ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34908
04 December, 2024, 09:06
Камбағалликни қисқартириш масаласи жиддий тус олаётган даврда, пандемия кўп масалаларни амалга оширишда тўсқинлик қилаётганлигини инобатга олиб, Республика махсус комиссиясининг Қарорига кўра, карантин даврида ННТларга қийинчилик келтириб чиқараётган муаммоли ҳолатлар юзасидан бир қатор енгилликлар берилди.
Жумладан, Комиссия қарорига кўра:
- давлат мулкини ижарага олган ННТлар учун карантин даврида ижара тўлови “ноль” ставкада қўлланилади;
- аъзолик бадалини тўлаш мажбурий бўлган ННТлар учун бадалларни тўлаш муддати карантин даври муддатига узайтирилиши тавсия қилинди;
- нодавлат нотижорат ташкилотларининг (ННТ) чет эл фуқаролари бўлган ходимлари, шунингдек, уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларининг аккредитация карточкасининг амал қилиши карантин даври муддатига узайтирилади;
- ННТларнинг коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ мақсадлар учун чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишиш бўйича мурожаатлари уч иш куни ичида кўриб чиқилади.
Шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти танловида ғолиб, деб топилган ННТларга фонддан ажратиладиган грант маблағлари миқдори 40 000 000 (қирқ миллион) сўмгача кўтарилди (Маълумот учун: авваллари 30 000 000 (ўттиз миллион) сўмни ташкил этган).
“COVID-19” пандемияга айланиб, юртимизда карантин қоидалари жорий этилганидан бери қарийб икки ой вақт ўтди. Хўш, карантин якунига етгач, ННТлар фаолияти билан боғлиқ ўз ечимини кутаётган қандай ҳуқуқий масалалар кун тартибида турибди, уларнинг ечимлари қандай бўлади, деган ҳақли савол туғилади.
Дарҳақиқат, барча соҳаларда бўлгани каби ушбу йўналишда ҳам жавобини кутиб турган муаммоли масалалар мавжуд.
Хусусан, Устав (низом) талабларига кўра, раҳбар органларининг йиғилишлари ҳар ойда ўтказилиши шарт бўлган ННТлар фаолиятини ўрганишда карантин даврида йиғилишлар ўтказилмаганлиги Устав (низом) талаблари бажарилмаганлиги учун жавобгарликни келтириб чиқаради;
- карантин сабабли барча ташкилотларда бўлгани каби ННТларда ҳам иш фаолияти тўхтаб қолган. Аксарият ННТлар томонидан мазкур ташкилотларда меҳнат шартномаси асосида ишлаб келаётган ходимларига ходимнинг ўз ҳисобидан ёки навбатдаги йиллик меҳнат таътилини беришни қонуний расмийлаштирилмаган. Карантин муддати тугагандан сўнг ННТлар фаолиятини ўрганиш жараёнида ушбу ҳолат ҳам қонунбузилиши деб топилиб, жавобгарликка сабаб бўлади;
- 2018-2019 йилларда Олий мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан давлат гранти ғолиби деб топилиб, лойиҳани амалга ошириб келаётган ННТлар томонидан лойиҳа доирасида смета бўйича ажратилган маблағлардан тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали фойдаланиш имкони йўқлиги сабабли, ишлар тўхтаб қолган. Грант лойиҳаларини шартномада кўрсатилган муддатида амалга ошириш имконининг йўқлиги ва шу каби бошқа ҳолатлар мазкур йўналишда ўз ечимини кутиб турган долзарб масалалардир.
Юқоридаги масалаларни ҳал этиш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз:
Биринчидан, ННТлар фаолиятини бевосита тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ва ННТлар Устав (низом) ларида карантин ва шунга ўхшаш шароитларда амал қилувчи нормаларни белгилаш мақсадга мувофиқ.
Иккинчидан, давлат органлари билан доимий ҳамкорликда самарали фаолият кўрсатиб келаётган ННТларга карантин вақтида шартнома асосида имтиёзли давлат ижтимоий буюртмаларини бериш орқали уларни молиявий қўллаб-қувватлашни йўлга қўйиш лозим (ушбу ҳолатда ННТлар ўз иш фаолиятини карантин даврида амалга оширса бўладиган шартномавий хизматларга мослаштирган бўлишлари лозим ва бу орқали мазкур ННТлар ходимларининг барқарор иш ҳақига эга бўлиши таъминланади).
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, юқорида баён этилганлар соҳадаги ечим кутаётган ҳолатлар ва олдимизда турган муаммоларнинг фақатгина юза қисми, холос. Аслида мулоҳаза юритиш лозим бўлган жуда кўплаб масалалар бор.
Шу ўринда Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг қуйидаги фикрларини келтириш ўринли: “Коронавирус билан боғлиқ ҳолат, биринчидан, нафақат биз кўникиб қолган одатий муносабатларни атрофлича қайта кўриб чиқишга, балки уларга ўзгача ракурсдан қарашга, айримларини эса таҳрирлашга, кейинги ҳаёт тарзимизни ҳам янгича англашга ва режалаштиришга мажбур қилади” (Р.Давлетов “Коронавирус нималарни ўзгартиради: ҳуқуқшунослар олдидаги долзарб масалалар”, kun.uz).
Ҳозир юзага келган масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш талаб этилаётган бир даврда ННТлар вакиллари ҳам ўз фаолият йўналишларини қайта кўриб чиққан ҳолда карантин даврига мослаштириб боришлари мақсадга мувофиқ.
Бекзод САРИМСОҚОВ,
Наманган вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти