ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35116
23 December, 2024, 03:14
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилоят бошқармаси, шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси билан боғлиқ муаммоларга жойида ечим топиш мақсадида май ойининг ҳар шанба куни секторларда сайёр қабуллар ташкил этиш режалаштирилган.
Музаффар Йўлдошев Давлатобод туманининг Юксалиш маҳалласида яшайди. Оиладаги келишмовчилик сабабли турмуши бузилган. Фуқаролик ишлари бўйича суднинг буйруғи билан отадан вояга етмаган фарзанди учун ҳар ойда алимент ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати Бюронинг туман бўлими иш юритувига олинган. Бироқ, Музаффар бирор жойда муқим иш билан банд бўлмагани боис алимент тўлашда қийналиб келаётган эди. Бўлим томонидан биринчи сектор жойлашган манзил - “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр қабулда у бандлик масаласи бўйича мурожаат қилди. Бу муаммо тегишли мутассаддилар билан жойида ўрганилиб, уни ҳудуддаги ишлаб чиқариш корхонасига ишга жойлаштиришга кўмаклашилди.
Бюронинг Наманган шаҳар ва Чортоқ туманлари бўлимлари томонидан уюштирилган сайёр қабуллар давомида кўриб чиқилган мурожаатларнинг асосий қисмини алимент қарздорлигини ундириш масаласи ташкил этди. Бошқарма ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар шанба куни ташкил этилаётган сайёр қабуллар фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф қилиш имконини бераётганлиги билан аҳамиятли бўлмоқда.
Жумладан, ўтган шанба куни шаҳар ва туманлардаги иккинчи сектор ҳудудидаги 14 та маҳалла фуқаролар йиғинида бўлган сайёр қабулларда 120 дан зиёд мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 30 дан ортиғи ўз жойида ижобий ҳал этилган бўлса, 72 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қолган мурожаатлар назоратга олинди.
Сайёр қабуллар жойларда давом этмоқда.
МИБ Наманган вилоят бошқармаси
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти