Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 07:02

Жамият

«Мен олган билимим, касбим билан Наманган диёрига, Косонсой заминига хизмат қилишим зарур» – Зулфия мукофоти соҳибаси Муҳайё Аҳмаджонова

  • 10.Марта.2024
  • 147

Яқинда Зулфия номидаги давлат мукофотининг жорий йилдаги соҳибалари аниқланиб, тантанали йиғилишда шахсан давлатимиз раҳбари томонидан тақдирланишди. Вилоятимиздан икки қизимиз шу мақомга муносиб топилди. Улардан бири Косонсой тумани, Озод маҳалласининг фарзанди, Тошкент тиббиёт академияси 6-босқич талабаси Муҳайё Аҳмаджонова бўлади. Юксак мукофот соҳибаси билан учрашувимиз Косонсойда бўлди ва «Наманган ҳақиқати» газетаси номидан лауреатни табриклаб, интервьюга таклиф этдик.

– Муҳайёхон, мукофотни топширишда сизга Президентимиз юзларида табассум билан нимадир гап гапирдилар. Нима деганларини билсак бўладими?

– Ҳа, бемалол айтишим мумкин. Юртбошимиз менга: «Муҳайё қизим, табриклайман. Юртимизга сизга ўхшаган яхши шифокорлар керак», – дедилар. Мен: «Албатта, ишончингизни оқлайман», – дея жавоб бердим. Сўнг: «Сизни шундай тарбиялаган ота-онангизга раҳмат. Менинг раҳматимни ва саломимни уларга етказинг», – деб айтдилар. Шу гаплари ва тилаклари мендаги ҳаяжонни тарқатиб, келажакка бўлган ишончимни янада оширди.

– Сиз тумандаги 29-умумтаълим мактабида таҳсил олиб, сўнг 2-сонли академик лицейга ўтгансиз. Бундай қарорга ким келган – сизми ёки отангиз?

– Ташаббус мендан чиққан, отам эса қўллаб-қувватладилар. Биргина мактаб билими билан олий ўқув юртига кириш мушкуллигини англадим. Устозларим ҳам ўқув даргоҳида билим беришади, лекин мактаб билан лицейнинг ўқув дастурлари фарқ қилади, – деб кўп айтишади.

– Ўзингиздан мисолга олиб сўрамоқчиман. Ҳадемай тиббиёт академиясини тугатасиз. Айтингчи, ўқувчиларнинг умумтаълим мактабида етарли билим олишларида кимнинг таъсири катта бўлиши керак – ўқитувчинингми ёки ота-онанинг? 

– Бу масала мураккаб, шундай бўлса ҳам ўзимдан хулоса қилиб айтмоқчиман.  Мен оддий оиладанман. Отам Акрамжон Раҳмонов – фельдшер, онам Мўътабархон Бозорова – ҳамшира. Менда, ака-укаларимда ўқишга қизиқиш бўлган. Бу – биринчи омил. Оилада рўзғор сарфидан имконият топиб, бизнинг яхши ўқишимиз учун нимаики шароит керак бўлса – ота-онам яратишди, яратишмоқда. Бу – иккинчи омил. Учинчи омил эса – ўқитувчи касбий билимининг ҳажми, маҳорати, дунёқараши, тафаккури, деб ўйлайман.. 

– Устозлар ҳақида гап кетди. Қайси устозлар нималари билан қалбингизга ўрнади? 

– Кимё фанидан домлам Мансурхон Меҳмонхонов, мактабимиз жисмоний тарбия ўқитувчиси, ҳозирда 29-мактаб директори Абдусами Раҳимбоев, талабаликда эса Тошкент тиббиёт академияси профессорлари, тиббиёт фанлари докторлари Дилбар Нажмиддинова, Турдиқул  Бобомуратов каби устозлар ўзларини ёшларга бўлган меҳрибонликлари, мавзуни тушунтириш маҳоратлари, дунёқарашлари кенглиги билан юрагимдан жой олганлар.

– Олий ўқув юртида ўқишнинг ўзи  доимий банд қилиб қўяди.  Шундай бўлса-да, сиз  АҚШ, Қозоғистон, Россия, Польшада чоп этиладиган илмий журналлар таҳририятлари,  Ўзбекистон ёшлар ишлари Агентлиги, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, тиббиёт олий ўқув юртлари, илмий тадқиқотлар марказлари, халқаро ташкилотлар томонидан ўтказилган танловларда илмий мақолаларингиз билан  фаол қатнашгансиз ва 1, 2-ўринларни эгаллагансиз. Талаба бўла туриб, ўқув-дарслик китобини олим-устозлар билан яратгансиз, тўқсон бетли монография ёзгансиз. Булар учун қандай вақт топасиз?

– Одамда қизиқиш бўлса бас, вақт топилади. Ҳар кунимни олдиндан режалаштираман, кечқурун таҳлил этаман – нима амалга ошди, нима ошмади? Изланишлар, кичик тадқиқотлар ўтказиш билан икки мақсадга эришаман: билимимни ошираман. Ундан кейин, эришган мақсадим менга ҳузур, устозларимга эса ютуқли натижа беради.

– 2022 йилда сизга Ўзбекистон Қаҳрамони, академик М. С. Абдуллахўжаева стипендияси берилган. Отангизнинг айтишича, шу олима устознинг АҚШдан фарзандлари келиб, сизни Америкага таклиф этишган. Шу таклифга мувофиқ океан орти давлатига борасизми? 

– Орзуим АҚШдаги тиббиёт олий ўқув юртлари қошидаги бирор бир магистратурада ўқиш. 

– Илмий фаолиятга қизиқиш Тошкентда қолишга сабаб бўлмаяптими? У ёқда сизни Косонсой кутиб турибди...

– Яхши ният билан айтмоқчиман, киндик қоним тўкилган Косонсой аҳли мени тарбиялади, билим берди, вояга етказди. Шундай экан, мен олган билимим, касбим билан Наманган диёрига, Косонсой заминига хизмат қилишим зарур. Илмий иш – менинг танам, вужудим. Илм излаш менда тўхтамайди.

– Буюк файласуф Суқрот шундай деган экан: «Ҳамма касблар одамнинг ўзидан. Аммо шифокор, ўқитувчи, ҳуқуқшунос Яратгандан». Сизнингча, бугунги шифокор қандай бўлиш керак?

– Назаримда, шифокорнинг икки даволаш воситаси бор: замонавий тиббиёт билими ва бемор учун аталган ёқимли лафзи. Врач доимо ўқиб-ўрганишдан тўхтамаслиги, соҳасидаги янгиликлардан хабардор бўлиши шарт. У иш билан боғланиб, ўз касбий билимини оширмаса, у ҳожатманднинг назаридан қолади. 

– Билишимизча, ўқишда аълочиликдан ташқари стол тенниси бўйича вилоят, республика мусобақалари ғолиби бўлгансиз, турк, инглиз тилларини  билишингизни тасдиқловчи сертификатларингиз ҳам бор экан. 

– Ҳа. Устоз ўзига шогирдни жалб этадиган, шогирд эса устозни умидвор қиладиган бўлса, мана шу иттифоқ одамнинг ёдида ўчмас ёдгорлик бўлиб қолар экан. Таниқли теннисчи, устоз Севара Қодирова теннисга муҳаббатимни уйғотган. Ундан ҳамиша миннатдорман. Тилларга келсак, ҳар бир шифокор тилларни билиши керак, агар у  тиббиётдаги янги инновацияларни ўз ишига жорий этаман, деса албатта.

– Сизни ҳавас қилаётган ўғил-қизларга, ота-оналарга нима деган бўлардингиз? 

– Мен 5-синфлигимдаёқ бўлажак касбимни белгилаб олгандим. Шунга мувофиқ ўқишга астойдил киришганман. Бўлажак касбни, олий ўқув юртини битирув арафасида танлаш мақсадингизга етказиши қийин. Қанча эрта ҳаракатингизни бошласангиз, ниятингизга шунча яқин бўласиз. Олган билимингиз  эса  келажакдаги ҳаётингизга  мустаҳкам пойдевор бўлади.

Муҳайё Аҳмаджонова билан бўлган суҳбатдан шуни тушундимки,  у юксак мукофотга бежизга танланмаган. Унинг кўксидаги «Лучший молодой учёный», «Илм-фан соҳасида эришган ютуқлари учун» нишонлари ёнида энди Зулфия номидаги давлат мукофоти ярашиб турибди.

Суҳбатни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Ойбек ОРТИҚОВ олиб борди. 
Муаллиф олган сурат.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь