Қисқа сатрларда

Ҳамюртимиз «Тарих эътирофи» миллий мукофоти соҳиби бўлди

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

25 December, 2024, 12:48

Жамият

ОҲ, СЕНИНГ ЁШЛИГИНГ МЕНДА БЎЛСАЙДИ

  • 25.Февраля.2021
  • 1191

ЁХУД ПРЕЗИДЕНТ НАМАНГАНДАГИ УЧРАШУВДА ЭЪТИРОФ ЭТГАН ЁШЛАРНИНГ ТААССУРОТЛАРИ

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига амалга оширган ташрифи қизғин, самарали ва унутилмас воқеаларга бой кечди. Президентимиз қаерга бормасин, албатта, келажагимиз бунёдкорлари бўлган ўша ердаги ёшлар вакиллари билан кўпроқ мулоқот қилди, дилдан суҳбатлашди, кайфиятини суриштирди. «Ёшларнинг кўзида эртанги кунга ишончни кўрсам, рости, чарчоқларим чиқиб кетади. Мана шундай жонкуяр, изланувчан ёшлар ҳамма соҳаларда ўзгаришлар қилади. Биз уларга кенг йўл очиб, ҳар томонлама ёрдам беришимиз лозим», деди у ўз нутқида. Келинг, айрим йигит-қизларнинг муносабатлари билан ўртоқлашамиз.

Хумора ИНЪОМОВА,

Янгиқўрғон туманидаги «Sura General Investments» масъулияти чекланган жамиятига қарашли боғ ишчиси:

- Юртбошимиз билан юзма-юз кўришганда, тўғриси, хурсандчиликдан ҳаяжонланиб, кўзимга қувонч ёши келди. Кутилмаган саволлар бердилар, мулоҳазали жавоб қайтаришга ҳаракат қилдик. «Сизларнинг ишли бўлганларингни, кайфиятларингни кўриб хурсандман. Йўлларингизни топиб, иш билан бўлиб, бирингизни икки қилиб, фарзандлар камолини кўриб яшасаларингиз - менинг энг катта мақсадим шу. Бунинг учун шу билан чегараланмай, кўпроқ билим олишингиз, китоб ўқишингиз, янги марраларга интилишингиз керак. Қийинчиликлардан, синовлардан хафа бўлманглар. Ҳаёт мактабини ўтаган инсон дунёга бошқача қарайди. Сизларга ўхшаган интилувчан, эртанги кунига бефарқ бўлмаган, касб-ҳунарли ёшлар бошқа тенгдошларига ўрнак бўлиши даркор», деганларида бундай ғамхўрлик, мақтов ва эътибордан бошимиз кўкка етди. Уларга олий ўқув юртига кириб, таҳсил олиб, ишончингизни оқлайман, деганимда «Қизим, сиз ўқишга кирдингиз!» дедилар. Ҳаётимдаги энг зўр хушхабардан жуда бахтлиман ва Президентимиздан миннатдорман.

Ҳозир деҳқончиликка қаттиқ бел боғладим, корхона боғидан 20 сотих ер ажратишди, унга 600 килограмм картошка уруғини экдим. Худо хоҳласа, 4-4,5 тонна ҳосил йиғиб, бозор нархида ҳисобласак, 12-13 миллион сўм даромад олишим мумкин. Фурсатдан фойдаланиб, бу борада бизга кўмаклашаётган мутасаддиларга ва мутахассисларга чуқур ташаккуримни йўлламоқчиман.

 

Музаффар АҲМАДЖОНОВ,

Наманган шаҳридаги «Даштбоғ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

- Ташрифнинг биринчи кунида кеч тушиб қолганига қарамай, Президентимиз маҳалламизга келдилар. Кутилмаганда бир ҳовлига кирдилар, оддий одамлар, қўни-қўшнилар билан ажойиб гурунг бўлди. Сўнг маҳалламиздаги 3200 та иш ўрни яратилган ва теваракдаги қатор оилаларни меҳнат билан банд қилган кичик саноат зонасини кўздан кечирдилар. Қимматли таклифларини, ёрдамларини билдирдилар. «Маҳаллабай» тизимида Наманган тажрибасини яратамиз!» дедилар. Бундан руҳланиб, шу йилнинг сентябрь ойигача маҳалламизда бирорта ҳам камбағал қолдирмасликка, «маҳаллабай», «хонадонбай», «фуқаробай» услубида ишсизларни камайтиришга ваъда бердим.

Кичик саноат зонасида аёллар ва ёшлар учун ўқув моно-маркази ҳам очилди. Ўз маҳалламиздаги 150 нафар фуқарони 12 та йўналиш бўйича ўқитилади, махсус курсларга бириктирилиб, тадбиркорликка йўналтирилади. Ёнимиздаги бошқа маҳаллалар аҳлини ҳам чорлаганмиз. Мазкур моно-марказда 2 минг киши ишлаш ва ўрганиш имконияти эга. Айниқса, йигит-қизлар ҳунарли бўлиб, пул топса, бекорчилик ва молиявий қийинчилик туфайли жиноятчиликка қўл урмайди, атрофимиз тинч, кўнглимиз хотиржам туради. Хуллас, файзли гўшага айланган диёримизга инвестиция ва саноатни олиб кирдик. Мана, энди астойдил ишлаб, ўзимизни кўрсатиб, билдирилган юксак ишончга муносиб жавоб қайтарамиз. Марҳамат, сўзимиз исботини, саъй-ҳаракатларимиз натижасини келиб кузатишинглар мумкин, кутамиз!..

Ташрифнинг иккинчи кунида ўтказилган Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида фаолиятим юксак эътироф этилганидан мамнунман. Мамлакатимиз йўлбошчиси «Маҳалла ташаббускор», «Маҳаллада раис ислоҳотчи» ташаббусини илгари суриб, каминага алоҳида тўхталдилар, намуна қилиб кўрсатиб, исмимни тез-тез тилга олдилар. Мана, менга қарата айтилган ва қалбимда муҳрланган ўша сеҳрли жумлалар: «Кеча «Даштбоғ» маҳалласининг 27 ёшли раиси Музаффар билан суҳбатлашдим. Унда фидойилик, билим ва мақсад бор. Бу маҳалла жуда оғир ҳудуд. Лекин Музаффарда ҳаракат борлигини кўрдим. Музаффар, довруғинг Тошкентгача борди...»

 

Иқболжон ХОЛИҚОВ,

Наманган Давлат университети 3-босқич талабаси, Халқ депутатлари Поп туман кенгаши депутати:

- Вилоят фаоллари ва депутатлар иштирокидаги кенгайтирилган мажлисда туманимиз студиясидан қатнашдим ва сўзга чиқдим.

Сайланган ҳудудимда «Депутат сектори» деган тамойил асосида фаолият олиб бораман. Депутатлик вазифам давомида бир йил ичида мен сайланган «Олмазор», «Бодомзор», «Обод» ва «Мустақиллик» МФЙлардаги муаммолар юзасидан тегишли мутасаддиларга сўровнома йўллаб, ижросини назоратда тутиб аниқ амалий ишларни бажардик. Масалан, ичимлик суви тушириш, ички йўлларни таъмирлаш ва асфальтлаш, кўчаларга электр тармоғи, газ тортиш ва ҳоказо.

«Маҳаллабай» тизимида ҳудуддаги шароитларни яхшилаш, аҳолини рози қилиш бўйича ўз режаларимни айтганимда Давлатимиз раҳбари бирдан тилагимни сўрадилар. НамДУни битиргач, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Бошқарув академияси тингловчиси бўлиш хоҳишимни билдирдим. Шавкат Мирзиёев шу жойнинг ўзида академия ректорига бу ҳақда топшириқ бердилар ва орзуим ушалди. Қолаверса, вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовга «Бу йигитни ўзингизга ёрдамчи қилиб ёнингизда олиб юрасиз!» дедилар.

 

Шоира МАШРАБОВА,

Наманган шаҳридаги 26-Меҳрибонлик уйининг 11-синф тарбияланувчиси:

- «Қора машиналарда Президент келди!» деган қийқириқни йўлакда эшитибоқ ташқарига югурдик. Отамиз билан дийдорлашдик, учрашувда бизни доимо қўллаб-қувватлашларини қайта-қайта таъкидладилар. Онажонимиз, яъни директоримиз Дилором оя ва тарбиячи опажон-акажонларимиз бизга аъло даражада қарашаётгани, доимо гавжум ва интиладиган тўгаракларимиз, тасвирий санъат курси тўғрисида сўзлаб бердим, чизган суратларимизни кўрсатдик. «Бошқа тенгдошларингга қараганда энг ақлли ва бахтли бўлишларинг учун ҳамма нарсага тайёрман! Сизларга нималар керак?» деб сўрадилар. Менга ва яна бир шеригим Муҳаммадюсуф Тўхтасиновга «Сизлар ўқишга грантга кирасизлар!» дедилар. Эҳ, Наманган Давлат университетида ўқиш орзуим ушалганидан роса хурсандман ва бу имтиёзга, ишончга жавобан келажакда етук рассом бўлиб етишаман, Худо хоҳласа. Кетар чоғларида ҳаммамиз билан эсдалик учун суратга тушдилар. Хайрлашаётганларида ҳокимларга «Қаранг, қандай чиройли-чиройли болалар, қизлар. Уларнинг бу ерда бўлмасликлари учун оилалар соғлом, аёллар билимли, ҳунарли бўлиши муҳим. Ҳар бир боланинг кўнглидаги гапни билинглар, барча шароитни муҳайё қилинглар!» деганлари қулоғимга чалинганида беҳад шодландим.

Юртбошимизнинг ташрифи биз учун катта совға бўлди. Орадан бир кун ҳам ўтмай вазирлар, мутасаддилар Меҳрибонлик уйимизга келиб, бизга ноутбук, планшет, уяли телефон, магнитафон, мусиқий чолғу асбобларидан иборат Президент совғаларини тантанали топшириб кетишди.

 

Нозима АКБАРОВА,

Ёшлар иттифоқ Мингбулоқ туман бўлими жамоатчи ходими:

- Вилоятимиз фаоллари қатнашган йиғилишда муҳтарам Президентимизнинг «Бугун ёки ҳеч қачон» деган сўзлари юрагимгача етиб борди. Яъни ҳозир бизга берилган вақт ва имкониятлардан ўрнида, унумли фойдаланишимиз, шу орқали ватанимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарурлигини яна бир карра англадим. Учрашувда Мингбулоқ туманидаги 1563 нафар ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича қисқача таклифимни билдирдим. У ҳудудимиздаги нефть кони билан боғлиқ эди. НамДУ қошида нефть ва кончилик кафедрасини ташкил этиш, тумандаги моно-марказларда шу йўналиш бўйича ўқув курсларини жорий қилишга оид мурожаатимга ижобий муносабат билдириб, масъулларга кўрсатма бердилар.

Дарвоқе, вилоят фаоллари йиғилишида сўзга чиққан вилоят ички ишлар бошқармаси ёшлар етакчиси, 31 ёшли косонсойлик Достонбек Абдуқаҳҳоровни давлат раҳбари саволга тутди ва самимий суҳбатлашди. Унинг маҳаллабай ишлаш тизими бўйича фикрларини тинглади ва маъқул келиб, уни дарров Наманган шаҳар ҳокимининг ўринбосари лавозимига тайинлади.

«Янги Ўзбекистон» мухбири Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь