ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35126
23 December, 2024, 08:56
Бундан бир йилдан кўпроқ аввал курраи заминни коронавирус балоси ўз домига тортаётганда бутун инсониятнинг, қолаверса, бизнинг ҳам ташвишимиз эпидемия ҳужумини даф этишга кучи етадиган вакцинани дунё олимлари томонидан тезроқ ишлаб чиқариш, уни истеъмолга киритиш орзуси эди. Орадан ойлар ўтиб, илм-фани ривожланган қатор мамлакатлар мутахассислари бу офатга нажот топгандай бўлдилар. Дунё миқёсида балога қарши ўнлаб вакциналар ишлаб чиқарилиб, қаттиқ синовлардан ўтказилиб жаҳон оммасига тавсия этилди. Коронавирус эпидемиясидан ҳимояланишнинг ягона йўли эмланиш эканлигини ҳаёт тасдиқламоқда. Жумладан, давлатимиз олимлари ҳам хитойлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориб, самарали дори воситаси яратганлари, у муваффақиятли синовдан ўтиб, фойдаланилаётгани фақат таҳсинга сазовор.
Ўзбекистонда ҳам жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб аҳолини босқичма-босқич эмлаш ишлари бошланди. Бу жиддий жараёнга аввалдан жуда катта тараддуд кўрилганини ва у бепул амалга оширилаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Аммо айримлар онгида ҳали ҳануз ишончсизлик, қарама-қаршиликлар қотиб қолгани ҳам бор ҳақиқат.
Бувиларимиздан, оналаримиздан бир гапни кўп эшитганмиз: «Ўнта, ўн иккита туққанману шу бир-иккита боламнигина бағримга босолганман. Гўдакларим ёшига етиб-етмай нобуд бўлаверарди...» Бу хилдаги армонларни раҳматли онажонимиз ҳам қайта-қайта такрорлардилар. Айтишларича, улар бошида кетма-кет тўрт болани тупроққа топширганлар...
Сабаби аниқ: у даврларда тиббиёт ривожланмаган. Аниқроғи, шаклланмаган. Борининг ҳам имконлари чекланган, халқ ичига кириб бормаган. Ой-куни етиб-етмай туғилган чақалоқлар асосан табиий танланиш натижасида яшаб қолган. Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш деган масала сиёсатнинг хаёлига ҳам келмагандир.
Эндиликда эса бола туғилмасдан туриб, икки жон саломатлиги йўлида амалий ғамхўрлик қилинади. Бу – давлатнинг энг муҳим сиёсатларидан бирига айланган. Дарвоқе, одам боласи дунёга келишидан бошлаб унинг ҳаётига, соғлиғига таҳдидлар бошланар экан. Шунинг учун чақалоқ бир кунлигидаёқ эмланиш ишлари бошланади. Уч кунлигида силга қарши вакцина билан «қуроллантирилади». (Буни ҳар биримизнинг билагимиз юқори қисмидаги кичкина чакич излари кўрсатиб турибди). Шу аснода фаррзандларимиз ўн олти ёшга етгунча ўн уч хил касалликка қарши вакциналар билан ўттиз бир марта эмланар экан. Барча оналар яхши биладиларки, болачаларини мажбурий равишда сил, қизамиқ, бўғма, шол, диарея, чечак каби хавфли касалликлардан вақтида эмлатганлари учун келажагидан хавотирланмай хотиржам ҳаёт кечирадилар.
Эсимда, бундан йигирма беш йил аввал кичкинтойимизни болалар поликлиникасига навбатдаги эмланишга чақиришди. Бу сафар кўкйўталга қарши инъекция экан. Рости, ўшанда кўкйўтал нима, қизамиқ нима – билмаганмиз. Участка педиатримиз ўғилчамизни ҳар томонлама текшириб кўриб, вазни озгина камлигини, уколни сал кечиктириб туришни айтди. Рози бўлиб, уйга қайтдик.
Орадан анча-мунча вақт ўтди ҳамки, чақиришмади. Менинг ҳам ёдимдан чиқиб кетди. Лекин кўп ўтмай фарзандимизга кўкйўтал илашди. Кейин у зўрая бошлади. Докторлар, эскича-ю янгича қолмади. Қани энди наф берса! Болажонимни йўтал тутса – менинг юрагим узилиб тушгудай бўлар эди. Зўриқишдан бурнигача қонаб кетар эди. Катталар билишар экан: кўкйўтал тоқ ойда тўхтар экан. Беш ой деганда болам шу дарддан нажот топди. Ҳалигача шу ҳодиса эсимизга тушса, ўзимизнинг, шифокоримизнинг эътиборсизлигидан афсусланамиз. Биттагина вакцинани вақтида олмаганидан гўдагимиз ойлаб қийналди-я.
Лекин бир нарсага диққат қилинг: фарзандларимиз ўн олти ёшгача шунча вакциналар олар экану шу пайтгача биров бу эмланишларга шубҳа билан қарамаган. Оддий, табиий ҳол сифатида қабул қилинаверган. Ва албатта, тўғри қилинган. Аммо кўзга кўринмас офат, дунёдаги тўрт миллиондан зиёд одамнинг ёстиғини қуритган, мусибату фалокатлар олиб келишда чекинмаётган, «йўғонни ингичкалаштириб, ингичкани узаётган», сабаби бетайин вабога чора топилса-ю – яна бўлмағур, асоссиз гумонлар билан ундан бош тортилса – қайси ақлга тўғри келади? «Нима бўлса бўлар, касалликни юқтириб, ўлсанг-ўлиб кетавермайсанми?...» – дейилмаганига шукур қилинмайдими? Ёки эртага бемаъни кимсаларнинг ижтимоий тармоқлардаги айюҳаннослари пуч бўлиб, эҳтимол, вакцина ҳам пуллик қилинишини кутиляптимикан?
Кези келганда яна такрорламоқчимизки, жамиятдаги, турмушимиздаги аксари нохушликларга, оммавий тушкунликка, кўнгилхираликларга, шунингдек, асабий-руҳий, юрак қон-томир хасталикларига ижтимоий тармоқлардаги «сўз эркинлигига» муккасидан кетаётганлар сабаб бўлмоқда. Кимларнингдир қўлида қўғирчоқ бўлаётган шаллақи кимсаларнинг вакцина ҳақидаги тескари ташвиқотлари кўпчилик ҳамюртларимизнинг дилига ҳадик, хавотир солгани ҳам рост.
Халқимизда «Иссиқ гап – иситма, совуқ гап – совутма» деган нақл бор. Вакцина борасидаги маънавий-мафкуравий ишларда ҳам журналист ва айниқса, блогерларнинг гоҳида ундоқ, гоҳида бундоқ хизматлари таъсири бўлаётгани аниқ. Яқинда, 13 июль куни «Qalampir.Uz» сайти таъсисчиси Қамариддин Шайховнинг Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков билан қилган суҳбати билан танишдик. Буни қарангки, суҳбатнинг ўзига «Эмланиш – ўлимга ташланган қадамми?» деган сарлавҳа қўйилибди. Худди шу мавзудаги кейинги материалларни ўқиган одамнинг эти жимирлаб кетади: «Вакцина – бепуштликка олиб келадими?», «Вакцина олганларнинг ҳолига войми?», «Вакцина ўлдирадими?»... Журналист деганлари халқни эзгуликка, умид ва ишончга етаклаши керак эмасми? Бу касбининг асл моҳияти-ку. Ёки бўлар-бўлмас шов-шув кўтариб, обуначисини кўпайтириб, ҳамёнини қаппайтиришми? Бу каби ҳовасотларнинг ҳам бир куни ҳисоб-китоби бўлар ахир... Мақоланинг ичида яхши гаплар, расмий маълумотлар, оптимистик фикрлар ҳам бор. Лекин сарлавҳалар, сарлавҳачалар ваҳимадан бошқа нарса эмас. Шунисини ўқибоқ одамнинг юраги бир шувиллаб олади.
Эшитиб қолдик: қайсидир мамлакатда аҳоли ҳукуматдан коронавирусга қарши вакцина қилдиришни талаб қилиб намойишга чиқибди... Аллоҳ бандаларига ёмонликни, қийинчиликни асло раво кўрмаганидек, ҳеч қайси давлат ва унинг раҳбари ўз фуқароларига мусибатни, бахтсизликни тиламайди. Агар тилайдиган бўлса «Халқнинг, миллатнинг отаси» деган буюк номга хиёнат қилган бўлади. Буни унутмаслик керак.
Рислиқхон МАЖНУНОВА,
«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти