Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

21 December, 2024, 09:05

Жамият

Наманганнинг биринчи олий маълумотли шифокор аёли

  • 06.Ноября.2023
  • 427

Мукаррама Аҳмадбоева эл саломатлигини тиклашда фидойилардан бўлган вилоятимизнинг илк шифокор аёлларидан эди. У 1924 йил 17 июлда Наманган шаҳрида туғилди. 21-мактабнинг 7-синфини тамомлагач, тиббиёт ишчилар билим юртида таҳсил олди, 1940-1945 йилларда Тошкент тиббиёт институтида ўқиди.

Даволовчи врач дипломи билан Наманганга қайтган 21 ёшли шифокор қиз ўз меҳнат фаолиятини Косонсой тумани марказий шифохонасида бошлади. Ўша пайтларда мамлакат инсоният бошига катта кулфат келтирган Иккинчи жаҳон урушидан сўнг аста-секин тиклана бошлаган, Мукаррама Аҳмадбоева сингари олий маълумотли мутахассис кадрлар ҳам саноқли эди. Қиз транспорт йўқлиги боис, Косонсойнинг тоғ-адирликларида жойлашган қишлоқ ва маҳаллаларига от ёки от-аравада борар ва беморларга хизмат кўрсатарди. 

1947 йил М. Аҳмадбоева вилоят санитария-эпидемиология станциясига бош врач этиб тайинланди. Бу масъулиятли вазифада ҳам у турли касалликларнинг олдини олиш ва санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш юзасидан тарғибот тадбирларининг муваффақиятли йўлга қўйилишида ташкилотчилик салоҳиятини намойиш қилди. Уруш асоратларини тугатишдаги қийинчилик ва етишмовчиликларга қарамасдан, даволаш ишлари билан бир қаторда ҳар бир масканда ҳаммом қуриш, аҳолининг шахсий гигиенасини таъминлашга эришиш учун астойдил ҳаракатда бўлди. 

Мукаррама Аҳмадбоева Наманган шаҳри, сўнг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаларида масъул лавозимларда ишлаган йилларида ҳам фидокорлик намунасини кўрсатди. 

Изланувчан, ўқишдан, ўрганишдан чарчамайдиган аёл йигирма еттига тўлганида унга яна бир масъулиятли вазифа - Соғлиқни сақлаш вазирининг оналар ва болаларни муҳофаза этиш соҳаси бўйича ўринбосари лавозими ишониб топширилди. Мамлакат тинч тикланиш йўлига ўтгани боис ҳамма ерда қурилиш-ободонлаштириш ишлари авж олган, хонадонларда яна чақалоқлар йиғиси янграй бошлаган, туғилишлар сони йил сайин ошиб, болалар саломатлигини асраш масаласи яна кун тартибига чиққан пайтлар эди. 

М. Аҳмадбоева фаолияти давомида шунингдек, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида, Наманган шаҳар болалар касалхонасида масъул вазифаларда меҳнат қилди. 1959 йил Наманган тиббиёт билим юрти директорлигига тайинлангач, йигирма йилдан ортиқроқ вақт давомида мазкур мўътабар даргоҳнинг республикадаги энг етакчи масканлардан бирига айлантиришга интилди. У раҳбар бўлган кезлари муассасанинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди, иккита янги ўқув биноси, иккита ётоқхона, ошхона, спорт зали барпо қилинди. Ўн мингдан зиёд ўрта махсус маълумотли тиббиёт ходимлари тайёрланди.
Кўп йиллик самарали хизматлари учун М. Аҳмадбоева 1980 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач» фахрий унвони, «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони ва қатор медаллар билан мукофотланганди.

Касб байрамимиз арафасида Мукаррама Аҳмадбоева каби касб фидойиларини ёд этган ҳолда, номлари қалбларимизда мангу яшашини айтамиз.

Баркамол ИСҲОҚОВ,
РШТЁИМ Наманган филиали юқори технологик шошилинч хирургия илмий лабораторияси раҳбари,
тиббиёт фанлари номзоди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь