ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34908
04 December, 2024, 09:06
Наманган шаҳрининг бош имом-хатиби Мусохон АББАСИТДИНОВ билан суҳбат
– Яқинда бир ҳамкасбим қўшнисининг аҳволидан ёзғириб гапирди. Унинг айтишича, қизини узатган оилага икки йилдан буён байрам, туғилган кунларда совға-салом ва тоғора жўнатаётган экан. Қизининг қайнотаси шуни истар экан. Нима сабабдан шундай оилаларга таъсир ўтказиб бўлмаяпти?
– Оила барпо бўлгач, динимиз келин ва куёвнинг зиммасига бир қанча мажбуриятларни юклайди. Икки тараф ана шу мажбуриятларни ўз ўрнида адо этса, оила тинч, мустаҳкам бўлади. Икки тарафдан бирлари ўз вазифасини пайсалга солса, бажармаса, ўша оилада нотинчлик содир бўлаверади.
Никоҳ ўқилгандан кейин куёвнинг зиммасига келиннинг барча нафақаларини қилиш мажбурияти тушади. Бирорта куёв ўз жуфти ҳалолининг нафақасини қилишдан бош тортишга ҳаққи йўқ.
Хўш, бу нафақага нималар киради? Куёв келинни озиқ-овқат, ки-йим-кечак, уй-жой, бемор бўлганда дори-дармон, илм олиши учун ўқув қуроллари (китоб, дафтар кабилар) билан таъминлаш нафақага кирувчи нарсалардир.
Афсуски, бугунги кунда келин ота-онасини кўриш учун уйига борганда, куёв томон келиннинг нимадир кўтариб келишини кутиши, ҳайит, арафа кунларида қудалардан таом, ширинлик ва либослар кутиш ҳоллари кенг авж олган. Бундай ҳолат куёв тарафдагилар учун уят, ор-номусдир. Нафақани қилиб бериши вожиб бўлган куёв тараф ожиза келин тарафнинг юборадиган нарсасига кўз тикиб туриши жуда хунук ҳолатдир.
Қайнона ва қайноталар келиннинг ҳақига дуо қилишиб, ҳар сафар уни ота-онасининг зиёратига кузатишаётганда, «Қизим, уйингизга яхши бориб келинг. Қудаларимга саломимизни етказинг. Кеч қолмасдан вақтлироқ қайтинг. Ҳеч нарса олиб келманг, агар уйингиздан нимадир олиб келсангиз, биз қаттиқ хафа бўламиз», дейишлари керак. Ана шунда қудалар ўртасидаги аҳиллик йўқолмайди ва икки ёшнинг тотувлиги бардавом бўлади.
– Нима учун ҳозирга келиб кўплаб оилалар фарзандларини савдога ўргатишяпти. Бозорларда 6-10 ёш атрофидаги болаларнинг савдо билан машғуллигига кўзингиз тушади. Аслида улар мунтазам мактабга бориши, ота-онаси уларнинг ўқишини рағбатлантириши керак... Лекин аксар Наманган шаҳри аҳли нега бу йўлни танламаяпти.
– Ислом илм дини экани барчамизга маълум. Энг долзарб вазифалардан бири фарзандни илмли, маърифатли, зиёли қилиб вояга етказишдан иборат. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир», дедилар.
Исломда илм олишнинг чегараси бешикдан то қабргача этиб белгилаган. Бас шундай экан, фарзандларга ёшликдан уларнинг ақллари кўтарадиган даражадаги илмларни ўргатиб бориш лозим. Фарзандларга таълим бериш оила бошлиғининг Аллоҳ, фарзандлар ва жамият олдидаги бурчи эканини ҳар бир оқил инсон яхшилаб билиб олмоғи керак.
Фарзандлар жамиятда ўзларига мос ўринларини эгаллашлари, комил инсон бўлиб етишишлари йўлида ижтимоий тарбия масъулиятига катта аҳамият бериш лозим. Болага ўргатиш лозим бўлган одоблардан: кўришганда салом бериш, бемор бўлса хабар олиш, чақирганда жавоб бериш, каттани ҳурмат, кичикни иззат қилиш одобларини, энг муҳими, жамият билан боғлиқ алоқаларга оид оммавий, ижтимоий одобларни ҳам ўргатиш лозим.
– Ҳозир янги туғилган чақалоқларга миллатимизга хос бўлмаган исмларни қўйиш кўп учраяпти. Айтмоқчиманки, исм қўйиш борасида ҳам кўпроқ оммавийликка эргашяпмиз. Мувофиқ келса ҳам, келмаса ҳам, ажнабий исм қўйиш урфга айланмоқда. Эрта-индин бу жараён кучайиб, кенгайиб, бизга қандай ҳаётни туҳфа этаркин…
– Тўғри таъкидладингиз, фиқҳ китобларида фарзандга чиройли ва маъноли исмлар қўйиш хусусида айтиб ўтилади. Чунки кейинчалик фарзанд ўз исмидан бошқалар ҳузурида уялмаслиги керак. Исм Аллоҳга бандалик, Пайғамбаримизга уммат экани ва мусулмонлар тоифасидан эканига далолат қилиши лозим. Бу борада жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят бўлган қуйидаги ҳадиси шариф мавжуд: «Исм ўзагида «ҳамд» ва «абд» сўзларидан таркиб топган исмлар яхши номлардир».
Болага чиройли исм қўйиш ота-онанинг фарзанд олдидаги масъулиятларидан ҳисобланади. Ислом тарихида бўлиб ўтган ажойиб ҳодисалардан хабардор ҳар бир ота-она қандай шароитда бўлмасин, фарзандига чиройли, маъноси ҳам гўзал исм қўйишга ҳаракат қилади. Зеро, исм ўз эгасининг хулқ-атворига, ҳатто тақдирига ҳам таъсир қилиши айтилган. Қиёмат куни ҳар бир инсон ўз исми билан чақирилади.
Бола туғилганида кўпинча ота-оналар унга қандай исм қўйишга ўйланиб қолишади. Натижада, кўп бош қотирмай, маъноси ғализ, тумтароқ исмларни қўйишади. Шу қўйиладиган исм бола билан нафақат фоний дунёда, балки қиёматда, жаннат ё дўзахда ҳам бирга бўлади.
Ҳадисда исм қандай бўлиши кераклиги очиқ баён қилинган. Киши ўзининг Аллоҳ таолога суюкли эканини билдирмоқчи бўлса, «Абду…» билан бошланадиган исмларни қўйсин, чунки бундай исмлар Аллоҳ таолонинг қули эканини ҳамиша билдириб туради.
Бошқа бир ҳадисда бундай келган: Абу Ваҳб айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Пайғамбарларнинг исмларини олинглар, Аллоҳ таолога энг ёқадиган исмлар «Абдуллоҳ» ва «Абдурроҳман»дир, энг садоқатлиси «Ҳорис» ва «Ҳаммам»дир, энг ёмони «Ҳарб» (уруш) ва «Мурра» (аччиқ)дир». Ўғил болаларга «Муҳаммад», «Аҳмад» кабиларни қўйиш фазилатлидир, аммо у кишининг кунялари билан «Абул Қосим» деб исм қўйиш жоиз эмас.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) ёмон ва хунук исмларни ўзгартиришга буюрганлар. Масалан, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг қизлари Осия (гуноҳкор) исмини Жамила (чиройли, гўзал) деб ўзгартирганлар. Ҳадисларда яна у зотнинг «Ҳарб» (уруш), «Мурра» (аччиқ) каби хунук исмларни яхшисига алмаштиришни буюрганлари нақл қилинган.
Фарзандга яхши исм қўйганидан кейин уни чала-ярим қилмай, тўлиқ ва гўзал талаффуз қилиш лозим. Афсус, баъзи оилаларда исмни қисқартириб чақириш одат тусига кирган. Масалан, «Абдуллоҳ»ни (Аллоҳнинг бандаси) «Абди», «Абдул» дейишади, бу иши эгасига ҳам, Парвардигорга ҳам катта ҳурматсизликдир. Чиройли исм қўйиш зарурлигини шундан ҳам тушунса бўлади. Демак, бу ишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти