ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35109
22 December, 2024, 08:14
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳи ҳар куни туманларда бўлиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларнинг бориши билан яқиндан танишмоқда.
Навбатдаги ўрганишлар Нанай қишлоғида олиб борилиб, унда асосан туризм салоҳиятини янада юксалтириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар кўздан кечирилди.
Нанай ўзининг пурвиқор тоғу адирлари, бетакрор табиати, фусункор ҳавоси билан ҳар қандай кишини ўзига ром этадиган, гўзал туризм қишлоқлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда қишлоқда 130 га яқин уй меҳмонхонаси, дам олиш зоналари, миллий таомлар тайёрланадиган ошхоналар ва кемпинглар дам олувчиларга хизмат кўрсатмоқда.
Вилоят ҳокимининг 2023-2024 йилларда Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш тўғрисидаги қарорига кўра, 150 дан ортиқ оилавий меҳмон уйи, йигирмага яқин гастрономик хонадон, аҳоли хонадонларида миллий ҳунармандчилик устахоналари фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда инфратузилмаларни яхшилаш белгиланган.
Лойиҳаларнинг тўлиқ амалга оширилиши натижасида 400 дан ортиқ янги иш ўрни ва қўшимча хизматлар кўрсатиш сони ортишига эришилади. Ташриф буюрувчиларга қўшимча туризм хизматлари ва қулайликлар яратиш мақсадида яқин икки йилда Нанайдаги туризм масканини модернизация қилиш, шу жумладан, сельфи ҳудудлари, автотураргоҳлар, сузиш ҳавзалари, йирик дам олиш масканлари қуриш режалаштирилган.
Мавсумда энг кўп дам олувчиларни ўзига жалб этадиган Дўстлик ва Сойбўйи маҳаллалари ҳудудида замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари асосида режалаштирилаётган ободонлаштириш ва қайта қуриш лойиҳалари вилоят раҳбарида катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда умумий қиймати 9 миллиард 800 миллион сўмга тенг бешта ободонлаштириш ва қайта қуриш лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилган.
Жумладан, 800 миллион сўм эвазига «экопарк», яна шунча маблағ эвазига спорт майдонлари ҳамда 1 миллиард 700 миллион сўм ҳисобига иккита сузиш ҳавзаси ҳамда «саломатлик йўлаклари»ни бунёд этиш лойиҳалари ҳудуднинг туристик салоҳиятини янада ошириш имконини беради. Ишчи гуруҳи томонидан лойиҳалар доирасидаги қурилиш ишлари жараёнида яшилликни кўпайтириш, яъни, объектлар атрофига сасна дарахтлари, атиргуллар экиш бўйича тавсиялар берилди.
Шу жойнинг ўзида вилоят ҳокими билан мулоқотда оқсоқоллар томонидан мазкур манзилда ўқувчилар ўтиши учун кўприк ҳамда энергия самарадорлигини оширувчи кичик гидроэлектростанциялар қуриш таклифи илгари сурилди. Шавкат Абдураззоқов бу борада давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселекторда режа ишлаб чиқилганлигини, тез орада амалий ишларга киришилишини билдирди.
Дўстлик, Сойбўйи ва Зарбдор маҳаллаларидан оқиб ўтувчи «Подшоота» сойининг қирғоғида 1155 метр узунликдаги йўл бўйларида барпо этилаётган бассейн, спорт майдончалари ва маданий дам олиш сайилгоҳи лойиҳалари ҳам эътирофга сазовор.
Табиий имкониятлар туризм истиқболидир. Дарҳақиқат, сўлим табиат бўлса бор, ёзда соя-салқин, қишда қор ёғади, муздай сувнинг ҳарорати айни ёзнинг жазирамасида кишига роҳат бағишлайди. Бундай мафтункор иқлимда сайёҳларга қулайликлар, яъни, спорт билан шуғулланиш, чиройли табиатдан баҳраманд бўлиш учун, энг аввало, эсда қоладиган дақиқаларни бир умрга муҳрлай олишга зарур шароитлар даркор.
Вилоят ҳокими бундан бир йил муқаддам Нанай қишлоғига борганда ҳудуднинг «қон томири» бўлган «Подшоота» сойи қирғоқларида «саломатлик йўлакчаси»ни барпо этиш таклифини билдирган эди. Мазкур ўринли таклиф бугунги кунга келиб изчил тадбиқ этилиб, ушбу масканда замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари асосида икки километр узунликдаги ана шундай йўлакча қурилди. Ушбу жойларни кўздан кечирган вилоят раҳбари туман ҳокимлиги ҳамда сектор раҳбарларига йўлакнинг икки ёнида боғ барпо этиш, турли ноқонуний қурилмаларни бартараф қилиш вазифасини топширди.
Мазкур масканда яқин орада велосипед, пиёдалар йўлагидан ташқари «ворк аут» майдони, велосипед тураргоҳи, ўриндиқлар, тунги ёритиш чироқлари, спорт майдончалари, дам олиш шийпончалари ҳамда сельфи майдончаларининг фаолияти йўлга қўйилади.
Навбатдаги манзил Сойбўйи маҳалласида хусусий тадбиркор Алишер Камолов томонидан барпо этилган меҳмонхона бўлди. Бунинг учун ташаббускор томонидан ўзига қарашли 30 сотих ер майдонида бунёдкорликка қўл урилган. 8 миллиардлик туризм лойиҳасининг ишга тушиши билан уч киши иш ўрнига эга бўлди. Бу сўлим жойда хизмат кўрсатиш қуввати 50 ўринни ташкил этади. Замонавий дизайн асосида барпо этилган бу мажмуада чет эллик меҳмонларга ҳам шароитлар етарли. Сайёҳлар оқимини ошириш учун меҳмонхона имкониятларини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.
Зарбдор маҳалласида «Чинор савдо» масъулияти чекланган жамияти томонидан меҳмонхона, Сойбўйи маҳалласидаги «Кўксарой сайёҳ» масъулияти чекланган жамияти томонидан дам олиш масканини модернизация қилиш, шунингдек унинг негизида «Tourist center Golden House» оилавий корхонасида дам олиш, даволаниш, меҳмонхона, сузиш ҳавзасини барпо этиш, «Дўстлик» маҳалласида «Оху» оилавий корхонаси томонидан хизмат кўрсатиш ҳамда дам олиш масканини ташкил этиш лойиҳаларини ҳаётга тадбиқ этиш кўзда тутилмоқда.
Бундай хайрли режалар ишга туширилганидан сўнг 100 га яқин янги иш ўрни яратилади. Вилоят раҳбари Сойбўйи маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи каналдан унумли фойдаланган ҳолда, ҳудуд атрофида кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш бўйича ўз таклифларини билдирди.
– Нанайда туризмни ривожлантириш салоҳияти юқори, туристлар учун барча шароитларни ўз ичига олган концептуал ёндошувлар керак, – деди Ш. Абдураззоқов. – Биз маблағ, коммунал таъминот, энергия манбаларига уланиш каби масалаларни ўз ўрнида ҳал қилиб беришга тайёрмиз. Ташаббускорлардан шунга яраша хоҳиш ва ҳаракат талаб этилади.
Қайроқи маҳалласи ҳудудидаги «Лалмикор» кўчасидаги айрим ачинарли ҳолатлар, яъни хонадон соҳибларининг бепарворлигидан ранжиган вилоят ҳокими ҳукумат томонидан чекка ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга жавобан аҳоли ҳам уйғониши, деворларини оқлаш, хонадонини тартибга солиш, томорқадан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ишларга киришмоғи зарурлигини таъкидлади.
Президентимиз яратиб берган имконият ва маблағлар эвазига асосий эътиборни чекка ҳудудларга қаратяпмиз. Чегара ҳудуд бўлган Нанайда йўлларни ободонлаштириш, тунги ёритиш сингари инфратузилма ишлари учун 11 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди. Биргина, Қайроқи маҳалласида 11 километр ички кўчалар асфальтланди, ёритилди ва ободонлаштирилди. Шундай экан, қарс икки қўлдан чиқиши керак. Ҳолбуки, хатто Наманган шаҳридаги аксар марказий кўчаларимизда ҳам бундай шароитлар йўқ. Маҳаллада «бешлик» бор, одамларимиз ўз уйига, томорқасига қараши, хонадонидан маҳсулот олиши керак. Уй данғиллама, лекин девор йўқ. Аҳоли хонадонлари таъмирланиши, кўркам ҳолатга келтирилиши лозим. Бу бўйича туман ҳокими, сектор раҳбари, маҳалла фуқаролар йиғинининг раисидан тортиб, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчисигача амалий иш қилиши шарт. Туман ва маҳалла раҳбарларидан сўров қаттиқ бўлади.
Ишчи гуруҳи ўрганиш давомида, шунингдек Янгиқўрғоннинг Қизилёзи маҳалласи ҳудудида ташкил этилаётган ёзги чўмилиш ҳавзаси лойиҳаси билан ҳам танишди. Бош режага кўра, умумий қиймати 1 миллиард 350 миллион сўмга тенг мазкур иншоот 1,5 гектар майдонда барпо этилади. Ундан сузиш ҳавзаси, соябон, енгил конструкцияли душ ва ҳожатхона, автотураргоҳ ўрин олади.
Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти