ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35116
23 December, 2024, 03:47
Маълумки, бундан беш йил аввал, 2017 йил 29 май куни Президентимиз томонидан коммунал соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви, маиший чиқиндилар соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, суд ва бошқа органлардан келаётган ҳужжатлар ижросини тўлиқ таъминлаш мақсадида Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилган эди. Орадан қисқа вақт ўтиб, ўз олдимизга қўйилган вазифаларни масъулият билан адо этиб келмоқдамиз.
Бугунги кунда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси, шаҳар ва туманлар бўлимларида фаолият олиб бораётган 250 нафарга яқин тезкор ходим суд ва бошқа органлардан келаётган ҳар бир ҳужжат ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Хусусан, 2018-2021 йиллар давомида 1 млн.га яқин ҳужжатлар тамомланди. Бу вақт мобайнида Бюро органлари фаолияти ҳамда ижро ишларини янада такомиллаштириш мақсадида соҳамиз йўналишида қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек, муҳим фармонлар қабул қилинди.
2020 йилнинг 24 ноябрь куни Президентимизнинг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда жорий йил 11 апрель куни «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунларда ижро ишларининг муҳим йўналиш ва вазифалари белгилаб берилди.
Фармонда белгиланган талаблардан келиб чиқиб, бошқарма ва туман бўлими бошлиқларининг ҳисоботлари депутатлар гуруҳи ва кенг жамоатчилик учун ҳисоботлар мунтазам бериб келинмоқда.
Маълумки, алимент билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш бюро органларининг асосий вазифаларидан биридир. Айнан шундан келиб чиққан ҳолда, алоҳида режа-тадбирлар ишлаб чиқилган. Масалан, алимент билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини тўлиқ таъминлаш, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида амалий тадбирлар ташкил этилмоқда. 2019-2021 йиллар давомида 2 793 та оила яраштирилди. Иш билан банд бўлмаган қарздорларнинг 5 868 нафарини ишга жойлаштиришга кўмаклашилди. Жорий этилган янги тизим доирасида 2021 ва жорий йилнинг ўтган даврида 34,5 млрд. сўм алимент қарздорлик ундирилиб, ундирувчилар учун очилган банк пластик карталарига йўналтирилди.
Шу ўринда алоҳида айтиш мумкинки, юқоридаги фармонда 2020 йилнинг 1 декабридан бошлаб 6 турдаги ижро ҳужжатлари бўйича давлат фойдасига ундириладиган маблағлар «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун пропорционал тартибда йўналтирилиши белгиланган эди. Биргина тизим амалиётга тадбиқ этилгандан шу кунга қадар 39,1 млрд. сўм маблағ ундирилиб, пропорционал тартибда тенг равишда дафтарларга киритилган фуқароларни қўллашга йўналтирилди.
Албатта, бюронинг вилоят бошқармаси ва унинг туман (шаҳар) бўлимларида жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган 4 ойи давомида жами 5 мингдан ортиқ мурожаатнинг 2 мингдан ортиғи қаноатлантирилган бўлса, 2,5 минг ҳолатда ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Шунингдек, секторлар кесимида ўтказилган сайёр қабуллар давомида 200 нафардан ортиқ фуқаронинг мурожаати жойида ҳал этилди. Мониторинг натижаларига кўра, 2 минг нафардан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш билан бирга суд ҳужжатлари асосида 4 млрд. сўмга яқин маблағлар ундиришга эришилган.
Бугун шуни мамнуният билан таъкидлаймизки, бюро органларида меҳнат қилаётган ходимлар учун қулай шароитлар яратиш, моддий-техник базасини янада яхшилаш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Дастлаб иш бошлаган пайтимизда аксарият бўлимларимиз мослаштирилган биноларда фаолият олиб борар эди. Мана қисқа вақт ичида деярли барча бўлимларимиз, қолаверса, бошқарма янги, замонавий бино-иншоотга эга бўлди. Бу албатта, бюро органларига бўлаётган эътиборнинг яққол намунасидир.
Фурсатдан фойдаланиб, Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганлигининг 5 йиллиги билан барча ҳамкасбларимизни муборакбод этамиз. Суд ва бошқа органлардан келаётган ҳужжатлар ижросини таъминлаш йўлидаги ҳам масъулиятли, ҳам шарафли ишларига омад тилаймиз.
Бекзод МИРЗААҲМЕДОВ,
МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти