ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35096
21 December, 2024, 06:53
Соҳага дахлдор ташкилотлар берган маълумотларга қараганда, бугунги кунда вилоятимизнинг ўзида 250 мингдан ортиқ автотранспорт воситаси рўйхатга олинган ва улар сони йилига ўртача 6-7 фоиздан ортиб бормоқда. Юқоридаги рақамга турли юмуш билан ҳар куни Наманганга келаётган фуқаролар бошқарувидаги автомашиналарни қўшсак, у анча ошиши турган гап. Бу эса ўз-ўзидан жамоат транспортидан фойдаланишни кенгайтириш, бу борада фуқароларнинг маданиятини оширишни талаб этади.
– Ҳозирда вилоятда 223 та йўналишда аҳолининг узоғи яқин қилинмоқда. Уларнинг 95 тасини автобус, 128 тасини эса такси йўналишлари ташкил этиб, жами 2443 та автотранспорт воситаси фаолият кўрсатмоқда, – дейди вилоят транспорт бошқармаси транспорт ташувларини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Нодирбек Абдурасулов.
Сўнгги йилларда вилоятимиз ҳудудидан ўтган барча йирик автомагистралларидан тортиб, шаҳар-қишлоқлардаги марказий ва ички йўлларни асфальтлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасидаги ҳаракатлар ҳам мақтовга лойиқ. Аммо сиз юқорида таъкидлаб ўтганингиздай, тирбандликлар сони камаймаяпти. Мисол учун, вилоят марказини олсак: ҳозирда шаҳар бўйича 37 та йўналишдаги автобус аҳолининг узоғини яқин қиляпти. Мазкур йўналишларни аҳоли талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тубдан қайта кўриб чиқиш ва кенгайтириш, жамоат транспорти фаолиятини бошқариш ва велотранспорт тизими инфратузилмасини қуриш, 22 та пиёдалар ўтиш жойини тартибга солиш каби аниқ тадбирлар асосидаги юмушлар олиб бориляпти.
Шаҳарнинг Алишер Навоий, Нодира ва Қўқон кўчалари кесишмасидаги чорраҳа ва унга яқин ҳудудда ҳар куни катта тирбандликлар юзага келаётгани ҳаммага маълум. Маълумки, «Сардоба» бозорига кириш ва ундан чиқиш жойидаги пиёдалар ўтиш жойида автотранспортлар тўхтаб, пиёдаларга йўл бериши лозим. Айрим пиёдалар эса шу жойнинг ўзида йўловчи ташувчи транспортга чиқиш учун йўл бўйида такси тўхтатадилар. Оқибатда, мазкур ҳудудда каттагина тирбандликлар юзага келади. Шунингдек, бозорга келган айрим фуқаролар ўз машиналарини йўл бўйига тартибсиз жойлаштириши, Наманган, Мингбулоқ ва Тўрақўрғон туманларига қатнайдиган йўналишдаги такси ҳайдовчиларининг ўз автомобилларини йўл бўйига тартибсиз қўйиши ҳам тирбандликларни келтириб чиқарарди.
Юқоридаги салбий ҳо-латларни бартараф этиш мақсадида вилоят ҳокимининг топшириғига асосан, «Сар-доба»га ташриф буюрган фуқароларга тегишли автотранспорт воситалари учун бозор ҳудудида ташкил этилган автотураргоҳ ўрнида кўпқаватли автотураргоҳ барпо этилиши, шунингдек, Алишер Навоий, Нодира ва Қўқон кўчалари кесишмасида ташкил этилган пиёдалар ўтиш жойи ўрнида пиёдалар учун ер усти ўтказгичи барпо этиш режаси ишлаб чиқилмоқда. Бу иш амалга ошса, мазкур кўчалар кесишмасидаги чорраҳада юзага келаётган тирбандликлар бартараф этилибгина қолмасдан, чорраҳанинг ўтказувчанлик қобилияти ортишига ҳам эришилади. Шунингдек, бозорга ташриф буюрган фуқароларнинг автотранспорт воситалари тартибсиз жойлаштирилиши (парковкаси) бартараф этилади, пиёда ва йўловчилар хавфсизлиги таъминланиб, турли йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олинади.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, тирбандликларга барҳам бериш борасидаги бу каби юмушлар вилоятимизнинг барча ерида аниқ режа остида олиб борилмоқда ва ишончим комилки, яқин вақт ичида бунинг самарасини ҳаммамиз кўриб-билиб оламиз.
– Бу йил янги автобуслар олиб келиниши ҳисобига, янги йўналишлар ҳам ташкил этиладими?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги «Жамоат транспортини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, Наманган шаҳридаги «Турон-95 МБИ» МЧЖ ҳамда «Хумо авто плюс» МЧЖлар томонидан «Брутто» шартномаси асосида, юқоридаги ҳужжатда белгиланган имтиёзли кредитлардан фойдаланган ҳолда Хитойда ишлаб чиқарилаётган 200 та замонавий автобус олиб келиш режалаштирилган. Ҳозирга келиб мазкур йирик автобус ишлаб чиқарувчилар билан тегишли шартномалар имзоланди ва автобуслар босқичма-босқич олиб келиниши режалаштирилди. Биринчи босқичдаги автобуслар жорий йил биринчи ярмида олиб келиниши белгиланган.
Бундан кўзланган мақсад ҳам энг аввало аҳолига арзон ва нисбатан анча хавфсиз бўлган транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш, йўллардаги тирбандликларга батамом барҳам беришдир. Зеро, бундай ҳолатларни бартараф этишда, албатта, жамоат транспорти қулайлигини ошириш ҳамда ундан фойдаланиш кўламини кенгайтириш энг оқилона ечимлардан бири ҳисобланади.
Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти