ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35102
21 December, 2024, 10:49
Наманган муҳандислик-қурилиш институтида «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов билан талаба-ёшларнинг маърифий мулоқоти бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари малакасини ошириш бўйича ўқув маркази директори, иқтисод фанлари номзоди Раҳмонжон Эгамбердиев таниқли давлат ва жамоат арбобининг ибратли ҳаёт йўли ҳақида сўз юритаркан, институт ижтимоий фанлар кафедраси профессори Муҳаммад Исмоилов иштирокчилар эътиборини Икромхон Нажмиддиновнинг фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи янги китоб мундарижасига қаратди.
Самимий мулоқот «Машраб» нашриётида тайёрланиб, Тошкентдаги «Omad nishona nur biznes» босмахонасида чоп этилган «Эзгуликка бахшида умр» шажаравий китобнинг ўзига хос тақдимотига уланди.
Ҳаёт йўли заҳматли меҳнат ва интилишлар силсиласида курашчанлик ва бунёдкорлик ҳаракатлари билан кечган сенатор билан профессор-ўқитувчилар, тьюторлар ва талабаларнинг мулоқоти ҳаётий савол-жавоблар асносида қизиқарли тус олди.
Икромхон Нажмиддинов ўқитувчи ва талабаларнинг саволларига батафсил жавоб бераркан, бугунги кунда таълим соҳаси мамлакатимиздаги энг кўп эътибор қаратилаётган йўналиш эканлигини таъкидлаб, ёшларга билим ва юксак маънавият сари иштиёқ берувчи муқоясалар келтирди.
Институт ректори Шарифжон Эргашев тадбир иштирокчилари номидан самимий мулоқот учун ўзига хос ҳаёт мактабини яратган Икромхон Нажмиддиновга миннатдорлик билдирди. Институтда фаолият юритаётган ёшлар координаторларига китоб ва бошқа эсдалик совғалари топширилди.
Билим ва ақл, журъат ва босиқлик, муҳим ва номуҳим, ўринли ва ўринсиз комил инсон фарқлаши зарур бўлган нозик қараш ва тушунчалар мулоқот давомида дарё ва жилғалар, илдиз ва япроқлар тимсолида шуурга сингди.
Носиржон ДЕҲҚОНОВ
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти