Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

22 December, 2024, 10:02

Жамият

Ҳоким ёрдамчилари фаолияти қандай самара бермоқда?

  • 15.Июня.2022
  • 723

Вилоятимизда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимиз миқёсида илк маротаба маҳаллабай ишлаш ва ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилган ишларни кенг кўламда таништиришга бағишланган пресс-тур ўтказилди.

Тадбир аввалида, Наманган шаҳридаги «Ишга марҳамат» моно марказида матбуот анжумани ташкилланиб, унда жорий йилнинг ўтган беш ойи мобайнида вилоятимизда маҳаллабай ишлаш ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилган ишлар, келгуси режалар ҳақида маълумотлар берилди. 
– Айни пайтда вилоятимиздаги мавжуд маҳаллаларда 784 та ҳоким ёрдамчиси фаолият юритмоқда, – дейди вилоят Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шокиржон Имомов. – Улар томонидан вилоятдаги 522 минг 500дан зиёд хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилди. Хатлов давомида 224 минг 100дан ортиқ хонадоннинг доимий даромад манбаига эга эканлиги, 94 минг 100 дан зиёд хонадоннинг даромади камлиги, бироқ уларда камбағалликдан чиқиш учун интилиш борлиги аниқланди. Шунингдек, ҳудудларда инфратузилма билан боғлиқ қатор муаммолар ҳам борлиги кўзга ташланди. Фуқаролардан газ таъминотига доир 1 минг 771, электр энергиясига оид 1 минг 23, сув таъминоти масалаларида 338, йўл-транспортга тегишли 296 та мурожаат келиб тушди. Қолаверса, ўрганишларимиз давомида меҳнатга лаёқатли бўлган 78 минг 800 нафар фуқаро борлиги аниқланди.
2022 йилнинг ўтган даврида ҳоким ёрдамчиларининг ташаббуси билан вилоятда 140 минг 300 та иш ўрни яратилди. Аҳоли фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш, камбағалликдан чиқариш, ҳудудларда кичик бизнесни жадал ривожлантириш мақсадида 7 минг 300 фуқарога 150 миллиард 300 миллион сўм миқдорида кредит, 1 минг 790 кишига эса 2 миллиард 300 миллион сўм субсидия, 45 минг 800 фуқарога 10 йил муддатга ижара асосида ерлар ажратилди. Бунинг натижасида шаҳар ва туманларда 4 минг 600 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. 68 минг 600 киши ўзини ўзи банд қилди. 8 минг 867 фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Инвестиция дастурига киритилмаган 1,7 минг та «Маҳаллабай» лойиҳаси шакллантирилди. 
Дарвоқе, вилоятдаги маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари» ҳудудларнинг анъаналари ва турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда белгилаб олинди. Хусусан, маҳаллаларнинг 202 таси деҳқончилик, 72 таси кичик ишлаб чиқариш, 45 таси паррандачилик, 101 таси хизмат кўрсатиш, 154 таси чорвачилик каби драйверларга ихтисослаштирилди.
Пресс-тур иштирокчилари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги «Ишга марҳамат» моно маркази фаолияти, ундаги шарт-шароитлар, ўқитиш йўналишлари, жалб этилган мутахассислар билан таништирилди. Ҳозирга қадар ушбу масканда 28 та йўналишда 1,5 минг нафар ишсиз фуқарони касб-ҳунарга ўқитиб, мутахассислиги бўйича иш билан таъминланди. Йил якунигача эса 3 минг нафар ишсиз фуқаро турли касб-ҳунарга ўқитилиб, бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.
– Моно марказ очилгани айниқса, биз ўқувчи-ёшларни дарсдан бўш вақтларимизда, ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказишимизда муҳим аҳамият касб этмоқда. «Архитектура ва дизайн» ўқув марказида ўзим қизиққан соҳа бўйича билим-кўникмалар оляпман, – дейди Наманган шаҳридаги 51-сонли умумтаълим мактаби юқори синф ўқувчиси Муҳаммаджон Камолиддинов. – Курсимиз очилганидан буён мен каби 120 нафар ёш даромад манбаига эга бўлдик. Чет эл дизайнерларининг ишларидан намуналар олган ҳолда, уй ва ташкилотларнинг ташқи фасади, кўпқаватли хонадонларнинг интерьер дизайнларини ишлаб чиқиш бўйича буюртмаларни бажариб келмоқдамиз. Ҳозирда ойлик даромадимиз 3-4 миллион сўмни ташкил этмоқда. Келгусида архитектура ва дизайн соҳасида олий таълим олиб, юртимиз равнақига ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман.   

Дарвоқе, моно марказда Германиянинг «Euro-Sсhool» халқаро бизнес таълим маркази ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда фаолият юритиб келмоқда. Айни пайтда ушбу марказда ҳоким ёрдамчилари тавсиясига асосан вақтинча ишсиз, қўшимча касб-ҳунар ўрганиш истагини билдирган 150 нафар ёш ўғил-қиз Карл Хайнц Ях бошчилигидаги хорижлик тажрибали мутахассислар қўл остида ўқитилмоқда. Бу ерда тил ўрганаётганлар келгусида олмон диёрида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ёки олий таълим муассасаларида таҳсил олишга йўналтирилади.

Наманган шаҳридаги Яккасада маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳоким ёрдамчиси Мубашшир Адҳамов томонидан чет эл инвестицияси асосида Корея Республикаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Қирол Сежонг» таълим марказида маҳалла ёшлари, хусусан махсус дафтарларда турган оилаларнинг фарзандларига хорижлик профессор-ўқитувчилар томонидан корейс тили, Корея маданияти ва урф-одатлари ўргатилмоқда. Ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган ёшлар Кореядаги етакчи «топ» олий таълим муассасаларида ўқишлари учун грантларни қўлга киритиш имкониятига эга бўлишади.
Пресс-турда Давлатобод, Янги Наманган, Уйчи, Наманган, Учқўрғон, Косонсой ва Поп туманлари ҳоким ёрдамчилари фаолиятига доир таҳлилий материаллар билан ҳам танишиб борасиз. 

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
«Наманган ҳақиқати» мухбири.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь