Қисқа сатрларда

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

«Ёнғин хавфсизлиги ойлиги»: унда барча фаол иштирок этиши лозим!

22 December, 2024, 01:27

Жамият

Ота қарғиши (суд очерки)

  • 15.Ноября.2022
  • 1555

Меҳрсизлик умр ришталарининг чок-чокидан узилиб, дарз кетишига олиб келади. Судлашаётган эр-хотин, яқинлар, ота-болалар ўртасидаги даҳанаки айтишув, жанжал, уларнинг оғзидан чиқаётган сўзлардан “Ё, алҳазар!” демоқдан ўзга чора йўқ.

Фарзанд отадан юз ўгирса, ота ўз зурриёдини дуоибад қилса...
Қани меҳр, қани оқибат, аждодларимиз асрлар, минг йиллар мобайнида эъзозлаб келган қадриятлар?!
Нега уларни бой беряпмиз, бунга сабаб нима, дея бонг ургинг келади.
Суд жараёни тугагач, отанинг қизига “Сендан у дунёю бу дунё рози эмасман, косанг оқармасин!”, деган сўзларини эшитиб, караҳт бўлиб қолдим, қалбим зир титради.
Бунга сабаб нима эди?
Носир ота ҳамда Собира ая (исмлар шартли) турмуш қурганларида жуда ёш эдилар. Умр йўлларидаги ўнқир-чўнқирлардан эр-хотин бир-бирларига елкадош бўлиб, меҳр бериб сабр-қаноат билан ўтиш, турмуш ташвишлари, ҳаёт синовларию қийинчиликларни биргаликда енгиш ўрнига уч фарзандли бўлганларида ажрашиб кетишди. 
Собира уч фарзандини олиб, ота-онасининг уйига кетди. Носир эса иккинчи, учинчи, тўртинчи ва ҳатто бешинчи маротаба уйланиб ҳам турмушидан тинчимади. Бешинчи хотини икки нафар фарзандини унга ташлаб кетиб қолганига ҳам мана ўн йилдан зиёд вақт ўтди.
Турмушнинг мушти бор, рўзғорнинг эса ғори, дейдилар.
Буни тўлдириш осон эмас.
Собира уч фарзанди билан моддий жиҳатдан қийналиб, эридан алимент ундириш учун судга мурожаат қилди. Суд қарори билан алимент белгиланганига қарамасдан Носир ҳеч қаерда ишламагани туфайли ундан алимент пулларини олиш имкони бўлмади. Хуллас, отадан умид бўлмагач, Собира фарзандларини онасига ташлаб, ишлаш учун Россияга кетди.
Болалар вояга етдилар. Носир ота эса бешинчи хотини ташлаб кетган қарамоғидаги икки вояга етмаган фарзандини боқишга қийналиб қолдими ёки бошқа мақсаддами Собира аяга телефон орқали боғланиб, ногиронлигини пеш қилиб, у билан қолган фарзандларининг ўзидан хабар олиб туришларини талаб қила бошлади.
Фарзандлар ўз хоҳиши билан отадан хабар олмагани боис Носир ота улардан ўзи учун алимент ундириш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилди.
Тўғри, Ўзбекистон Республкаси Конституциясининг 66-моддасида “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”, деб белгиланган.
Суд  мазкур даъвони кўриб чиқиб, Носир ота фойдасига уч фарзандидан алимент ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Носир отанинг катта қизи Замира суд мажлисида “Нега бизга қарамаган, боқиб-тарбияламаган, катта қилмаган, ҳатто ёшлигимизда, қийналганимизда алимент тўламаган отага биз алимент беришимиз, уни моддий жиҳатдан таъминлашимиз керак? “, деган савол билан Носир отага юзланди. Ота эса ҳеч бир хижолатсиз қизига “Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам тўлайсан”, деган нигоҳ билан унга қараб, мазаҳ қилгандек бўлди.
Собира ая қонун талабларини билгани учун алимент даъвосини қайтадан очиб, ижро ҳаракатларини тиклатди. Қараб турибсизки, Носир отанинг алиментдан бўлган қарздорлиги қалқиб чиқди. Албатта, бундай довюракликни собиқ турмуш ўртоғидан кутмаган эр бор аламини қизидан олиб, суддан сўнг қизини юқоридагидек дуоибад қилди.
Бир вақтлар алимент тўламасдан, ёпиқлик қозон, ёпиқлигича қолади, деб адашган Носир ота энди уч нафар фарзанди моддий таъминоти учун алимент беришга мажбур. Унинг отадан меҳр кўрмаган фарзандлари эса оталарига алимент тўлайдилар. 
Носир отанинг бу ҳоли “Нима эксанг, шуни ўрасан”, деган халқ мақолини ёдга солади.
Ҳаёт синовларга тўла, умр йўллари текис ва равон эмас. Сабр-қаноат, ўзаро меҳр, аҳиллик ва оқибат билангина бу йўллардан ўтиб, саодатга эришмоқ, ҳаловат топиб ҳаёт кечирмоқ мумкин.
Меҳрсизлик, муросасизлик охири парокандалик бўлган афсус ва надоматдан ўзгасига элтмайди.

Муҳайё ДЕДАМИРЗАЕВА,
Наманган вилоят судининг судьяси.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь