ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35103
22 December, 2024, 02:15
Қонунларимизда оилавий зўравонлик учун аввал маъмурий, қайта содир этилган тақдирда, жиноий жавобгарлик белгиланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддаси, яъни оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик белгиланиб, худди шу ҳаракатларни бир йил ичида қайта содир этган тақдирда Жиноят кодексининг 1261-модда, яъни оилавий (маиший) зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Қонун мазмунига кўра, оилавий (маиший) зўравонлик, деганда хотини (эри), собиқ хотини (собиқ эри), бир рўзғор асосида биргаликда яшовчи шахс ёки умумий фарзанди бўлган шахсга нисбатан мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мулки ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек, шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, соғлиқнинг ёмонлашувига олиб келган бўлса ҳамда башарти Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса, кодекснинг 592-моддаси 1 қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 дан 20 бараваригача (3 000 000 сўмдан 6 000 000 сўм) жарима солишга ёки 10 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Агар ушбу ҳаракатлар юқорида кўрсатиб ўтилган шахсларни дўппослаш, ушбу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказишга сабаб бўлса, кодекснинг 592-моддаси 2 қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 дан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Агар ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса ҳамда башарти бошқа жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, Жиноят кодексининг 1261-моддаси 1 қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 дан 30 бараваригача жарима ёки 160 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ушбу модданинг бошқа қисмларида ўша ҳаракатларни оғирлаштирувчи ҳолатларда, яъни шахсга қасддан баданга енгил, ўртача ва оғир шикаст етказганда, икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан, ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан ўта шафқатсизлик билан ғаразли ниятларда, диний таассублар замирида, бир гуруҳ шахслар томонидан, ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса, 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.
Жиноят кодексининг 1413-модда, яъни шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи модда билан тўлдирилди. Унга кўра товламачилик аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шахсий розилигисиз яланғоч ҳолдаги фото, видеотасвирини ўз ичига олган ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш ёки бундай ахборотни тарқатиш билан қўрқитиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг 400дан 600 бараваригача (120 млн.дан 180 млн. сўмгача) жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Қонунчиликдаги бу ўзгаришлар инсонлар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.
Н. ТОЖИЕВА,
Наманган туманлараро маъмурий суди судьяси.
М. РАҲИМОВ,
Наманган туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти