ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35113
22 December, 2024, 06:03
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги Фармони билан тасдиқланган «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» мамлакатимизнинг келгуси беш йилликдаги ривожининг асосий йўналишларини, жамият, давлат ва ҳар бир соҳани ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб беради. Унда юртимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг асосий ва зарур шартига айлантириш энг устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бунинг учун бир нечта зарур мақсадлар назарда тутилган.
Жумладан, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг ноқонуний аралашувини чек-лаш мақсади белгиланган бўлиб, унга хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш, хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш, давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш орқали эришиш мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 29 июндаги «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунининг қабул қилиниши билан жисмоний ва юридик шахсларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳамда ушбу ер участкаси, унда жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаларига компенсация бериш тартиб-таомиллари белгиланди. Қонунда ер участкаларининг компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос бўладиган ҳолатларнинг рўйхати аниқ қилиб кўрсатилган.
Шунингдек, бузилишга тушган ҳудудда жойлашган ерга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлмай туриб, ўн беш йил давомида кўчмас мулкка ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилиб келган шахсларга ҳам ушбу кўчмас мулк объекти учун солиқлар тўлаб келингани тасдиқланган тақдирда, мазкур кўчмас мулк объекти қийматининг ўрни қопланиши кўзда тутилди.
Бундан ташқари, Қонун билан Фуқаролик, Ер, Шаҳарсозлик ва Бюджет кодексларига ҳамда «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги, «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги ва бошқа шу каби Қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур ўзгартишларнинг мазмунига кўра, жисмоний ва юридик шахсларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод ва доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун қонунчиликда белгиланган компенсация тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилиши мумкинлиги белгиланди.
Қонунда жамоат эҳтиёжларига олиб қўйиладиган ер учун бериладиган компенсация турлари ва манбалари ҳам аниқ кўрсатилиб, бериладиган компенсация турлари пул маблағлари, шу жумладан турар жойларни ва яшаш учун мўлжалланмаган жойларни вақтинчалик ижарага олиш учун пул маблағлари, бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб беришдан иборат.
О. ЗИЯВИТДИНОВ,
Наманган туманлараро маъмурий суди раиси.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти