебратиб, юрт равнақига ҳисса қўшмоғимиз шарт. Бир асрлик тарихга эга, отахон газета мақомини олган "Наманган ҳақиқати" таҳририяти ижодкорлари халқ онги, тафаккурини ошириш, жамият ҳаётида рўй бераётган воқеликларни ёритишда фаол бўлибгина қолмай, ҳақ сўзни айтишда, давр қаҳрамонларини элга танитиш, қалбларни уйғотиш, мулоҳазага чорлашдек машаққатли ва шарафли вазифани адо этишда фидойилик билан ишлашга тайёр эканликларини билдиришди.
Таниқли публицист, ёзувчи, таржимон ва журналист Рустамжон Умматовнинг ҳаётий хулосалари ифода этилган шеъри тадбир мазмун-моҳиятини очиб бергандек бўлди.
Дуо қилса отанг гар, “омин” деса онанг ҳам,
Бошинг букиб очмоққа қўлинг борки, шукрона.
Ўғлинг йўлга чоғланса омон келгин, ой бориб,
Демоқ учун забонинг – тилинг борки, шукрона.
Кетар бўлсанг сафарга қўшнинг борки, кўнглинг тўқ,
Маҳалланг тинч, ҳеч киши уйинг томон отмас ўқ.
Жиринглайдир ҳамёнинг, аммо олтин кумуш йўқ,
Битта нонга етгундай пулинг борки, шукрона.
Тадбирда бунёдкорлик ишларида фаол бўлган “Челси қурилиш дизайн” МЧЖ бунёдкорларини ҳокимликнинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти