ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34908
04 December, 2024, 09:14
“Тезкор, қулай ва шаффоф”. Давлат хизматлари Агентлиги тизими томонидан мазкур шиор остида бугунги кунда жисмоний ва юридик шахсларга 130 дан ортиқ давлат хизматларини кўрсатиб келинмоқда.
Агентликнинг Наманган вилоят бошқармаси шаҳар ва туман марказлари томонидан ўтган йилнинг ўзида 941 мингдан зиёд мурожаат кўриб чиқилди.
Шундан 27 минг 852 таси тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш юзасидан эканлиги яратилаётган кенг имкониятлар туфайли тадбиркорлар сафининг тобора кенгайиб бораётганлигини билдиради. Шу йилнинг биринчи чорагида эса бу рақамлар тегишли тартибда 169 минг 683 ва 8 минг 314 тани ташкил этмоқда. Яъни, йилнинг ўтган уч ойида саккиз мингдан зиёд тадбиркор субъект сифатида давлат рўйхатидан ўтди.
Аҳолига қулайликлар яратиш, юртдошларимизнинг вақт ва маблағини тежаш мақсадида давлат хизматлари марказлари томонидан белгиланган жадвал асосида сайёр давлат хизматлари ҳам кўрсатишга аоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Янгиқўрғон туманининг марказдан 45 чақирим олисдаги тоғли қишлоқ - Нанайда туман давлат хизматлари марказининг шохобчаси ташкил этилган бўлиб, шаҳобча томонидан ҳафтанинг сешанба ва пайшанба кунлари кўрсатилаётган хизматдан Нанай, Мамай, Заркент каби 14 та маҳаллада истиқомат қилаётган аҳоли беминнат фойдаланмоқда. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, шохобчада 700 дан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди.
- Бироқ, ижобий ишлар билан бир қаторда айрим давлат органлари томонидан давлат хизматлари кўрсатишдаги мурожаатларни кўриб чиқишда сусткашликка йўл қўйиш ҳолатлари ҳам учраб турибди, - дейди бошқарма ахборот хизматининг раҳбари Ф. Жўрабоев. - Биргина жорий йилнинг биринчи чорагида давлат хизматлари кўрсатувчи ваколатли органлар томонидан 260 та қонунбузилишга йўл қўйилгани аниқланди ва уларга тегишли чоралар кўрилди. Жумладан, бошқарма томонидан 7 та тақдимнома ва 106 та огоҳнома киритилиб, 28 нафар масъул шахсга нисбатан ҳуқуқбузарлик баённомалари расмийлаштирилди. Шунингдек, 4 нафар шахсга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди.
Акрамжон САТТОРОВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти