ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34921
05 December, 2024, 02:27
Айни кунларда бутун юртимиз бўйлаб «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги ободонлаштириш ишлари қизғин тарзда олиб борилмоқда.
Мамлакатимиз раҳбарининг 2023 йил 23 ноябрдаги «Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросига қаратилган мазкур хайрли ташаббус Наманган кўркига-кўрк қўшди. Давлатобод туманидаги «Янги Ўзбекистон боғи»да кўтаринки руҳда ўтказилга кўчат экиш акциясида вилоят сектор раҳбарлари, меҳнат жамоалари, маҳалла фаоллари, фахрийлар ва ёшлар ғайрат-шижоат билан қатнашдилар.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов яшил майдонларни кенгайтириш энг аввало, атроф-муҳит барқарорлиги ва халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди.
Жонлиқ сўйилиб, оқсоқолларнинг дуоси билан улкан боғ ҳудудида ниҳолларни экишга киришилди. Ҳар бир меҳнат жамоаси ўзига ажратилган майдонга ноёб манзарали дарахт кўчатлари ўтқазди. Шу куннинг ўзида «Янги Ўзбекистон» боғига шамшод, эман, каштан, оқ қайин, ясин, саффора, лаванда, мажнунтол сингари 7 минг 600 тупдан зиёд кўчат жойлаштирилди.
– Бугунги кунда глобал иқлим ўзгаришлари бутун дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда. Бу борада Президентимиз яқинда Озарбайжонда жаҳон етакчилари иштирокида бўлиб ўтган «COP29» саммитида муҳим ташаббусларни илгари сургани ҳам бежиз эмас, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Носиржон Деҳқонов. – Бинобарин, мамлакатимизда жорий этилган «Яшил макон» дастурини хорижда ҳам эътироф этилмоқда. Зеро, дарахтлар соф ҳаво, инсон саломатлиги учун керак бўлган кислород манбаи, атроф-муҳит мусаффолиги учун чанг ютувчи манба, кислород таъминот занжирининг ажралмас қисмидир. Ушбу хайрли саъй-ҳаракатга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида «Янги Ўзбекистон» боғида барпо бўлаётган яшил маконда «Журналистлар бурчаги»га асос солдик. Бу ерда вилоят телерадиокомпанияси, «Наманган ҳақиқати» ва «Наманганская правда» газеталари таҳририятлари, маҳаллий ҳокимликлар ахборот хизматлари жамоалари яхши ниятлар билан мевали ва манзаралари дарахтларни экишди. Келгусида эккан ниҳолларимиз парваришига ҳам бефарқ қарамасликни ҳам келишиб олдик.
Эътироф этиш жоизки, вилоятимиз бўйлаб «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси асосида жорий йил кузги мавсумда 6 миллиондан зиёд манзарали, мевали ва бута кўчатлари экиш режалаштирилган.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Ҳамдамжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти