ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35119
23 December, 2024, 08:18
Мамлакатимизда иқтисодий жиноятларнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда тизимли ишлар амалга оширилаётганига қарамай, афсуски, бу турдаги жиноятлар ҳамон учраб турибди.
Х. Йўлдошев (исм-шарифлар ва номлар шартли) 2020 йил августида АТ «Халқ банки» туман филиали бошқарувчиси этиб тайинланди. Бошқарувчи эса кредит комиссияси раиси ҳамдир. Демакки, унинг ваколатида мижозлар билан кредит шартномаси тузиш ҳам бор. Айнан шу ваколат бу шахсни жиноятга бошлади. Х. Йўлдошев ишга тайинланганига икки ой бўлмасдан фуқароларга банк томонидан ажратилиши лозим бўлган кредит маблағларини талон-торож қилиш мақсадида дастлаб, туманда фаолият кўрсатувчи «THN» МЧЖ раҳбари Н. Пўлатов билан жиноий тил бириктирди ва улар фуқаролар Д. Нўмонов, Н. Усманова, Х. Умарова ҳамда Т. Фарҳодоваларнинг шахсига оид ҳужжати ҳамда иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномаларни қўлга киритишди. Улар юқорида номлари келтирилган фуқароларнинг номига 20 млн. сўмдан, жами 80 млн. сўм истеъмол кредити учун сохта ҳужжатлар расмийлаштиришди ва пулни «THN» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказишди. Нақдлаштирилган маблағларни эса Х. Йўлдошев шахсий манфаати учун сарфлаб юборди.
Бунинг мазаси бошқарувчига ёқиб қолди шекилли, у яна шерик ахтаришга тушди ва қўл остида ишловчи банк мутахассиси Й. Фаридовни ёнига олди. Улар бир гуруҳ бўлиб, аввалги сценарий бўйича иш юритишди: икки фуқаронинг шахсига оид ҳужжат ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани қўлга киритиб, ҳар бирининг номига 20 млн. сўмдан, жами 40 млн. сўм истеъмол кредити учун сохта ҳужжатлар расмийлаштирилди ва пуллар Й. Фаридовнинг норасмий раҳбарлиги остида бўлган «ББТ» МЧЖ ҳисоб рақамига келиб тушди. Бу пул ҳам Х. Йўлдошевнинг чўнтагига тушиб кетди.
Нафси тобора ҳакалак отаётган бошқарувчини энди тўхтатиб бўлмасди. Бу сафар у ўзи раҳбар бўлган банк мижози ҳисобланган хўжалик юритувчи субъект ва корхоналарнинг ҳисоб рақамларидаги маблағларни банк кассаси орқали нақд шаклда берилишида муайян ваколатга эга эканлигидан фойдаланиб, бош ҳисобчи З. Узоқов билан жиноий тил бириктирди. Оқибатда, банк мижози ҳисобланган «ШНҒ» МЧЖ раҳбари Й.Шарипов ва ишчи-ходимларнинг рухсатисиз, жамият ҳисоб рақамидаги 84,5 млн. сўм пулни касса орқали нақд шаклда олиб, маблағни банкнинг муаммоли бўлган кредитларини ёпиш учун сарфлаб юборишди. МЧЖ раҳбарига эса пулни бир хафтада жойига қўйиб қўйишларини айтиб, уни алдаб, чекка муҳр бостириб олишди.
Бошлиқнинг бу каби хурмача қилиқларидан хабардор ва бир неча кун аввал ўзи ҳам шундай ишларга шерик бўлган банк мутахассиси Й. Фаридов ҳам «мен сендан қоламанми» қабилида кредит маблағларини талон-торож қилиш борасида «мусобақа»га киришиб кетди. У кредит олиш учун мурожаат қилган етти фуқаронинг номига кредит расмийлаштириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларини қўлга киритиб, шартномада кўрсатилган маҳсулотларни уларга етказмаган ҳолда, маҳсулотларни олганлиги тўғрисидаги қалбаки ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириб, жами 145,3 млн. сўм маблағни норасмий раҳбарлиги остида бўлган «ББТ» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб юборди ва ўзганинг жуда кўп миқдордаги маблағини такроран талон-торож қилди.
Одамлар эртадан кечгача пешона тери билан оила тебратиш учун меҳнат қилиб, ҳаёт кечириши жиғилдон бандасига айланган бу «учар» ходимга энди ғалати туюла бошлаганди. Ахир, бир кун ҳафсала қилиб, 145 миллион ишлаб олди. Икки кун хафсала қилса қандай бўларкин? Шу ўйлар остида жиноий ҳаракатларини давом эттирган Й. Фаридов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.03.2019 йилдаги ПҚ-4231-сонли, Марказий банк бошқарувининг 09.06.2018 йилдаги «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида кредитлар ажратиш тўғрисидаги» 3022-сонли қарорлари талабларига зид равишда, банк филиалига тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиш, тикув машиналари сотиб олиш учун кредит олиш мақсадида мурожаат қилган 13 нафар фуқаронинг номига кредит расмийлаштириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни қўлга киритди. Й. Фаридов бу сафар 348.1 млн. сўм миқдоридаги кредит маблағини норасмий раҳбарлиги остидаги «ЦУН» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб, уларни шахсий манфаатига сарфлаб юборди.
Шу тариқа, Й. Фаридов яна олти фуқаронинг номига сохта кредит расмийлаштириш орқали жами 172.5 млн. сўм миқдоридаги маблағини норасмий раҳбарлиги остидаги «ОУК» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказди...
Банкдаги бу каби талон-тарожликлар энди нафақат банк ходимлари орасида, балки кредит маблағлари ажратилишида таъминотчи сифатида қайд этилган хўжалик юритувчи субъектларга ҳам «юқди». Масалан С. Омонов туманда фаолият кўрсатувчи «Йўлчи» фермер хўжалиги раҳбари лавозимида ишлаб келиб, АТ «Халқ банки» туман филиалида чорвачилик йўналишида кредит маблағи ажратилишида таъминотчи эканлигидан фойдаланиб қолди. У қорамол сотиб олиш учун кредит олиш мақсадида мурожаат қилган 12 нафар фуқаронинг номига қорамол етказиб бериш бўйича шартнома тузиб, чорва ҳайвонларини етказмай, ҳужжатларни сохталаштириб банк муассасасига тақдим этди. Натижада, 303.4 млн. сўм миқдоридаги кредит маблағини жамият ҳисоб рақамига ўтказилишига эришиб, пулларни шахсий манфаати учун сарфлаб юборди.
Яна бир таъминотчи С. Умрзақов эса «Йўлбарс» МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаб келиб, Е. Зарипов ва бошқалар билан фуқароларнинг номига «Ҳар бир оила – тадбиркор» Давлат дастури доирасида ажратилган кредит маблағларини фоиз эвазига нақдлаштириб бериш борасида оғзаки келишув тузиб, жиноий ҳаракатларини ниқоблаш мақсадида фуқароларга тикув дастгоҳлари етказиб берилганлиги ҳамда ушбу ҳаракатлари учун банк филиали томонидан МЧЖга кредит маблағлари ўтказилганлигини кўрсатиш мақсадида қалбаки шартнома тузади. Сўнг, расмий ҳужжат ҳисобланган ҳисоб-варақ фактураларга олинмаган маҳсулотларни тўлиқ етказиб берилганлиги тўғрисида сохта маълумот киритиб, жами 145,9 млн. сўм кредит маблағларини расмийлаштирди. Ушбу маблағларни ўзи раҳбарлик қилиб келаётган жамият ҳисоб-рақамига ўтказдириб, 8,5 фоиз эвазига нақдлаштириб олишни ҳам унутмади.
Қилмиш-қидирмиш деганларидек, ҳар бир жиноят эрта ёки кеч албатта, фош бўлади, айбдорлар жазосини олади. Кичик бир тумандаги бир банк филиалининг ўзида қисқа муддат ичида амалга оширилган бундай талон-торожлик ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари назоратидан четда қолмади. Суд томонидан Х. Йўлдошев, Й. Фаридов, С. Омонов ва С. Умрзақовларнинг жиноий қилмиши Жиноят кодексининг 167-, 209- ва 228-моддаларининг турли қисм ва бандлари билан квалификация қилинди ва уларга нисбатан ҳукм ўқилди.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Кредит олган фуқароларга банк томонидан SМS хабарнома юборилмагани, фуқаро-мижоз кредит маблағи ёки маҳсулотини қабул қилишда давлат персоналлаштириш маркази билан интеграциялашган ҳолда бармоқ изи билан шахсан тасдиқлаш тизими йўлга қўйилмагани бу каби жиноятларнинг келиб чиқишига замин яратмаяптими? Банкларда мавжуд бўлган банк хавфсизлиги, марказий банкдаги кредит сарфланиши мониторинги гуруҳи, банк ҳуқуқшуноси каби масъулларнинг ўз вазифасига жиддий, қатъият билан қарамаслиги бу каби жиноятларга йўл очиб бермаяптими?
Улуғбек САЙДУЛЛАЕВ,
вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими АМИБ терговчиси, 2-даражали юрист.
Музаффар АБДУЛЛАЕВ,
жамоатчи мухбир.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти